Ўзбек теннисини дунёга танитаётган қиз (фото)

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани, замонавий спорт мажмуалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фойдаланишга топширилаётгани, айниқса, қизлар ўртасида спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда мунтазам ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб, Ватанимиз шарафини дунёга танитаётган спортчи қизларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда.

 Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий болалар спорти иншоотлари барпо этилмоқда. Халқаро андозалар даражасида жиҳозланган марказ ва секциялар, спорт комплекслари фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, қизларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароитлар муҳайё. 

Теннис бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сабина Шарипова ана шундай имкониятлардан унимли фойдаланиб, мамлакатимиз довруғини дунёга танитаётган истеъдодли ёшлардан. Спортчилар оиласида дунёга келган бу қиз оиладаги соғлом турмуш тарзи, спортга бўлган эътибор туфайли саккиз ёшида илк бора қўлига ракетка олиб, теннис тўгарагига борди.

тўгаракда биринчи мураббийи Галина Супруновадан тенниснинг илк  сирларини ўрганган жажжи қизалоқ мазкур спорт тури билан жиддий шуғулланиб, нуфузли турнирларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилди.

Сабина мамлакатимизда кўплаб спорт турлари каби теннисни янада оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2008 йил 29 апрелдаги қарори билан ташкил этилган Республика олимпия захиралари теннис мактабининг илк қалдирғочларидан. У мазкур мактабда юқори малакали ўқитувчи ва мураббийлардан сабоқ олди, тажриба ва маҳоратини мунтазам ошириб борди. 2013 йили Республика олимпия захиралари коллежини тамомлаб, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия иниститутига ўқишга кирди.

Сабина шаҳар ва республика миқёсидаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди ва ўн тўрт ёшида Ўзбекистон терма жамоасига қабул қилинди.

 

Халқаро теннис федерацияси (ITF)нинг ўн олти ёшгача бўлган теннисчи қизлар рейтингида 12-поғонагача кўтарилди. “Катта дубулға” туркумига кирувчи “Australian opеn” турнирининг ўсмирлар ўртасидаги баҳсларида чорак финалга қадар етиб борди. Ўн беш ёшида пойтахтимизда Халқаро хотин-қизлар теннис уюшмаси (WTA) таснифига кирувчи “Тошкент опен” турнирида илк бора иштирок этди.

 

Сабина тез орада турли нуфузли мусобақаларда ўз иқтидорини намоён этди. Теннисчимиз халқаро майдондаги илк совринига 2010 йили Малайзиянинг Кучин шаҳрида ўтган турнирда қўлга киритди. 2012 йили Андижонда ўтган нуфузли мусобақада шоҳсупага кўтарилди.

 

 2013 йилда Қаршида Халқаро теннис федерацияси мусобақалар тақвимидан жой олган икки нуфузли турнирда зафар қучган Сабина ўша йили Қозоғистондаги мусобақада ғалаба қозонди. 2015 йили яна бир бор Қарши шаҳри мезбонлик қилган мусобақада биринчи бўлди.

– Халқимизнинг ишончи, мураббийларимнинг маслаҳати ва қўллаб-қувватлаши ҳар қандай йирик мусобақада менга куч бағишлайди. Келгусида бундан-да юқори натижаларга эришиб, Ватанимиз шарафини дунёда янада юксалтиришга бор кучим ва маҳоратимни ишга соламан. Бу каби улкан мақсадимизни амалга ошириш учун биз ёшларда барча шарт-шароитлар мавжуд, – дейди Сабина.

 

Жорий йилги спорт мавсуми ҳам истеъдодли спортчимиз учун муваффақиятли ўтмоқда. С.Шарипова 2016 йили ITF томонидан Андижонда, Ҳиндистонда, Хитойда ўтган мусобақаларда бош совринни қўлга киритди.

– Мамлакатимизда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун яратиб берилаётган шароитлар юртимизнинг минглаб ёшлари каби қизимнинг ҳам саломатлигини мустаҳкамлашда, тафаккури, дунёқараши, ҳаёт тарзини тўғри шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда, – дейди Сабинанинг онаси Динара Шарипова. – Қизим, халқаро мусобақаларда ғалаба қозонганида фахрланиб кетаман, кўзларимда қувонч ёшлари қалқийди. Спорт унинг иқтидорини кашф этди, уни юртимиз ва халқаро миқёсда танитди. Биз етолмаган орзуларимизга бугун фарзандларимиз эришмоқда.

Айни кунларда мамлакатимиз хотин-қизлар терма жамоаси биринчи ракеткаси ўз маҳоратини ошириш устида тинимсиз изланиш олиб бормоқда. Ишонамизки, халқимизнинг ишончига сазовор бўлган спортчимиз келгусида теннис оламининг янги-янги чўққиларини забт этиши шубҳасиз.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!