Олтин медаллар талаш бўлган мусобақада Шермуҳаммад полвон супер "иппон"га эришди
Чирчиқ шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Учқун Муродов хотирасига бағишланган Осиё кубоги мусобақасида қитъамиздан ташқари Европа ва Шимолий Американинг 10 та мамлакатидан 160 нафарга яқин дзюочи ғолиблик учун куч синашди.
Иккинчи кунги беллашувларда олтин медаль учун кураш қизғин кечди. Ўсмирлар баҳсида Ўзбекистон, Тожикистон ва Эрон дзюдочилари ўз маҳоратини намойиш этди. 90 килограмм вазн тоифасидаги финал учрашувида икки ўзбек полвони - Шермуҳаммад Жандреев ва Муҳриддин Тилаков ўзаро беллашувди. Ушбу баҳсда Шермуҳаммад рақибини 39 сония ичида "иппон" баҳоси билан енгди.
Вазни 81 килограмм бўлган полвонларнинг сўнгги учрашувида Тожикистондан келган дзюдочилар - Жаҳонгир Мажидов ва Раҳматуллобек Фарҳодов ўзаро рақобатлашди. Бу баҳсда Жаҳонгир соф ғалабага эришди.
Оғирлиги 100 килограмм бўлган дзюдочиларнинг финал баҳсида тожикистонлик Темур Раҳимов ҳамюртимиз Аловиддин Жўрақуловни енгди. Ўта оғир вазн тоифасида эронлик Ҳамидризо Маликзода ўзбекистонлик Алишер Юсуповни енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Қизлар мусобақасида ўзбекистонликлардан Олмахон Эгамбердиева, Нодира Йўлдошева, қозоғистонлик Иоланта Бердибекова ҳамда қирғизистонлик Диана Миналиева шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Чирчиқ шаҳридаги Осиё кубоги якунларига кўра умумий ҳисобда 9 та олтин, 10 кумуш ва 13 та бронза медаль жамғарган Ўзбекистон терма жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Кейинги поғоналар Тожикистон ва Эрон дзюдочиларига насиб этди.
Фикрлар