Ўзбекистон Кубоги–2017 финалида “Бунёдкор” стадиони тўлиши кутилмоқдами?

Ўзбекистон Кубогининг финал ўйини 4 декабрь, душанба куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади. “Локомотив” ва “Бунёдкор” майдонга тушадиган учрашув соат 15:00да бошланади.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Профессионал Футбол Лигаси билан ҳамкорликда кубок финалини байрамона тарзда ўтказиш мақсадида ўйиндан олдин мусиқий шоу-дастур ўтказишни режалаштиряпти.

«Локомотив» ва «Бунёдкор» жамоалари ўртасидаги финални Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари бўлган ҳакамлар гуруҳи бошқаради. Мазкур ўйинда Муҳаммад Абдулла Ҳасан бош ҳакам вазифасини бажаради. Унга қанотларда Муҳаммад Ҳасан Абдулла ал-Маҳри ҳамда Муҳаммад Аҳмад Юсуф Абдулла ал-Ҳаммади ёрдам беради.  Тўртинчи рефери вазифаси Аммар Али Абдулла ал-Жунайбийга юклатилди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, БААлик ҳакамларнинг Кубок финалини бошқариши Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва БАА Футбол Уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилмоқда.

Бундан ҳулоса қиладиган бўлсак, финал учрашувига БААдан меҳмонлар ҳам ташриф буюриши мумкин. Чунки ўзаро ҳамкорлик ўрнатилгандан сўнг уларнинг вакиллари ҳам иштирок этишади. Қолаверса, ҳал қилувчи баҳсдан олдин мусиқий шоу-дастур ўтказилиши кўпчиликда қизиқиш уйғотиши аниқ. Демак, ўша куни “Бунёдкор” стадионида ҳар доимгиданда кўпроқ ишқибозлар келиши кутилмоқда.

Финал беллашуви мезбонини аниқлаш учун ташланган қуръада «Бунёдкор» номинал мезбон мақомига эга бўлди. Маълумот учун, финал ўйинида «Бунёдкор»  футболчилари қизғиш-оқ рангли футболкаларда майдонга тушади. Ўзбекистон Кубогининг амалдаги соҳиби – «Локомотив» аъзолари эса оқ-яшил формада ўйнайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!