Ўзбек дзюдочилари Гран-при шоҳсупасида

Пойтахтимиз мезбонлик қилаётган дзюдо бўйича Гран-при турнирининг дастлабки кунида Ўзбекистон спортчилари бир жуфт бронза медалга сазовор бўлди.

Эркаклар ўртасида 60 килограмм вазн тоифасида ўтказилган беллашувларда муваффақиятли иштирок этган  Шарофиддин Лутфуллаев ва Муҳриддин Тиловов бронза медаль учун ўтказилган баҳсда, ўзаро рақобатлашди.

Тажриба ва маҳорат бобида рақибидан устунлик қилган Шарофиддин "иппон" баҳоси билан ғалаба қозониб, шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди.

Оғирлиги 66 килограммгача бўлган дзюдо усталари баҳсида Сардор Нуруллаев россиялик Олим Балкаров, мўғулистонлик Алтансух Довдонни енгиб, ярим финалга чиқди. Бироқ, финал йўлланмаси учун ўтказилган беллашувда беларуслик Дмитрий Минковга имкониятни бой берди.

Сардор учинчи ўрин учун ўтказилган учрашувда исроиллик Баруч Шмаиловни кичик учтунлик билан мағлуб этиб, шоҳсупага кўтарилди.

Тошкент Гран-присининг эркаклар ўртасидаги олтин медаллари озарбайжонлик Вугар Ширинли ҳамда беларуслик Дмитрий Минковга насиб қилди.

Гран-прининг аёллар ўртасидаги баҳслари  48, 52 ва 57 килограмм тоифаларида ўтказилди. Беллашувларда спортчиларимиз совринли ўринларга эгалик қилмади. Олтин медаллар мўғулистонлик Уранцетцег Мункхбат, исроиллик Бетина Темелкова ҳамда польшалик Анна Боровскага тегди.

Тошкент гран-приси қизғин давом этмоқда.

SPORTS.uz

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!