Ўзбекистон термасининг БААдаги йиғинига жалб этилган таркибда ўзгариш юз берди

 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига учинчи саралаш босқичи иккинчи даврасига тайёргарлик кўриш мақсадида 21–24 январь кунлари БААда қисқа муддатли йиғин ўтказади.

Аввалроқ БААдаги йиғинда иштирок этадиган футболчилар таркиби маълум қилинганди. Йиғинга таклиф қилинган Темурхўжа Абдуҳолиқов Қатарнинг “Ал-Сайлия” клуби билан, Сервер Жепаров эса Эроннинг “Истиқлол” жамоаси билан шартнома имзолаб, легионер футболчиларга айланди. Бўлажак йиғин ФИФА кунларига тўғри келмаганлиги учун легионер футболчилар БААдаги ўқув-машғулотларига таклиф этилмайди.

Терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян Абдухолиқов ва Жепаров ўрнига Достон Ҳамдамов (“Бунёдкор”) ва Владимир Козакни (“Пахтакор”) таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси йиғин доирасида 22 январь куни Дания U-23 термасига қарши, 23 январь куни эса Грузия терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинларини ўтказади.

“Насаф” жамоаси ОЧЛ–2017 ўтиш босқичида Баҳрайннинг “Ал-Ҳидд” клубига қарши 31 январь куни баҳс олиб бориши ва унга тайёргарлик кўриши сабабли қаршиликлар таркибидан йиғинга футболчилар жалб этилмади.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига саралаш босчиқи “А” гуруҳи 5-туридан кейин 9 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Эрон 11 очко билан биринчи, Жанубий Корея 10 очко билан иккинчи поғонада бормоқда. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!