Ўзбекистонлик сузувчи Италияда рекорд ўрнатди

7 июнь, 13:24 1027

Ўзбекистонлик сузувчи Италияда рекорд ўрнатди

 

Италияда сузиш бўйича ўтказилган “Tiro a volo nuoto” анъанавий халқаро турнирида ўзбекистонлик спортчилар тўртта олтин ва тўртта кумуш медалга сазовор бўлди.

Рим шаҳри мезбонлик қилган халқаро турнирда Артём Козлюк 200 метрга баттерфляй усулда сузишда 2 дақиқаю 01,07 сония натижа билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва мазкур халқаро турнирнинг рекордини янгилади. Иқтидорли спортчимиз 50 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳсида ҳам тенгсиз эканини исботлади. У белгиланган масофани 24.45 сонияда сузиб ўтиб, олтин медалга сазовор бўлди. 100 метрга баттерфляй усулида сузишда эса 54,04 сония натижа билан кумуш медални қўлга киритди.

Алексей Тарасенко ҳам турнирда муваффақиятли қатнашди. У 50, 100 ва 200 метрга эркин усулда сузиш бўйича баҳсларда учта кумуш медаль билан тақдирланди.

Терма жамоамиз аъзоси Хуршиджон Турсунов 100 ва 200 метрга эркин усулда сузиш бўйича баҳсларда рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва иккита олтин медални қўлга киритди. Унинг ҳар икки йўналишда қайд этган натижаси халқаро турнирнинг янги рекорди сифатида эътироф этилди.

Жорий йилнинг 14-23 июль кунлари Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида жаҳон чемпионати ўтказилади. Унда Хуршиджон Турсунов, Алексей Тарасенко, Артём Козлюк ва Даниил Букин Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

SPORTS.uz