Ўзбекистон спорт делегацияси Ашхободда медаллар жамғариш борасида комплекс мусобақалардаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этди

29 сентябрь, 14:06 604

Ўзбекистон спорт делегацияси Ашхободда медаллар жамғариш борасида комплекс мусобақалардаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этди

12 кун давомида Ашхободда бўлиб ўтган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинлари якунланди ва барча медаллар ўз эгаларини топди. Мусобақа якунига кўра мезбонлар Туркманистон терма жамоаси 89 та олтин, 70 та кумуш, 86 та бронза, умумий 245 та медаль билан биринчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон делегацияси эса 24 та олтин, 33 та кумуш, 74 та бронза медаль қўлга киритган ҳолда, медалларнинг сони бўйича 64 мамлакат орасида мезбонлардан сўнг иккинчи ўринга сазовор бўлди. Медалларнинг сифати бўйича эса жадвалнинг бешинчи поғонасидан ўрин олдик. Вакилларимиз умумий ҳисобда 131 та медаль қўлга киритдилар.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон делегацияси Туркманистон пойтахтида комплекс мусобақаларда медаллар жамғариш борасида ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди. Бунга қадар ўзбекистонлик спортчилар комплекс мусобақалар саналган - Олимпия ва Осиё ўйинлари, Универсиада, “Ислом бирдамлиги ўйинлари”, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларининг ҳеч бирида 100 дан зиёд медаль қўлга кирита олишмаганди.

Бу сафар эса ҳамюртларимиз роппа роса 131 та медалга эга чиқишди. Ашхободда спортчиларимиз шарафига 24 марта байроғимиз сарбаланд кўтарилиб, мадҳиямиз янгради. Демак, ҳеч иккиланмай “Ашхобод 2017” мусобақаси делегациямиз учун омадли келди деб айтишимиз мумкин.

Мусобақада спортнинг 20 та турида ғолиблик учун кураш олиб борган ҳамюртларимиз уларнинг 16 тасида совринли ўринларга сазовор бўлишди. Фақатгина боулинг, велоспорт (трек), спорт рақслари ва конкур турларида спортчиларимиз медалларга эга чиқишмади.

Муҳими олимпия спорт турлари саналган енгил атлетика, оғир атлетика, сузиш, таэквондо, эркин ва юнон-рум кураши, теннис каби спорт турларида делегациямиз аъзолари ўз маҳоратларини намойиш эта олишди ва натижалар ҳам шунга яраша бўлди. Айниқса оғир атлетика, спорт курашлари, енгил атлетика, миллий спортимиз саналган Кураш, белбоғли кураш ва самбо бўйича терма жамоаларимиз қайд этган натижалар таҳсинга сазовор.

Делегациямиз ҳисобига энг кўп олтин медални курашчиларимиз келтиришди. Миллий спортимиз бўйича ўтказилган баҳсларда тўққиз нафар спортчимиз шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва табиийки спортнинг ушбу тури бўйича вакилларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди.

Белбоғли курашда бу кўрсаткич тўрттани ташкил этди. Спорт курашлари ва самбо бўйича терма жамоамиз аъзолари учтадан олтин медалини қўлга киритган бўлсалар, оғир атлетика ва анъанавий курашдаги полвонларимиз шарафига икки мартадан байроғимиз кўтарилиб, мадҳиямиз янгради. Яна бир олтин енгил етлетикачимиз Надия Дусанова ҳисобига ёзилди.

Мусобақанинг эътиборли жиҳатларидан яна бири бу илк марта спорт ўйинлари бўйича бир йўла иккита жамоамиз комплекс мусобақаларда финалга чиқиши бўлди. 3Х3 баскетбол бўйича қизлар жамоамиз ва футзал бўйича терма жамоамиз финалга қадар етиб келишди ва якунда кумуш медали билан тақдирланишди.

Агар ўзбекистонлик спортчиларнинг комплекс мусобақаларда иштирокини таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларидан бошлаб натижалар фақат юксалиб бораётганлигига гувоҳ бўламиз. Бразилияда делегациямиз аъзолари миллий спортимиз тарихида илк маротаба Олимпия ўйинларининг 13 та медалига сазовор бўлишди. Бундан ташқари, ёзги Олимпия ўйинлари тарихида биринчи марта Ўзбекистон спортчилари шарафига тўрт марта мадҳиямиз янгради. Биринчи марта ўзбекистонлик полвон Олимпия ўйинлари рекордини янгилади. Биринчи марта ўзбек боксчиси Олимпия ўйинларининг энг яхши бокчиси сифатида тан олинди.

Кейинчалик спортчиларимиз зафарли юришларини Озарбайжон пойтахтида ташкил этилган IV “Ислом бирдамлиги ўйинлари”да давом эттиришди ва 54 мамлакат вакиллари орасида мусобақани тўртинчи ўринда якунлашди. Бу сафар ҳам ҳамюртларимиз совринли ўринларга сазовор бўлиш билан биргаликда бир неча марта мусобақа рекордини янгилашга мувафффақ бўлишди.

Ашхободда бўлиб ўтган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида эса айтиб ўтганимиздек тарихда илк маротаба ўзбекистонлик атлетлар юздан зиёд медалларни қўлга киритдилар. Албатта бу натижаларга ўз ўзидан эришилгани йўқ. Бунинг замирида энг аввало юртимизда спортга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор, шахсан президентимиз ва ҳукуматимизнинг ғамҳўрлиги ётибди десак асло муболаға бўлмайди.

Шундай экан, бундан буёғига халқаро майдонда, энг нуфузли мусобақаларда натижаларимиз бундан-да яхшиланиб боришига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. “Ашхобод 2017” мусобақаси спортчиларимиз учун келаси йили Индонезияда бўлиб ўтадиган XVIII Осиё ўйинларига тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Кўпгина спорт турларида қитъамизнинг энг нуфузли мусобақаси олдидан спортчилар имконияти чамалаб олинди. Жакартадаги Осиё ўйинларига қадар вакилларимиз ҳали яна жаҳон ва Осиё чемпионатларида, нуфузли халқаро турнирларда иштирок этишади ва ўз маҳоратларини тоблаб боришади.

Туркманистон пойтахти мезбонлик қилган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинлари эса тарих саҳифаларидан жой олди. Ушбу мусобақани ўзбекистонлик спортчилар илк маротаба юздан зиёд медалларни қўлга киритган Осиё ўйинлари сифатида эслаб юрсак ажаб эмас. Зеро бундан буёғига маррани анча баланд олишимизга тўғри келади.

 

Манба: olympic.uz