Ўзбек боксчилари "Қирол кубоги"да рақибларини "ер тишлатмоқда"
Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида юқори нуфузли мусобақа - бокс бўйича "Қирол кубоги-2017" халқаро турнирида йигирма яқин давлатдан келган энг кучли боксчилар совринли ўринлар учун курашни бошлади.
Ушбу нуфузли мусобақада юртимиз шарафини Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркиби аъзолари - Олимпия чемпионлари Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Олимпия ўйинлари кумуш медаль соҳиби Шаҳрам Ғиёсов, Олимпиада совриндори Муроджон Аҳмадалиев, ўз вазн тоифасида етакчи боксчилар - Элнур Абдураимов, Исроил Мадримов, Жасур Латипов ҳимоя қилмоқда.
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизматидан SPORTS.uz ахборот порталига маълум қилишларича, жаҳон чемпионатлари совриндори Жасур Латипов биринчи учрашувда непаллик Прем Чаудхарини катта устунлик билан мағлубиятга учратди.
Истеъдодли боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов эса мўғулистонлик Бямба Тушинбатга қарши рингга чиқиб, рақибидан ҳар томонлама устунлигини исботлади.
Куни кеча "Uzbek Tigers" жамоаси сафидаги ғалабаси билан ўзбек бокс мухлисларини хурсанд қилган Исроил Мадримов таиландлик боксчи Ютхапонг Скадон устидан зафар қучди.
Мусобақада иштирок этаётган Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Муроджон Аҳмадалиев ва Элнур Абдураимов беллашувларга иккинчи босқичдан қўшилади.
Мусобақага оид энг сўнгги хабар ва янгиликларни SPORTS.uz ахборот портали орқали кузатиб боринг!
Фикрлар