Ўзбек футболи ёхуд « «Така» қаёққа қараб кетаяпти…?»

25 июнь, 12:40 836

Ўзбек футболи ёхуд « «Така» қаёққа қараб кетаяпти…?»

 

Мана ҳозир, неча бор ўтираяпман, юраяпман, баъзан стол атрофида гир айланиб югураяпман, кейин яна ўйлайман, ўйлайман, ўйлайвераман…

Сизга озор бермасдан, йиллар давомида шаклланган «хақиқат»ингиз, дунёқарашингиз ва сизнинг тўлақонлилик ҳиссиётингизга путур етказмасдан, ўз «билган»ларимни  сиз тушуна олишингиз мумкин бўлган тарзда қандай баён этишим мумкин? Гоҳида қалбимда шубҳалар оралаб қолади: «Тушунишармикин ёки тушунмасмикин…?». Шу вақтгача мени иккита инсон тушунди. Бири устозим Рустам Акрамов бўлса, иккинчиси «Voha.uz» сайтининг раҳбари Ренат Эрназаров. Шу инсонни менга топиб берганларга чексиз миннатдорчилик билдираман. Биз у киши билан жуда кўп мулоқот қиламиз ва у менга айтиб қолади: - Сиз ўз билганларингизни ёзинг, мен уни сайтга қўяман, одамлар ҳам билиши керак.

Бу мақолам ҳисоб бўйича бешинчиси. Агар уни «мақола» дейиш мумкин бўлса, албатта.  Тўртинчисини кўплаб сайтлар: «Sports.uz» ва «Voha.uz» ёритишди. Кўплаб мухлислар ўқишибди ва муносабатлар ҳам билдиришибди. «Коммент»ларнинг бирида, «Окахон, сиз «Бабаян»чи экансиз…» деган иддаосини ҳам ўқидим. Мен учун «томон»ларнинг қизиқ жойи йўқ. Мен «Бабаян»чи, «Эшматов»чи ёки «Тошматов»чи ҳам эмасман. Агар сиз учун менинг қайси томонда эканлигим қизиқ бўлса, айтаман: «ўзбек футболи ва унинг муваффақияти томонидаман».

«Така»ни танлаш имконияти на менинг, на журналистларнинг, на мухлисларнинг измида эмас. Не - не умидлар билан танланган «така» ўзбек футболини қаёққа қараб бошлаяпти – бу катта сир! Ҳаммамиз ҳам бу «така»нинг орқасидан ўша томонга қараб кетаверамиз, кетаверамиз, кетаверамиз… Анча вақтдан кейин маълум бўлишича, яна ўша ерга келиб қолибмиз.

Энди эса бошқа бировимиз эълон қиламиз: - Энди ақлимиз кирди, у «така» ҳақ эмас эканлигини биламиз. Жаноблар, бошқа яхшироқ йўлдан борамиз!

Мана, бўлди! Мангу дарбадарлик.

Ким айбдор?  Ҳеч ким!

Ким биларди, балким юксак ғоялар ҳақида гапирмаганлигим учун ўзимни ўзим айблаётгандирман. Айбдорлар эса аллақачон бу ёруғ оламни тарк этиб бўлишган. Бизни шунақа ўқитишган. Биз энг унумсиз, энг ҳосилсиз жамиятда тарбия топганмиз. Футболимиздаги кўплаб муаммоларнинг сабаблари айнан собиқ иттифоқ мафкурасига бориб тақалади, яъни реализм ва материализмга. Биз ўша мафкуранинг  тўловларини тўлаб ётибмиз. Аниқроқ айтганда, энг яхши мураббийларимиз навбати билан тўлашаяпти.

Энди навбат кимга? Ким «така» бўлишни ҳоҳлайди?

Эй, Худо! Хафа булдингизми? Сизда ҳазилни тушуниш  туйғуси туғилганингиздаёк «суннат» қилинган. Сиз ҳамма нарсани жуда жиддий қабул қиласиз. Мендан ранжимасликларингизни ўтиниб сўрайман. Ёки ранжисангиз ҳам, фақат бир зумгина, сунг дарров кечириб юборинг!

Лекин кўраяпманки, сизга зоология фани  ёқмас экан. Одамлар қизиқроқми? Яхши. Унда одамлар ҳақида гаплашамиз…

Одамлар учун сизни ташқи кўринишингиз, кийган кийимингиз, бойлигингиз ва жамиятда тутган ўрнингиз жуда ҳам қизиқ. Худо учун эса буларни ҳеч бирининг қизиқ жойи йўқ. Худо учун эса бизнинг унга бўлган муҳаббатимиз ва истак – ҳоҳишимиз, қизиқдир.

«Орзу» деб номланган китобимни тақдимотидан кейин, мени жуда ҳам хурмат қиладиган бир журналист укам: «Юсуф ака жуда ҳам содда инсонлар», деган эди. Шунисига ҳам шукур! Ҳар ҳолда, ҳурматимни жойига қўйиб, силаб – сепалаб, сиз «тентак»сиз, демади. Агар у инсон менга, «сиз тентаксиз» деганида ҳам, чин юракдан айтаман: хафа бўлмас эдим. Чунки биламан: ҳақиқий тентакларгина ҳақиқат қаерда яширинганини тахминан билишади. Албатта, у барча бир – бирига кўзини луқ қилиб ахтарадиган жойда эмас.

Бир пайтлар одамлар инсониятнинг космосга парвозини ҳам тўла ишонч билан «САФСАТА!», дейишгандилар. Бунинг учун Циалковскийни тентакка чиқаришган эдилар. Бугунги кунга келиб косманавтларнинг йиллаб космосдаги парвозининг одамлар учун қизиқ жойи йўқ.

Бундай олиб қараганда, ҳамма буюк ғоялар бошида жуда кулгили, ҳатто бемаъни, амалга ошмайдигандек туюлади. Фақат бошида. Кейин кўника бошлайсиз. Албатта, мураббийларимиз, футболчиларимизнинг бугунги кундаги фикрлаш нуқтаи назаридан олиб қараганда ўзбек футболининг «улканроқ» муваффақиятига умид қилмаса ҳам бўлади.  Аммо, бугунги кунга келиб мураббийларимиз ва футболчиларимизнинг фикрлаш тарзини, савиясини ва олдига қўйган орзу - мақсадларини ўзгартириш мумкин. Агар мен ўзбек футболчиларининг руҳиятини ва потенциал имкониятини билмаганимда, тинчгина ўзимнинг 2-лигамда мураббийлик қилиб юрган бўлардим. Лекин, айбдорлик ҳисси…Ўзимни айблайверишим, айблаверишим оқибатида ўзбек футболига битта китоб совға қилдим. Қўшимчасига 4 – 5та мақола ҳам ёза бошладим. Нима учундир, олтинчи сезгим: «гапир, гапир, гапира бошлагин…», деб минғирлагани - минғирлаган. Мантиқ эса, ўша, эски «томинг кетганми…?» пластинкасини айлантиргани – айлантирган.

Гоҳида менда шундай тасаввур пайдо бўлади, ўзбек футболининг «ёқаси»дан олганча, жон ҳолатда силкитиб, бақираман! – Ҳе - й! Тирик жон борми? Мен кимгадир керакманм-и –и? Эҳ, сизлар! Атрофда эса олий маълумотли сукунат. У хўрсинганча бошқа томонга ағдарилиб яна ғафлатга ботади. Ким биларди, балки ўзбек футболининг БУЮК муваффақияти ҳақида гапираётгандирман. Ким биларди, балки миллионлаб, миллиардлаб долларлик ғоялар ҳақида фикрлаётгандирман.

Ўзбек футболини улкан МУВАФФАҚИЯТ кутиб турибди. Бу МУВАФФАҚИЯТни қарши олиш учун муносиб тайёргарлик кўришимиз керак, холос. Ўзбек футболининг «бахти»га, ўзбек футболи журналистикаси ривожланиб қолди. Бу энг муҳим жиҳатларимиздан бири ҳисобланади. Айнан мана шу МУВАФФАҚИЯТни қарши олиш учун журналистларимиз «зарбдор куч»га айланишади. Ўзбек футболининг УЛКАН муваффақиятида, уларнинг ҳам УЛКАН имзоси бўлади, албатта.

Ўзбек футбол мухлислари ҳар доим ҳақдирлар! Чунки улар - истеъмолчидирлар. Истеъмолчилар эса ўзбек футболининг ҳар қанақа муваффақиятига буюртма беришга ҳақлари бор. «Ҳунарманд»нинг ўз «маҳсулоти»ни қандай тайёрлаши, мухлис учун ҳеч қандай қизиқ жойи йўқ. Унга замонавий ва сифатли «маҳсулот» керак. Улар ўз терма жамоасини «элит» гуруҳда бўлишини орзу қилишади. Ўзбек футболи улар олдида жуда кўп марталаб - қарздордир. Ўзбек футбол мухлиси ғалабаларга бурканиб юришга, ижобий ҳиссиётларни, эҳтиросларни бошидан кечиришга тўла хаққи бор. Улар ўз ҚАҲРАМОНларини кутишаяпти. Уларга метиндек сабр тилаб қоламан. Ҳозирча.

Мана, энди бўлди, ёзиб бўлдим, энди мени бир вақтнинг ўзида ҳар икки томондан яхшигина зарбалар кутаяпти. Зарбаларга дош бериш учун ўзимнинг камикадзелар кимоносини кийиб, онгли равишда бу фикрларга, шубҳаларга тик боришга тайёрман.

Кейинги чиқишда, ўта муҳим оғриқли «точка» ҳақида фикр юритмоқчиман. Кутинг…

 

Маҳмаюсуф Бердиев

 

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.