Ўзбекистонда Ришод Собировни ўрнини босадиган дзюдочи чиқмоқда

 

 

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида дзюдо бўйича Халқаро дзюдо федерацияси мусобақалари тақвимидаги юқори нуфузли мусобақа – “Катта дубулға” туркумига кирувчи ҳалқаро турнир бошланди.

Ушбу мусобақада дуёнинг 30 дан зиёд мамлакатидан икки юз нафарга яқин дзюдо устаси ғолиблик учун куч синашмоқда.

Ўзбекистон дзюдо федерациясидан SPORTS.uz ахборот порталига маълум қилишларича,  ушбу мусобақага 2020 йилги Олимпия ўйинларига янги таркибни шакллантириш мақсадида ёш дзюдочилардан таркиб топган терма жамоани жўнатди.

Эндигина халқаро тажриба тўплаб бошлаган ёш дзюдочиларимиз ўзларига берилган имкониятдан унумли фойдаланиб, мураббийлар ишончини оқлай бошлади.

Айниқса, ўзбек дзюдо мухлисларини 60 килограмм вазн тоифасида ўз даврида дунёнинг энг кучли дзюдочиси бўлган ва айни пайтда спортчилик фаолиятини якунлаган Ришод Собировнинг ўрнини ким босиши қизиқтираётган эди.

Бокудаги турнир Ришод полвонга муносиб издошлар борлигини кўрсатди. “Катта-дубулға” турнирида 60 килограмм вазн тоифасида гиламга чиққан Муҳриддин Тиловов кучли рақиблар – Европа чемпионати совриндори озарбайжонлик Оруж Вализода, жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби мўғулистонлик Амартившун Дашдаваа, Пан Америка чемпионати финалчиси бразилиялик Эрик Такабатакени мағлубиятга учратиб, финалга чиқди.

Ёш полвонимиз олтин медаль учунўтказилган баҳсда жаҳон чемпионати совриндори япониялик Тору Шишимега кичик ҳисобда ютқазиб, кумуш медаль билан тақдирланди.

Муҳриддин Тиловов халқаро майдондаги дастлабки ғалабага ўтган йили Тошкентда ўтказилган Грап-при турнирида сазовор бўлган ва нуфузли мусобақанинг олтин медалини қўлга киритган эди.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!