“Олмалиқ” – “Пахтакор”. Учрашув рақамлари ва маълумотлар

13 июнь,2017, 10:00 169

“Олмалиқ” – “Пахтакор”. Учрашув рақамлари ва маълумотлар

 

15 июнь куни Олий лига 13-тур доирасида "Пахтакор" жамоаси сафарда "Олмалиқ" меҳмони бўлади. Виктор Кумиков бошчилигидаги "Олмалиқ" охирги 8 учрашувда мағлубиятга учрамасдан келмоқда.

Жамоа ўз майдонида 5 беллашувда тўп ўтказиб юбормади. Охирги саккиз ўйинда фақат бир марта олмалиқликлар дарвозаси ишғол қилинган. Кетма-кет 4 жамоа дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Жамоамиз мезбонларнинг бу сериясига барҳам беришга интилади.

"Пахтакор"нинг терма жамоага чақирилган ўйинчилари 13 июндан таркибга қайтиб, учрашувга тайёргарлик кўраётганлар сафига қўшилишади. Беллашувни жамоамиздан Азим Аҳмедов ўтказиб юборса, мезбонлардан легионер ҳимоячи Владислав Касминин майдонга туша олмайди. Ҳар икки футболчи дисквалификацияга учраган.

Олий лига тарихида жамоалар 18 учрашувда тўқнаш келишган. "Пахтакор" 13 ўйинда ғалабага эришган. 2 ўйин дуранг билан тугаган ва рақиб 3 бор муваффақият қозонган. "Олмалиқ" дарвозасига 28 гол урган "шерлар" 10 тўп ўтказиб юборишган. Олмалиқда кечган беллашувларда жамоамиз 7 ғалаба ва 2 мағлубиятни қайд этган.

Беллашувда Виктор Серазетдинов бошлиқ ҳакамлар гуруҳи ишлайди. Жорий мавсум у Муборакда "Машъал"га қарши учрашувни бошқарган ва ўшанда "Пахтакор" 0:3 ҳисобида имкониятни бой берганди. Маъмур Саидқосимов ва Равиль Шояхметов ёрдамчи ҳакамлар вазифасини бажаришади.

Ёшлар таркиблари учрашуви 14 июнь, "Металлург" стадионида 17:45да бошланади. Асосий жамоалар ўйини 15 июнь куни ОКМК стадионида 19:00да старт олади.

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.