Олий лигадан хорижга йўл олган ва жамоасини алмаштирган ўзбекистонлик футболчилар

 

Ҳозирги кунда барчанинг диққати Хитойга қаратилган. Бутун дунё жамоатчилигини ўзига “ром” этаётган хитойликлар навбатдаги шов-шув арафасида туришибди. Яъни, “Тянжин Цюаньцзянь” клуби Диего Костани ўз сафига қўшиб олиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Лондонликлар бу масалани ёзда ҳал қилишларини маълум қилишди. Аммо Хитой клуби президенти ёзгача кутиб ўтиришни истамаяпти.

Хитойда мана шундай дув-дув гаплар! Ўз навбатида бизнинг мухлисларимиз ҳам Ўзбек футболида қандай трансферлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистондан ёки чет-элда тўп тепаётган футболчиларимиз қайси жамоалар сафини тўлдиришаётганига қизиқишлари табиий. Шу мақсадда биз сизларнинг қизиқишларингизни инобатга олиб ушбу маълумотларни тақдим этмоқчимиз.

Қуйида расман тасдиқланган футболчиларнинг кўчиб ўтишлари билан таништириб ўтамиз.  

Одил Аҳмедов “Краснодар”дан Хитойнинг “Шанхай СИПГ” клубига ўтди

Бир неча ҳафта олдин Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов Хитойнинг қайси клубига ўтиши мумкинлиги тўғрисида кўплаб хабарлар тарқалганди. Якунда “Краснодар”нинг собиқ футболчисини Виллаш-Боашнинг шахсан ўзи “Шанхай СИПГ”га таклиф қилди. Бунга эса Одил "лаббай" деб жавоб берди. Олдин Халкка қарши майдонга тушган ва телеэкранда Оскарнинг ўйинларини томоша қилган Одил энди улар билан бир жамоада ҳаракат қилмоқда.  

Қолаверса, Аҳмедов бугунга келиб шанхайликларнинг доҳадаги сўнгги ўртоқлик ўйинида ўзининг биринчи голини уришга ҳам эришди.  

Санжар Турсунов “Ворскла”дан Қатарнинг “Ал Ҳарайтият” клубига ўтди

Ўтган йили бир мунча вақт Қатар чемпионатида фаолият олиб борган Санжар Турсунов кейинчалик Украинага қайтиб кетганди. Украинада ўзининг собиқ жамоасига бориб қўшилган Турсунов яна Осиёга қайтишга қарор қилди.

26 декабрда Қатарнинг “Ал Ҳарайтият” жамоаси билан шартнома имзолаган ҳамюртимиз Қатарликлар билан бир ярим йиллик келишувни имзолаган.

Фозил Мусаев “Насаф”дан Япониянинг “Жубило Ивата” клубига ўтди

Фозил Мусаев Қаршининг “Насаф”идан Япониянинг “Жубило Ивата” клубига кўчиб ўтди. Бу ўзбек футболида янги саҳифа очилишидан дарак эди. Чунки Фозил Японияда тўп тепадиган биринчи ўзбек футболчисига айланди.

Эрон – Ўзбекистон - Япония йўналиши бўйлаб парвоз қилган ярим ҳимоячи японияликлар билан 2+1 кўринишида шартнома имзолади.

Фарҳод Тожиев "Олмалиқ"дан Малайзиянинг “Т-Тим” клубига ўтди

Ўтган йили Олмалиқнинг “Олмалиқ” жамоасида тўп тепган Фарҳод Тожиев бир неча кун олдин легионерга айланди. Олмалиқда ярим йил фаолият олиб борган ҳужумчи яна Малайзия чемпионати томон йўл олди.

Олдин ҳам “Т-Тим”да ҳаракат қилган Тожиев яна ўзининг собиқ жамоасига қайтди. Ҳозирча томонлар қанча муддатга шартнома имзолашгани борасида маълумотлар йўқ. Аммо катта эҳтимол билан ҳужумчи малайзияликлар билан бир йиллик келишувга эришган бўлиши мумкин.  

Сервер Жепаров “Локомотив”дан Эроннинг “Истиқлол” клубига ўтди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланган Сервер Жепаровга яна хориждан таклиф бўлди. Бу гал Эрондан. Ўтган йили “Локомотив” билан Ўзбекистон чемпиони ва Кубогини қўлга киритган Жепаров Эроннинг “Истиқлол” клуби билан бир ярим йиллик битимга имзо чекди.

Қизиқ томони шундаки, кейинги мавсум учун юқори мақсадлар қўяётган “темирйўлчилар” Жепаров ортидан жамоа тўпурарини ҳам “кузатиб” қўйишди.  

Темурхўжа Абдуҳолиқов “Локомотив”дан Қатарнинг “Ал Сайлия” клубига ўтди

Ўтган мавсумни омадли ўтказган футболчилардан бири шубҳасиз Темурхўжа Абдуҳолиқовдир. У 2016 йилда Ўзбекистон чемпиони, Кубоги соҳиби ва олий лига тўпурарига айланди. Бу ҳозирча ҳужумчи фаолиятида энг яхши мавсум деб бемалол айта оламиз.

Бир неча кун олдин форвард биринчи марта Самвел Бабаян бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинига жалб этилганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Темурхўжа Қатарнинг “Ал Сайлия” клубига кўчиб ўтди. Энди терма жамоамиз аъзоси Қатар Юлдузлар лигасида бир ярим йил фаолият олиб боради.

Жавлон Гусейнов “Андижон”дан Таиланднинг “Чаинат Хорнбилл” клубига ўтди

Ортда қолган мавсум якунларига кўра Биринчи Лигага йўл олган “Андижон” жамоасини бир қатор маҳоратли футболчилар тарк этишмоқда. Андижонликлар сафида анча мазмунли ўйин намойиш этган ҳимоячи Жавлон Гусейнов ҳам энди фаолиятини бошқа жамоада давом эттиради.

Тажрибали ўйинчи Таиланднинг “Чаинат Хорнбилл” клуби сафига бориб қўшилди. Шу тариқа, Жавлон Гусейнов янги мавсумни таиландликлар сафида бошлайди.

Алишер Азизов “Обод”дан Қирғизистоннинг “Дордой” клубига ўтди

Тошкентнинг “Обод” клуби футболчиси Қирғизистон чемпионатига йўл олди. Сўнгги икки мавсумни “Обод” жамоасида ўтказган, клубни олий лигага чиқишида катта ҳисса қўшган, 2015 йил Ўзбекистон биринчилиги баҳслари тўпурари бўлган Алишер Азизов фаолиятини яқин хорижда давом эттиради.

Ҳужумчи бир неча кун олдин Қирғизистоннинг “Дордой” жамоаси билан бир йиллик шартномага имзо чекди. Энди шу тариқа, Алишер Азизов Қирғизистон чемпионатида тўп тепадиган бўлди.

Санжар Шоаҳмедов “Локомотив”дан Қатарнинг “Ал Сайлия” клубига ўтди

Ўзбек футболидаги энг қайноқ трансфер шубҳасиз Санжар Шоавмедов билан боғлиқ. Чунки айнан “Локо”нинг собиқ аъзоси бугун “Ал Сайлия” билан шартнома имзолади.

Эътиборлиси, Шоаҳмедов Темурхўжа билан бирга бир жамоада ва бир хил муддатга мўлжалланган битимни имзолаган. Яъни, Санжар энди бир ярим йил Қатар чемпионатида тўп тепади.  

Бекзод ИСАЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!