Ўзбекистон Кубоги-2017. “Локомотив” 2015 йилги мағлубият учун "Насаф"дан "ўч олади"ми?

Ўзбекистон Кубоги-2017 ярим финали жавоб учрашувлари шу ҳафтанинг 6-7 октябр кунлари бўлиб ўтади. “Аждарлар”  7 октябр шанба куни Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионда “Локомотив” жамоаси билан куч синашади. Учрашув соат 18:00да бошланади. "Насаф" матбуот хизмати эса мазкур ўйинга оид айрим қизиқарли фактларни тақдим этди.

Ўзбекистон Кубоги-2017. Ярим финал жавоб учрашуви

“Насаф” (Қарши) – “Локомотив” (Тошкент)

07.10.2017. “Марказий” стадион. 18:00

Бош ҳакам: Владислав Цейтлин (Тошкент)

Қанот ҳакамлари: Тимур Галеев (Тошкент), Акбар Пўлатов (Тошкент)

Захира ҳаками: Исхах Ибрагимов (Нукус)

Назоратчи: Александр Попов (Тошкент)

Дастлабки учрашув – 1:3.

Эсингизда бўлса, ФИФА ҳаками Владислав Цейтлин мазкур жамоалар ўртасидаги Самарқандда бўлиб ўтган 2016 йилги финал учрашувини ҳам бошқарган эди.

Ўзбекистон кубоги ярим финалида “Насаф” бунгача етти марта иштирок этган. Шуларнинг олтитасида ғолиб бўлиб, финалга йўл олган.

Бу йилги ярим финал қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев ўз шогирдларини олтинчи марта ярим финал учрашувларида майдонга бошлаб тушмоқда.

2003 йилда жамоамиз "Навбаҳор" билан ярим финалда куч синашган ва дастлаб финалга чиққан. 2011 йили “Насаф” ярим финалда “Бунёдкор”ни, 2012 йил “Бухоро”ни, 2013 йил “Пахтакор”ни мағлуб этиб, финалга йўл олган эди. 2014 йили ҳам қаршилик футболчилар кубок ярим финалида иштирок этишган аммо, икки ўйин натижасига кўра “Бунёдкор” (0:1, 1:1), финалга йўл олганди. 2015 йили “Локомотив” билан ярим финалда туқнаш келган ва қаршиликлар (2:0, 0:1) "темирйўлчилар"ни мағлуб этиб, финалга йўл олган эди 2016 йили ўзингизга маълум, “Насаф” ярим финалда “Бухоро”ни мағлуб этиб (2:0, 2:1) финалга чиққан.

Бу йил “Насаф” кубок ярим финалида иккинчи марта “Локомотив” билан туқнаш келмоқда.

Хабарингиз бор, ушбу жамоалар ўртасидаги ярим финалнинг дастлабки учрашуви 2 август куни Тошкентда бўлиб ўтган. Унда "Насаф" 3:1 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Учрашувдаги голларни Марат Бикмаев (2), Мурод Бобожонов ва Драган Черанлар киритишган. Учрашувдаги қаршиликлар томонидан киритилган ягона гол интригани сақлаб турибди. 

Қизиқарли фактлардан бири, ҳозирги пайтда "Насаф" шарафини ҳимоя қилаётган тажрибали ярим ҳимоячи Жасур Ҳасанов 2015 йилги ярим финал учрашувларида “Локомотив” сафида майдонга тушган.

Ўзингизга маълум, “Локомотив” жамоаси сафида тўп тепаётган Шуҳрат Муҳаммадиев, 2015 йилги ярим финал учрашвиларида “Насаф” таркибида майдонга тушган. Ҳатто у Қаршида бўлган дастлабки учрашувнинг энг яхшиси ҳам бўлган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!