Ўзбекистонлик ёш дарвозабон ва ёш журналист “Футбол дўстлик учун” лойиҳасида иштирок этади

 

Аввал хабар берганимиздек, ФИФА ва футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг расмий ҳамкори – “Газпром” компанияси ўзаро ҳамкорликда “Футбол дўстлик учун” ижтимоий лойиҳасининг 6-мавсумига старт берди. 2018 йилда мазкур лойиҳа 211та мамлакат вакилларини ўзида жамлайди.

Лойиҳанинг финал тадбирлари шу йилнинг 8–15 июнь кунлари Москва шаҳрида ўтказилади. Ўзбекистон футбол Ассоциацияси иккинчи марта “Футбол дўстлик учун” лойиҳасида иштирок этади.

Қуръа натижасига кўра, бу йил ҳам мусобақаларда юртимиз шарафини ёш дарвозабон ҳимоя қилади.

Мусобақа шартларига кўра, футболчи 10–12 ёшда бўлиши, 2 йиллик футболчилик тажрибасига эга бўлиб, инглиз тилини билиши ва бошқалар билан киришимли бўлиши керак. Шу мақсадда, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси мамлакатдаги футбол клубларнинг ёш дарвозабонлари орасида танлов ўтказган эди.

Танловда “Бунёдкор”, “Нефтчи”, “Насаф”, “Локомотив” ва “Пахтакор” клубларининг жами тарбияланувчилари иштирок этишди. Номзодларни саралаш икки босқичда бўлиб ўтди.

Дастлаб дарвозабонларнинг майдондаги ҳатти-ҳаракати, жисмоний ҳолати ва бошқа кўрсаткичлари синовдан ўтказилди. Синовлар Анвар Рашидов, Марат Галимов ва Руслан Аҳмедхонов каби дарвозабон мураббийлари мутахассислари назорати остида ўтди.

Биринчи босқичдан “Насаф” дарвозабони Асилбек Нўмонов, “Пахтакор” вакили Даниэль Ли ҳамда “Бунёдкор” аъзоси Муслим Абдуманнопов муваффақиятли ўтди.

“Футбол дўстлик учун” халқаро лойиҳа бўлгани сабабли иккинчи босқичда номзодларнинг рус ва инглиз тили борасидаги билимлари синовдан ўтказилди. Ёш дарвозабонлар билан олиб борилган қизиқарли ва мазмунли суҳбатдан кейин “Бунёдкор” тарбияланувчиси, 2006 йилда таваллуд топган Муслим Абдуманнопов халқаро лойиҳада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш учун танлаб олинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, 12 ёшли Мардон Марупов ёш журналист сифатида мазкур лойиҳада Ўзбекистондан иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

25 апрель – Бутунжаҳон футбол ва дўстлик куни муносабати билан дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва соғлом турмуш тарзига бағишланган байрамона тадбирлар бўлиб ўтди.

Ўн минглаб болалар ва катталар ўртоқлик ўйинлари, очиқ машғулотлар, флэшмоб ва спорт байрамларида иштирок этишди. Шу куни, умуминсоний қадриятлар – тенглик, турли маданиятларга ҳурмат ва тинчликни қадрлайдиганлар “Газпром” компаниясининг Халқаро болалар ижтимоий дастури тимсоли бўлмиш кўк-яшил рангли дўстлик билагузугини бир бирига тақиб қўйишди. Билагузукнинг кўк толаси мусаффо осмон, яшил толаси эса футбол майдони тимсолидир. Бутун дунё бўйлаб иштирокчиларни таниқли футболчилар, мураббийлар, телебошловчи ва артистлар, шунингдек, давлат тизимида ишлайдиган вакиллар қўллаб-қувватлашди.

Қайд этиш керакки, Тошкент шаҳрида футбол ва дўстлик куни 15 май куни Ўзбекистон футбол Ассоциациясининг сунъий қопламали майдонида ташкил қилинади. Ушбу тадбир умумтаълим мактабларининг 2009 йилда туғилган ўғил болалари ва 2007 йилда таваллуд топган қизларининг ОФК болалар-ўсмирлар ва оммавий футбол кунига бағишланган фестиваль доирасида ўтказилади.

Мазкур фестивалда “Футбол дўстлик учун” лойиҳасининг Ўзбекистон номидан элчиси – “Бунёдкор” футбол мактаби дарвозабони Муслим Абдуманнопов ва ёш журналист Мардон Марупов иштирок этади.

Бўлажак тадбир барча иштирокчиларда кўплаб ижобий таассуротлар қолдириши аниқ. Ёш қатнашчилар турли ўйин станцияларига ажратилган майдонда ўз маҳоратини намойиш қилади. Улар бир нечта гуруҳга ажратилиб, ҳар бир гуруҳ ўз мураббийига эга бўлади. Фестиваль якунлангач, лойиҳа иштирокчиси – ёш элчи Муслим Абдуманнопов ва ёш журналист Мардон Марупов фестиваль иштирокчиларига дўстлик билагузукларини таққан ҳолда янги дўстлар орттириб олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!