Ўзбек футболи ва журналистикаси ҳақида баъзи фикрлар

5 июнь,2017, 13:52 852

Ўзбек футболи ва журналистикаси ҳақида баъзи фикрлар

Эҳҳ, ўзбек футболи! Гоҳида ўйлаб қоласан, худди футбол майдонидаги ноёб футболчиларнинг “ноёб” ҳаракатларидек ҳаракат қилгинг келиб қолади. Бу сўқмоқ йўл. Анчайин қалтис йўл. Бу йўлдан ҳамма ҳам юравермайди. Айнан шу билан шуғулланамиз.

Биз бугун “икки севишган қалб” ва яна у, бу ҳақида гаплашамиз. Аниқроқ айтадиган бўлсак, гап ўзбек футболи ва футбол журналистикаси, журналистлар ҳақида.

Журналистларимиз ўзбек футболи, унинг муаммолари ва яна ким ҳақидадир, нима ҳақидадир ҳар доим ёзишади. Бу ерда ажабланадиган ҳеч нарса йўқ. Чунки бу уларнинг касб тақозаси. Ажабланарлиси шундаки, улар ҳақида ҳеч ким ёзмайди. Биз бугун энг “ноодатий”, “ностандат” усулдан фойдаланимиз. Яъни, гап, ўзбек футболи журналистлари ҳақида. Журналистларимиз учун бошқалар тутган кўзгуда ўз аксини кўриш, жуда ҳам қизиқ. Бундан уларнинг таъсирланиш доирасидаги ҳиссиётларини кўриш, мен учун, ундан-да қизиқ.

Ҳозир ҳамма ёзаяпти. Билган ҳам, билмаган ҳам.

Замонингдан ўргилай. Интернет деган бир “балои азим” чиқди. SPORTS.uz, voha.uz, uff.uz, stadion.uz, interfutbol.uz, maydon.uz, penalty.uz ва ҳаказо. Бу қора қутига бошчангизни бир қўр тиқиб олсангиз, у ерда футбол ҳақида, футболчилар ҳақида “сайланмалар” тўпламидаги энг сара ва ширадор сўкинишлардан тортиб, ўзбек футболининг глобал муаммоларигача бўлган фикрларни ўқийсиз. Интернетни бўлгани яхши, аммо унинг камчилиги шундаки, у ерда маълумот ҳаддан зиёд кўп. Нима ҳақидадир ўқишни билмайсиз-у, бирдан бошқасига ўтиб кетасиз, ундан кейингисига. Яна бошқасини бошлайсизда, бирдан бошқасига, сўнг орқага. Олган маълумотларингизни барчаси миянгизда худди “елвизак” каби айлана бошлайди, айлана бошлайди. Бироз вақт ўтиб ”елвизак” қандай пайдо бўлган бўлса, худди шундай ғойиб бўлганидек, олган маълумотларингизни барчаси хотирангиздан ўчиб кетади. Кейин савол пайдо бўлади: “мен нима ҳақида ўқидим?”.

Газеталаримизнинг ўрни бошқача. “Футбол экспресс”, “Интер футбол”, Чемпион”, “Стадион”, “Эрудит спорт” ва бошқалар. Уларда қандайдир ҳарорат бор. Нима учундир уларни ҳар доим соғинч билан кутаман. Битта камчилиги, маълумотлар анча кеч етиб келади.

Телевидения эса умуман бошқача. Унда “жонли ижро” бор. “Жонли ижро”га нима етсин! “Гол”, “FIFA” ажойиб лойиҳалар. Аммо футболимиз тарғиботи учун улар камлик қилади. “Футбол шарҳи”, “Soccer club” кўрсатувларини соғиниб қоламан.

Журналистларимизнинг қайси “маълумот ўчоғида” фаолият юритишидан қатъий назар, уларнинг ижодига ҳурмат билан қарайман.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўзбек футболи саноатида (агар уни “саноат” деб аташ мумкин бўлса) энг ривожланган соҳалардан бири, бу – футбол журналистикасидир. Ўтган давр мобайнида журналистика соҳасида кўплаб исттеъдодларни, ижодкорларни кашф қилдик. Уларни эл таниди, юрт таниди.

Ривожланган бу соҳа нуқтаи назаридан қараганда ўзбек футболи ва футболчиларига бўлган таъсири ўта юқори даражададир. Бу соҳа вакиллари улкан потенциал куч қудратга эга. Агар улар исташса, ўзбек футболини юксак чуққиларга чиқариб қўйиши ҳам мумкин, агар исташса вайронага ҳам айлантиришлари мумкин. Чунки уларнинг қўлларида қудратли даражадаги қурол мавжуд. Ўзингиз биласиз, қуролли инсонлар билан ҳазиллашиб бўлмайди…

Мен журналистларни қиёсан бўриларга ўхшатаман. Бўрилар қуюқ ўрмонзор санитарлари бўлишса, журналистлар футболимиз санитарларидир. Агар завқланиб ифодалайдиган бўлсак, бу ҳақда айнан шундай дейишга арзийди. Бўри одамлар нуқтаи назаридан қараганда, жуда бўлмағур махлуқ, лекин ҳайвонлар орасида у юқори даражада ривожланган жонивор, чунки унинг миясининг ҳажми катта. Ва яна уни қўлга ўргатиб бўлмайди.

Мамлакатимизда шундай футбол журналистлари борки, уларнинг фикри ҳамма вақт футбол соҳаси одамларининг фикрига тўғри келавермайди. Бу журналистларни эса, уларнинг қараши ҳам, фикри кўп ҳам қизиқтиравермайди. Чунки бундай футбол журналистларини футболга нисбатан, унинг атрофидаги одамлар фаолиятига нисбатан ҳам ўз қарашлари бор. Бу “ўжар” журналистларни ҳеч ким ва ҳеч нарса ортга қайтара олмайди. Улар ўзгача фикр қиладиганлар сирасига киради. Яъни “ностандарт” ўйлайдиганлардир.

Ҳар соҳада бўлгани каби, футболдаги танқидга ҳам нормал қараш керак. Боя юқорида таъкидлаганимиздек, баъзан “санитарлик” ҳам қилиб туриш керак. Аммо танқид ғаразгуй ёки бировнинг ёмон кўриш нуқтаи назаридан эмас, холисона бўлиши ва бу танқиддан одамлар ўзига тўғри хулоса чиқариши керак. Токи, танқид бир қадам олдинга ўтишга туртки бўлсин. Тан олиш керак, юртимиз футбол журналистикасида ўз ишини усталари талайгина.

Гоҳида менда шундай тасаввур пайдо бўлади. Футбол журналистларимиз ва футболимиз ҳеч келиша олмаётган эр-хотинга ўхшайди! Эр, хотиннинг юзига кўзгуни тутиб ўшқиради! “Турқингга қара, сенда лаззатланадиган, роҳатланадиган ҳеч нарса қолмади!, Кетаман!”… хотин қурмагур ҳам ўз билганидан қолмайди! Бундай “хотин”дан эр безади. Бундай ўхшатишдан албатта узр сўрайман. Аммо бундай эрлар, баъзан ўз ортидан миллионлаб  бошқаларни ҳам эргаштириб кетади.

Баъзан ўйлаб қоламан, балки бир ёқадан бош чиқариб, ўзимизнинг футболни ривожлантиришни, гўёки оҳанграбодек ўзига тортадиган нарсага айлантириш учун биргаликда ҳаракат қилиш керакдир! Майли фикрлар хилма-хилу, аммо мақсад битта бўлсин.

Бир вақтлар ўқиганим бор, журналистлар мамлакат раҳбарини, сармоядорларни футболга бўлган муносабатини, футболга бўлган меҳрини ўзгартира олган. Улар ўз мақсадларига етишмагунча. Ёзишдан тўхташмаган. Бу мамлакатда журналистларнинг саъй-ҳаракатларидан кейин, футбол ҳақиқий индустрияга айланган.

Устозимиз, футболимиз дарғаси Ахбор ака Имомхўжаевни буюк саркардага ўхшатаман. У киши ўзбек футболи журналисткасига таъмал тоши қўйган ижодкор ҳисобланадилар. У кишининг ортида қудратли кучга эга бўлган, улкан қўшин саф тортиб турибди. Бу қўшин шунчалик буюк куч-қудратга эгаки, у ҳоҳлаган “мамлакат”ни забт этишга қодир!

Қачондир, қаердадир ўзбек футболи улкан муваффақиятни қўлга киритса, билингки бу сизнинг ишингиздир, билингки, бу муваффақиятда сизнинг улкан имзоингиз бўлади!

Барчангизга ижодий парвозлар тилаб, ҳурмат билан – Маҳмаюсуф Бердиев.