Ўзбекистон виртуал спорт ўйинлари ва кибер футбол федерацияси «UZ Arena» киберспорт аренасини очди

 

Ўзбекистон Футбол Федерацияси аъзолилига қабул қилинган Ўзбекистон виртуал спорт ўйинлари ва кибер футбол федерацияси Ўзбекистонда «UZ Arena» киберспорт аренасини очди. Мазкур воқеага бағишланган матбуот анжуманини ўтказди.

Матбуот анжумани, биринчи навбатда, федерациянинг давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан Ўзбекистонда виртуал спортнинг ривожланишига қаратилган масалалар бўйича самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, аҳолининг «UZ Arena» виртуал спорт аренаси ҳамда федерациянинг бугунги кундаги фаолияти ва келажакдаги режалари ҳақида хабардор қилишга бағишланди.

Федерация фаолиятининг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида виртуал спортни ривожлантириш ва оммалаштириш, виртуал спортнинг турли йўналишлари бўйича мусобақалар, спорт ва бошқа тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказишдан иборат.

«UZ Arena» киберспорт аренаси Бунёдкор шоҳ кўчасидаги «INTEGRO» Савдо мажмуаси ичида 2.300 квадрат метрли жойга жойлашган бўлиб, оҳирги турдаги «Sony Playstation» ўйин қурилмалари, жаҳон кибер ареналарнинг талабларига мос бўлган 50 та суперзамонавий компьютерлар, анъанавий ва кибер спорт тадбирларини намойиш этишга мўлжалланган 3 та катта «LED» экран ҳамда стол тенниси учун махсус жойни ўз ичига олган.

Тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Чилонзор туман ИИБ ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда қатор брендларнинг вакиллари ва бошқалар иштирок этишди.

Тадбир анъанавий тарзда Ўзбекистон аҳолиси учун биринчи кибер спорт аренаси расмий очилганини билдирувчи қизил лентани узиш билан бошланди. Шу билан бирга, тадбирда Федерация вице-президенти А.Алимаксумов ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ходимининг Ўзбекистонда киберспортнинг ривожланиш қадамлари, давлатнинг бу йўналишдаги амалга ошираётган ишлари ва Федерациянинг давлат органлари билан келгуси ҳамкорлиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишди.

Федерация Президенти Азизбек Паттаховнинг таъқидлашича, виртуал спорт ўйинлари билан шуғулланиш, ушбу спорт йўналишида юртдошларимиз, ёшларимизнинг жаҳон мусобақалари, чемпионатларида қатнашиши ва улардаги муваффақиятларини таъминлаш мақсадида ушбу «UZ Arena» киберспорт аренаси ташкил этилди.

Ўзбекистон виртуал спорт ўйинлари ва кибер футбол федерацияси виртуал спорт ўйинлари ёки кибер спорт тушунчасини кенг оммага ёйиш, компьютер ўйинларига қизиқадиган ёшларни, компьютерхоналарда бекорга вақт сарфлаётган йигитларни ташкилотга жалб қилиб, уларнинг қизиқиши ва иқтидорини тўғри йўналтириб, тарбиялаб, уни зарарли одатга эмас, ҳақиқий спортга айлантиришни мақсад қилган. Ҳаттоки маҳаллий чемпионатларни телеэкран орқали ҳам намойиш этиш режада бор.

Тадбир давомида федерация томонидан Ўзбекистондаги энг кучли киберфутболчилар сирасига кирувчи – бир нечта халқаро турнирлар совриндори ва Европанинг кумуш медали эгаси М.Турғунбоев билан Ўзбекистон профессионал киберфутбол лигаси иккинчи ўрин соҳиби У.Ибрагимов ўрталарида киберфутбол бўйича намунавий ўйин намойиш этилди ва унинг натижалари бўйича ўйин ғолиби М.Турғунбоев федерация президенти А.Паттахов томонидан ташкилот кубоги билан тақдирланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!