Пара-атлетика бўйича ЖЧда 3-олтинни қўлга киритдик

20 июль, 14:37 269

Пара-атлетика бўйича ЖЧда 3-олтинни қўлга киритдик

Лондонда давом этаётган пара-атлетика бўйича жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз томонидан жамғарилган медаллар сони тўрттага етди. Эркаклар ўртасида найза улоқтириш бўйича баҳсларда иштирок этган Александр Свечников 71.01метр натижаси билан олтин медалга сазовор бўлди ва жахон рекордини янгилади. 

Шу йили май ойида Бокуда бўлиб ўтган IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”да Свечников найзани 70 метрга улоқтириб, жаҳон рекордини ўрнатган эди. Демак, ҳамюртимиз бу сафар 71.01 метр натижаси билан ўзига тегишли бўлган рекордни янгилашга муваффақ бўлди. Найза улоқтириш бўйича баҳслар якунига кўра кумуш медалга эронлик Нажот Никараст (61.88 м.) сазовор бўлган бўлса, 61.53 метр кўрсаткич қайд этган испаниялик Лэсер Кабрерага бронза медали насиб этди.  

Аёллар ўртасида кечган баҳсларда ҳамюртимиз Нозима Қаюмова 41.25 метр натижаси билан фақатгина Хитойлик рақиби Зао Юпинг (42.72 м.)дан ортда қолиб, кумуш медали соҳибасига айланди. Австриялик Наталия Эдер (38.37м.) эса бронза медали билан тақдирланди. Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати 23 июлга қадар давом этади ва унда 1050 нафар спортчи 213та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради. 

Маълумот учун, терма жамоамиз аъзолари орасида биринчи бўлиб Хусниддин Норбеков 15 июль куни диск улоқтириш бўйича ўтказилган беллашувларда 54.73 метр натижаси билан олтин медалга эга чиқиб, иккинчи маротаба жахон чемпиони унвонига сазовор бўлган, Дониёр Солиев эса узунликга сакраш баҳсларида 7.18 метр натижа қайд этиб, делегациямиз ҳисобига иккинчи олтин медални қўшиб қўйганди.