Ўзбекистон термаси ўсмирлар Олимпия ўйинлари учун 30-лицензияни ҳам нақд қилди

Шу йилнинг 6-18 октябрь кунлари Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли мусобақада иштирок этадиган ўзбекистонлик спортчилар сони яна биттага кўпайди.

Аниқроғи, куни кеча Миллий олимпия қўмитасига Халқаро ўқ отиш федерациясидан хат келди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси учун Олимпия ўйинларига спортнинг ушбу тури бўйича имтиёзли йўлланма тақдим этилгани маълум қилинганди, дея хабар бермоқда МОҚ матбуот хизмати. Унга кўра, халқаро ўқ отиш федерацияси Ўзбекистон терма жамоаси учун қизлар ўртасида 10 метрга пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича лицензия тақдим этди.

Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси эса Аргентинадаги нуфузли мусобақада иштирок этишга иқтидорли спортчи Зайнаб Пардабаевани лойиқ кўрди ва Буэнос-Айресдаги III ўсмирлар Олимпия ўйинларида Зайнаб Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.

Ушбу йўлланма орқали Ўзбекистон спорт делегациясининг Буэнос-Айрес Олимпиадаси учун лицензиялари сони 30 тага етди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!