“Олмалиқ”: Биринчи давра якунлари

 

Жорий мавсумда Ўзбекистон миллий чемпионатида ўнинчи марта иштирок этаётган "Олмалиқ" жамоасининг биринчи даврада қайд этган натижаларини қониқарли дейиш мумкин. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. 

“Олмалиқ” жамоаси раҳбарияти ва мураббийлар штабида мавсум арафасида катта ўзгаришлар амалга оширилди. Жамоага россиялик мутахассис Виктор Кумиков бош мураббий этиб тайинланди. Янги мавсумга ҳозирлик 2016 йилнинг декабридан бошлаб юборилди. Жамоа аъзолари дастлаб Тошкентда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишди. Кейинги икки йиғин Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтди.

Жамоа мураббийлар штаби билан биргаликда кўпгина футболчилар ҳам клубни тарк этишди. Таркиб деярли 90%га янгиланди. “Олмалиқ”нинг хорижий йиғинлари режалаштирилганидек ўтди. Бир кўринишда олмалиқликлар мавсумга шай ҳолатда эди. Афсуски, бу дастлабки турларда ўз натижасини бермади. Дастлабки 4 турда 1 очко жамғарган жамоа турнир жадвалида сўнгги поғонани банд этиши кўпчиликни ҳайрон қолдирди. 4-турда Тошкентда “Локомотив”дан йирик 0:5 ҳисобида енгилган "Олмалиқ" кейинчалик ирода намойиш эта олишди. Жорий мавсумнинг дастлабки ойида қайд этилган манфий кўрсаткичлар ўрнини тез орада ижобий натижалар эгаллай бошлади.

Биринчи давра якунига кўра клуб 24 очко жамғарган ҳолда тўртинчи ўринни банд этган. Бунга жамоа аъзолари ҳамжиҳатликда ва тинимсиз машғулотлар ўтказиш орқали эришишди, десак асло муболаға бўлмайди. Тўғри, жамоа бу мавсумда рақиб дарвозасига жуда кам гол урмоқда. Бироқ улар ўз дарвозалари дахлсизлиги борасида ҳам яхши кўрсаткичга эгалар. “Олмалиқ” чемпионатнинг охирги 11 ўйинида ўз дарвозасидан 2та тўп олиб чиқди. Рақиблар дарвозаси эса 10 марта ишғол этилди.

Жамоанинг шу кунга қадар мағлубиятси серияси 7 ўйиндан иборат эди. Ҳозирда бу кўрсаткич 11 ўйинга етди. Умид қиламизки, иккинчи даврада бу натижа янада яхшиланади. Шунингдек, “Олмалиқ” жорий мавсумда ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбормаган ягона жамоа бўлиб турибди. 7 ўйинда 4 ғалаба, 3 дуранг, тўплар нисбати 6-0.

Жамоа шарафини ўтказилган 15 учрашувда 20 футболчи ҳимоя қилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!