Ўзбек нокаутчиси Шоҳжаҳон Эргашевни африкалик чемпион жангга чақирди
Профессионал бокс мухлису мутахассислари эътиборига тушган ўзбекистонлик нокаутчи Шоҳжаҳон Эргашев фаолиятидаги тўққизинчи жангини 25 март куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказадиган бўлди.
Профессионал боксчилик фаолиятини 2015 йилнинг охирида бошлаган Шоҳжаҳон Эргашев шу кунгача саккизта жанг ўтказиб, рақибларининг барчасини муддатидан олдин мағлубията учради.
Ҳамюртимиз бу йилги илк жангини 15 февраль куни Мосвкада грузиялик Рубен Мовсесянга (23-16-1, 18 КО) қарши ўтказиб, рақибини биринчи раунддаёқ нокаут қилганди.
Энди Шоҳжаҳон угандалик Ҳамза Семпевога қарши рингга чиқадиган бўлди. Етти йилдан буён профессионал рингда жанг қилаётган Ҳамза Семпево шу кунгача 14 та жангда зафар қучган ва олти маротаба мағлубиятини тан олган.
Бу боксчи икки вазн бўйича Уганда чемпиони, Шарқий ва Марказий Африка чемпионлик камари соҳибидир.
- Бу жангга ҳам одатдагидек, кўп босқичли ўқув-машғулот йиғини ёрдамида ҳозирлик кўряпман, - деди Шоҳжаҳон Эргашев SPORTS.uz ахборот порталига. – Тайёргарлик машғулотлари Ўзбекистонда ва Россияда бўлади. Бўлажак жангда ҳам рақибимни нокаут қилиб, мухлисларни хушнуд этишга ҳаракат қиламан.
Шоҳжаҳон Эргашев ва Ҳамза Семпево ўртасидаги рейтинг жанги олти раунд қилиб белгиланган.
Фикрлар