Ўзбекистон спорт жамоатчилиги допингга қарши курашмоқда

27 февраль, 17:38 431

Ўзбекистон спорт жамоатчилиги допингга қарши курашмоқда

 

 

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида "Спортда допингга қарши кураш" мавзуида миллий семинар бошланди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда олимпия захиралари коллежлари мутахассислари, спорт федерациялари вакиллари, ўқитувчилар ва спортчилар иштирок этмоқда.

Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Ф.Турдиев, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ректори Ш.Исроилов, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси котиби А.Икромов ва бошқалар мамлакатимизда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимизда спортни оммалаштириш ва ривожлантиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. 2010 йил 27 декабрда “Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Париж, 2005 йил 19 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун, 2015 йил 4 сентябрда “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуннинг қабул қилингани мамлакатимизда ҳалол спортни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

2016 йили Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ҳамкорлигида тайёрланган лойиҳа Допингга барҳам бериш бўйича ЮНЕСКО жамғармаси томонидан тасдиқланди.

Лойиҳа доирасида спортда допингга қарши кураш бўйича хабардорликни ошириш борасида ўқув қўлланма профессор-ўқитувчилар томонидан ўзбек ва рус тилларида тайёрланди ва нашр этилди. "Спортда допингга қарши кураш" мавзуи мамлакатимиздаги олимпия захиралари коллежлари ўқув дастурларига киритилади ва ўқув машғулотлари ташкил этиш режалаштирилган.

Мазкур семинар ҳам спортда допингга қарши курашни янада кучайтириш, мураббийлар ва спортчиларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.

SPORTS.uz

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.