Ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимов 74 ёшга тўлди!

14 май,2017, 12:55 324

Ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимов 74 ёшга тўлди!

 

Ўзбек футболи афсоналаридан бири – Абдураимов Биродар Ҳасанович бугун, 14 май куни 74 ёшга тўлди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий, спорт устаси, ХХ асрнинг энг яхши футболчиларидан бири сифатида тан олинган Биродар Абдураимов “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби саналади.

Афсонавий футболчи 1968 йили собиқ Иттифоқ чемпионатининг Олий лига, 1972 йили эса Биринчи лига тўпурари бўлган.

Биродар Абдураимов “Пахтакор” сафида 358 учрашувда майдонга тушиб, бу борада рекорд ўрнатган. У собиқ Иттифоқ олимпия терма жамоаси сафида ҳам тўп сурган. Катта мураббий сифатида 1994 йилги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоасининг ғолиб бўлишига ўз ҳиссасини қўшган.

Биродар Абдураимов ўзбек футболи тарихида мамлакат чемпионати ва халқаро ўйинларда 200 та гол киритган биринчи футболчи сифатида қайд этилган.

Футболчилик фаолияти давомида Биродар Абдураимов 1960–1968 ҳамда 1970–1974 йилларда “Пахтакор”, 1969/70 йилги мавсумда Москванинг ЦСКА шарафини ҳимоя қилган.

1977 йилдан Ўзбекистон клубларида мураббий сифатида ишлаган. 1994–1995 йилларда Рустам Акрамов билан биргаликда Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарган.

Унинг ўғил фарзандлари Азамат, Жасур, Баҳодир ва Ботир Абдураимовлар ҳам машҳур футболчи ва мураббийларга айланди. Хусусан, Жасур Абдураимов 2016 йили Ўзбекистон U-19 терма жамоаси билан Осиё чемпионатида иштирок этди ва чорак финалга қадар етиб борди. Айни вақтда Жасур Абдураимов Тошкентнинг “Пахтакор” клубига бош мураббийлик қилмоқда.