Ўзбек курашчилари Ашхободда фақат олтин медал учун курашишади (Репортаж)

Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтказиладиган V Осиё ўйинларига йўл олиш олдидан кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси якуний ўқув йиғин машғулотларини ўтказди.

Ушбу йиғинда терма жамоа вакиллари тўлиқ таркиб билан иштирок этишди. Машғулотларни терма жамоа мураббийлари Ризамат Солиев ва Комилжон Бўтаевлар олиб боришди. Шуни қайд этиш лозимки, ҳамюртларимизнинг айни пайтдаги жисмоний ҳолати юқори эканлигига гувоҳ бўлдик.

Хусусан, эркаклар терма жамоаси мураббийи Ризамат Солиев йиғин борасида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

Терма жамоада тажрибали спортчилар йиғилган. Йигитларнинг руҳий ҳолати анча яхши,  айни пайтда юқори даражадаги натижаларга эришамиз деган умиддаман. Спортчиларнинг тайёргарлик ҳолатидан келиб чиқиб, айни пайтда, Давлат Абраев, Шаҳрам Аҳадов, Шуҳрат Арслонов ва Муҳсин Ҳисомиддиновларнинг юқори ўринларни қўлга киритишади деган умиддаман.

Шу билан биргаликда, курашчилар билан суҳбатлашганимизда уларнинг олдинда турган мусобақада фақат ғалаба учун гиламга кўтарилишларига гувоҳ бўлдик. Хусусан, терма жамоа етакчиларидан бири Шуҳрат Арслонов мусобақа олдидан ўз фиклари билан ўртоқлашди.

Мен 2011 йилда кураш бўйича Жаҳон чемпионлигини қўлга киритдим. Бунда аввало биринчи ўринда мураббийларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.  Шунингдек, курашимизни Жаҳон ареналарига кўтирилиши учун кўрсатаётган хизматлари учун юртбошимизга раҳмат айтаман. Мен олдинда турган мусобақада юртимиз байроғини юқорига кўтариш учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан.

Шу билан биргаликда полвонларимиздан Шаҳрам Аҳадов ҳам Ашхобод гиламларида фақат олтин медал учун курашишини маълум қилди.

Ашхободдаги Осиё ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, олтин медал билан ватанимизга қайтамиз, – дейди спортчимиз SPORTS.uz интернет ахборот портали мухбирига берган интервьюсида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!