Ўзбек боксчилари халқаро турнирда 11 медални қўлга киритишди

  • 23 октябрь, 2016, 13:05
  • 0
  • Бокс

17-23 октябрь кунлари Ўзбекистон бокс терма жамоаси Мўғилистон пойтахти Улан-Батор шаҳридаги “Бу́янт-Уха́а” саройида бокс бўйича “Chinggis Khan Cup” халқаро мусобақаси иштирок этди.

Унда иштирок этган боксчиларимиз жами 4 олтин, 4 кумуш ва 3 бронза медалини қўлга киритди.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси сафида Турсуной Раҳимова (-51 кг.) ва Мафтунахон Мелиева (-60 кг.) шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, Шахноза Низомова (-54 кг.) кумуш ва Дилнозахон Одилжонова (-69 кг.) бронза медалини қўлга киритди.

Эркаклар беллашувларида эса Абдулхай Шарахматов (-56 кг.) ва Исроил Мадримов (-75 кг.) барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалларга сазовор бўлган бўлса, Нодиржон Мирзоаҳмедов (-49 кг.), Аброржон Қодиров (-52 кг), Фазлиддин Мелибоев (-69 кг) кумуш ҳамда Эльнур Абдураимов (-64 кг.), Зуҳриддин Маҳкамов (-81 кг.) терма жамоамиз ҳисобига бронза медалларини қўшиб қўйди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон медаллар жамғариш бўйича мезбон Мўғилистон терма жамоасидан сўнг иккинчи ўринни банд этди. Кучли учликдан эса хитойлик чарм қўлқоп усталари ўрин олишди.

Эслатиб ўтамиз, 2000 йилдан бери илк марта Мўғилистонда ўтказилган мазкур турнирда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Хитой, Нигерия ва Мўғилистон терма жамоалари иштирок этди. Беллашувлар AIBA қоидалари асосида ўтказилди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!