Ўзбекистон ўсмирлар термаси Development Cup–2017 турнири ғолибига айланди

 

Дилшод Нуралиев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида бўлиб ўтган Development Cup–2017 халқаро турнири ғолибига айланди.

Ўзбекистон ўсмирлар термаси бугун, 22 апрель куни Кирп U-15 футболчиларига қарши баҳс олиб борди. Голларга бой ўйинда ўзбекистонлик футболчилар 3:2 ҳисобида зафар қучди.

Ўзбекистон ўсмирлар термаси сафида голларга Жасурбек Жалолиддинов, Игорь Чиркизов ва Темур Масасиддиқов муаллифлик қилди. Параллель равишда бўлиб ўтган ўйинда Македония ўсмирлари мусобақа мезбони – Арманистонни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Эслатиб ўтамиз, Дилшод Нуралиев шогирдлари дастлабки ўйинда Македонияни 2:1 ҳисобида, кейин эса Арманистонни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Шу тариқа, Ўзбекистон U-15 термаси 100 фоизлик натижа билан турнир ғолибига айланди.

Кипр U-15 термаси 7 очко билан иккинчи, Македония U-15 эса 1 очко билан учинчи ўринни эгаллади. Мезбон Арманистон ўсмирлар термаси эса барча ўйинларда мағлубиятга учради ва очко жамғара олмади.

Мазкур мусобақа Ўзбекистон ўсмирлар термаси учун 2018 йилги U-16 Осиё чемпионатига саралаш босқичига тайёргарлик вазифасини ўтайди. Саралаш босқичи шу йилнинг 16–24 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Development Cup–2017
Арманистон, Ереван
22 апрель, шанба

Ўзбекистон U-15 — Кипр U-15 – 3:2

Голлар: Жасурбек Жалолиддинов (34’), Игорь Чиркизов (44’), Темур Мамасиддиқов (79’) – Николаос Неоклеос (2 та)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!