Ўзбекистон киберфутбол ассоциацияси ўз номини Виртуал спорт ўйинлари ва киберфутбол федерациясига ўзгартирди

5 март, 01:05 322

 

Ўзбекистон киберфутбол ассоциацияси ўз номини Виртуал спорт ўйинлари ва киберфутбол федерациясига ўзгартирди. Шу йилнинг 28 февраль куни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган янги ташкилот виртуал спорт ўйинларини оммалаштириш, мусобақа ва чемпионатлар ташкил қилиш билан шуғулланади.

Киберспорт бугунги кунда дунё бўйлаб оммалашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Виртуал спорт ўйинлари тарихи 1997 йилга бориб тақалади. Айнан ўша йили биринчи киберспорт лигаси – CPL ташкил этилганди.

Дунёдаги биринчи киберфутбол ассоциацияси нодавлат нотижорат ташкилоти Ўзбекистонда яратилгани алоҳида эътиборга лойиқдир. Ассоциация ўз фаолиятини киберспорт бўйича ESWC жаҳон чемпионатида иштирок этиш билан бошлаганди.

Қисқа вақт мобайнида ташкилот катта муваффақиятларга эришди. Ассоциация фаолиятининг биринчи ойларида Ўзбекистон Футбол Федерациясининг расмий аъзосига айланди, ҳамкорлик борасида ЎзПФЛнинг барча клублари билан шартномалар имзолади. Шу тариқа, Ўзбекистоннинг 20 га яқин футбол клублари ўз таркибига киберфутболчиларни қўшиб олди.

2016 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Футбол Федерацияси Киберфутбол ассоциациясининг жаҳондаги биринчи Профессионал футбол лигаси – PCFL лойиҳаси яратилишини маъқуллади. Ташкилотнинг энг ёрқин натижаларидан бири киребспорт мусобақалари учун Ўзбекистонда биринчи профессионал арена – UZ Arena очилиши бўлди.