Олий лига: энг кам мағлубият «Обод»да, энг кўпи эса «Андижон»да...

17 апрель, 14:05 404

Олий лига: энг кам мағлубият «Обод»да, энг кўпи эса «Андижон»да...

 

2005 йил 6 июлда ташкил топган «Бунёдкор» олий лигага илк марта 2007 йили ташриф буюриб, якунда кумуш медаль соҳибига айланганди. 2007-2008 йилларда «Қурувчи» номи остида фаолият юритган жамоа 2009 йили бутун мавсумни мағлубиятсиз ўтказди (28 ғалаба, 2 дуранг). Бундай ҳолат олдин «Нефтчи» (1994 йил, 21 ғалаба, 9 дуранг) ҳамда «Пахтакор» (2007 йил, 26 ғалаба, 4 дуранг) билан ҳам юз берганди. «Шерлар» кейинроқ яна бутун мавсумни мағлубиятсиз ўтказишни уддалашган (2014 йил, 23 ғалаба, 3 дуранг).

2017 йил 6 апрель санасида «қалдирғочлар» ўз уйларида Зарафшоннинг «Қизилқум» клубини қабул қилиб, ўз тарихларида (олий лига доирасида) 30-марта имкониятни бой беришди. Бу клуб 2007 йилдан буён элитада иштирок этаётган бўлса, унинг ҳисоб бўйича 30-мағлубияти орадан 10 йил ўтиб юз берди. «Бунёдкор»ни енгиш атиги 13та клубга насиб қилган. Жамоанинг энг йирик мағлубияти 0:3 бўлиб, бундай ҳисоб бир марта учраган. «Қалдирғочлар»нинг олий лигада жами 284та ўйин ўтказишганини инобатга олсак, мағлубиятлар жами ўйинларнинг 10,6 фоизини ташкил этиши ойдинлашади.

«Металлург» (2007 йил), «Пахтакор» ва «Насаф» (2014), «Нефтчи» (2015 йил) бир мавсумнинг ҳар икки даврасида «Бунёдкор»ни енгган камсонли клублардир. Айни пайт олий лига жамоалари орасида ундан кам мағлубиятга учраган жамоа - «Обод» (20та мағлубият). Ҳозирча элитада энг кўп енгилган клуб ўтган йил якунларига кўра, биринчи лигага тушиб кетган «Андижон» бўлиб турибди (328та мағлубият).

Эслатма, сўнгги - 6-тур натижалари инобатга олинмаган

Манба: interfutbol.uz