Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда машғулотларга киришди

 

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Сурияга қарши ЖЧ–2018 саралаш босқичи “А” гуруҳи 6-тури олдидан Тошкентда ташкил этилган қисқа муддатли йиғини давом этмоқда.

Кеча, 14 март куни Самвел Бабаян терма жамоанинг Сурия ва Қатарга қарши ўйинлари учун 23 футболчидан иборат таркибини эълон қилган эди. Бугун, 15 март куни эса терма жамоа аъзолари “Пахтакор” стадионида машғулотлар ўтказди.

“Ал-Жаиш”да тўп сураётган Сардор Рашидов терма жамоа ихтиёрига бугун келиб қўшилди.  Одил Аҳмедов “Шанхай СИПГ” билан ОЧЛ–2017 турнирида иштирок этаётгани боис  Малайзияда терма жамоа ихтиёрига қўшилади. Москванинг “Локомотив” клубида тўп сураётган Виталий Денисов ҳам терма жамоа вакиллари билан Малайзияда кўришади.

“Пахтакор” дарвозабони Александр Лобанов енгил жароҳат олгани туфайли индивидуал тарзда машғулотлар олиб борди. Қолган футболчилар умумий гуруҳда шуғулланди

Маълумот учун, терма жамоа 23 март куни Малайзияда Сурия термасига қарши баҳс олиб борса, 28 март куни Тошкентда Қатар термасини қабул қилади. Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичи “А” гуруҳи 5-туридан кейин 9 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Сурия 5 очко тўплаган ҳолда тўртинчи ўринни банд қилиб турибди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!