Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси нима учун Осиё чемпионатига чиқа олмади?

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўн бир йилнинг бадалида илк марта Осиё чемпионатида иштирок эта олмайдиган бўлди.

Саудия Арабистонида бўлиб ўтган саралаш мусобақасида Дилшод Нуралиев шогирдлари мағлубиятга учради ва қитъа биринчилиги йўлланмасини қўлга кирита олмади.

Охирги марта бунақа ҳолат 2006 йилда рўй берган эди. Ўшанда ўсмирларимиз (ҳозир улар катта бўлиб қолишган) Сингапурда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидан четда қолишган.

ЯҚИН ТАРИХ

Шундан буён кўп сувлар оқиб ўтди ва энг муҳими, яқин тарихда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бирор марта ҳам қитъа биринчилигидан четда қолмади. 2008 йилда Роберт Гай бошчилик қилган жамоа Осиё чепмпионати чорак финалига қадар етиб борди. 2010 йилда эса Алексей Евстафеев шогирдлари Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионати финалига қадар чиқишди. Орадан икки йил ўтиб, Дилшод Нуралиев бош мураббий бўлган таркиб Осиё чемпионига айланди. Шу тариқа футболимиз тарихида илк марта терма жамоамиз қитъа ғолиби бўлди. Афсуски, ҳозирча охиргиси ҳам шу бўлиб турибди.

Шундан сўнг ишлар яна ортга кета бошлади. 2014 йилда Александр Мочинов бошчилигидаги терма жамоа Осиё чемпионати чорак финалида тўхтатилди ва жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолди. Орадан икки йил ўтиб, Темур Олимхўжаев ҳам чорак финалдан чиқиб кетди. Ўшанда бу натижа салкам фожиа сифатида қабул қилинган эди. Аммо билмаган эканмиз, ҳақиқий фожиа бизни энди кутиб турган экан.

ФОЖИА(МИ?)

Ҳозир Дилшод Нуралиев ва унинг жамоаси ҳақида истаганча танқидий фикр билдириш мумкин. Кўтаради. Чунки шунга яраша натижа қайд этди. Аммо мураббий ва футболчилар нечоғлик айбдор? Ҳаммасини уларнинг гарданига ташлаш керакми? Буни энди алоҳида кўриб чиқиш лозим бўлади. Очиғи, шахсан ўзим 16 ёшли футболчиларни яхши билмайман. Улар ҳали олий лига тугул биринчи лигада ҳам кўзга ташланмаган, шундай экан, қандай таниш мумкин? Шунинг учун таркиб ва мураббий танлови ҳақида вазиятдан яхши хабардор бўлганлар гапиргани маъқул. Мен ҳозир бошқа масалага эътиборни қаратмоқчиман.

МАСАЛА

Кўнгилсиз натижада мураббий ва футболчилар қай даражада айбдор бўлса, жамоага яхши шароит яратиб бера олмаганлар ҳам шу даражада айбдор. Ўсмирларимиз учун Саудия Арабистони сафари қай даражада тўғри ташкил этилди? Мана шу масалада анча шубҳа бор. Масалан, саралаш баҳслари 18 сентябрда бошланди, жамоа эса бор-йўғи икки кун қолганда, сафарга чиқди. Ҳозир Тошкентда об-ҳаво бироз салқин, нари борса 25-26 даража илиқ. Ўйинлар бўлиб ўтган Ар-Риёд шаҳрида эса 37 даража жазирама бўлаётганини кўпчилик билса керак. Ҳар ҳолда араб ўлкасининг иссиқ иқлими тилларда достон бўлган. Боз устига у ердаги намгарчиликни инобатга оладиган бўлсак, «ҳаммом» эффектини тасаввур қилиб олиш қийин эмас. Бундай шароитда кўникмаган одам учун югуриш тугул, ҳатто нафас олиш ҳам оғир бўлади. Наҳотки маҳаллий иқлимга кўникиш учун беш-олти кун олдин бориш мумкин бўлмаган?

УЧИШ

Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Терма жамоа мусобақа ўтадиган шаҳарга етиб боргунга қадар бошидан ўтказган воқеалардан алоҳида китоб ёзса бўлади. Футболчилар Тошкентдан аввал Жиддага учишлари, сўнг Ар-Риёд шаҳрига маҳаллий рейс билан йўл оладиган бошқа самолётга ўтиришлари керак эди. Бироқ чипта олишда бир нарса инобатга олинмаган - рейслар орасида бор-йўғи 2 соатлик тафовут бўлган. Табиийки, жамоа ҳам транзит йўлакчасидан тезда ўта олмаган ва Жиддадан Риёдга учадиган самолётга кеч қолган. Аммо бу жуда катта муаммо эмас эди. Боиси шаҳарлар орасида самолёт қатнови тез-тез амалга ошади ва нари борса 1-2 соатдан сўнг бошқа рейс билан пойтахтга етиб олиш мумкин бўлган.

Лекин нима учундир делегация бошлиғи бошқача қарор қабул қилади ва узоқ сафарга автобусда чиқишни маъқул кўради. Оқибатда икки кундан сўнг муҳим ўйинда майдонга тушадиган футболчилар автобусда 12 соат (!) йўл босиб, Ар-Риёд шаҳрига етиб келишади. Агар йўлда автобус икки марта бузилиб қолгани ва икки соатга яқин тўхтаб қолганини айтмасак ҳам, 16 ёшли футболчилар дуч келган қийинчиликни тасаввур қилиб олсангиз керак.

Энди бир ўйлаб кўринг, бундай шароитда футболчилар ўйинга қадар тикланиб улгурадими?

ЯНА БИР МУАММО

Агар муаммоларнинг барчаси шу билан якунига етганда, балки ўсмирларимиз амаллаб бўлса ҳам саралашдан ўтган бўлишарди. Чунки чарчоққа қарамай, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Баҳрайнга қарши кечган илк ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шри-Ланка дарвозасига эса жавобсиз 6 та гол урди. Фаворит ҳисобланган Иордания билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Аммо ҳамма гап шундаки, бу ўйинларнинг барчасини Ўзбекистон терма жамоаси кучли жазирама остида ўтказди. Саудия Арабистонида соат 18:00да ҳам иссиқ пасаймаган бўлади. Аслида мазкур ўйинлар соат 19:15га белгиланган эди. Бу вақтга келиб иссиқ бироз пасаяди. Бироқ Саудия Арабистони терма жамоаси илк турда Иорданияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлгандан сўнг мезбонлар кичик (балки каттадир) айёрлик ишлатишди.

Бу мағлубиятдан сўнг нима учундир Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинлари вақти соат 18:00га кўчирилди ва футболчилар нисбатан оғирроқ шароитда ўйнай бошлашди. Табиийки, яна бир савол пайдо бўлади - аслида делегация бошлиғи шундай вақтда ўртага чиқиб, эътироз билдириши керак эмасми? Жазирама иссиқ ёш футболчиларнинг соғлиғига таъсир ўтказишини айтиб, учрашув вақтини салқинга кўчиришни сўрашнинг наҳот иложи бўлмаган?

ЭСКИ МУАММО

Мен 2014 йилда Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатини стадионда кузатган эдим. Ўшанда Ўзбекистон терма жамоаси чорак финалда Сурияни енгса бўлгани, ЖЧ йўлланмасини қўлга киритарди. Термада бунинг учун керакли барча нарса бор эди. Таркибда кучли футболчилар мавжуд бўлиб, Александр Мочинов жамоа ўйинини яхши йўлга қўйган эди. Аммо учрашув бошланиши олдидан Бангкокда кучли жала ёғди ва майдон ўйнаб бўлмас ҳолатга келиб қолди. Агар делегация раҳбари ўшанда ўйин вақтини ўзгартиришни сўраганда, балки терма жамоа олдига қўйилган вазифа бажарилган бўларди. Бироқ Асқар Толибжонов VIP-ложадаги ўрнидан туришни истамади ва ўйин бўлиб ўтди.

Сурия терма жамоаси футболчилари техник ва тактик жиҳатдан асло кучли эмасдилар. Аммо яроқсиз майдонда тўп тепиш улар учун жуда қулай бўлди. Шунчаки «югур-теп» ўйинида рақиб осонгина, йирик ҳисобда ғалаба қозонди ва мундиал йўлланмасини илиб кетди. Биз эса алам ичида қолавердик.

Саудия Арабистонида бўлиб ўтган мусобақа эса шуни кўрсатдики, ташкилотчилик борасида кўп нарса ўзгармабди. ЎФФ катта ислоҳотлар остонасида турибди. Аммо бу ислоҳот ҳамма соҳага татбиқ этилмас экан, кўп нарса кутишнинг иложи бўлмайдими, деб қўрқамиз. Бирор мусобақага делегация раҳбари бўлиб борадиган киши аввало, тил билиши керак. Биз «тил билиш керак», деган жумлани ҳам тўғри, ҳам маъжозий маънода ишлатмоқдамиз. Зеро, раҳбар киши халқаро мулоқот воситаси бўлган инглиз тилини яхши билиши ва бошқаларга ўз талабини уқтира олиши ҳам шарт. Афсуски, айни шу масалада ЎФФда ҳар доим муаммо бўлган. Эндичи, энди бу муаммо ҳал бўладими? Бунисини энди вақт кўрсатади...

 

Манба: www.interfutbol.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!