"Пахтакор"нинг СССР чемпионатидаги энг яхши натижасига 55 йил тўлди

21 ноябрь,2017, 14:50 727

1962 йил 18 ноябрь куни якунланган чемпионатда "Пахтакор" 6-ўринни эгаллаганди. Ўша йили “Торпедо” Москва, “Шахтёр” Донецк ва “Зенит” Ленинград каби клубларни ортда қолдирган “Пахтакор” юқори олтиликдан ўрин эгаллаб, ўзининг Собиқ Иттифоқ чемпионатлари тарихидаги энг яхши натижасини кўрсатганди. Ушбу натижа орадан 20 йил ўтгач, 1982 йил яна такрорланган. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда. 

55 йил аввал “Пахтакор” мавсумдаги сўнгги ўйинини Тошкентда Донецкнинг “Шахтёр” жамоасига қарши ўтказган. 35 минг ишқибоз стадионда кузатган учрашувда тошкентликлар 2:1 ҳисобида зафар қучган. Голларни Мухин ва Тазетдинов урган.

Биродар Абдураимов ўша мавсум 8 тўп киритиб, “Пахтакор” тўпурарига айланган. Голлардан бирини Лев Яшин дарвозасига ургани эътиборга молик.

1962 йилги мавсумда кўрсатилган натижа сабабли “Пахтакор”нинг 14 нафар футболчиси “Спорт устаси” унвони билан тақдирланган.

Жамоани ўшанда Александр Андреевич Келлер бошқарган. Биз ушбу тарихий натижага эришган барчани табриклаб, ҳаётдан кўз юмганларни хотирлаймиз.

Юрий Пшеничников, Сулаймон Демержи, Мақсуд Шарипов, Олег Моторин, Виталий Суюнов, Станислав Семёнов, Юрий Матвеев, Вильгельм Қаҳҳоров, Владимир Тожиров, Идгай Тазетдинов, Валерий Мухин, Ҳамид Раҳматуллаев, Виктор Нерсесов, Юрий Федосов, Юрий Беляков, Биродар Абдураимов, Геннадий Красницкий, Игорь Малиновский, Анатолий Морозов, Виктор Орлов.

Клуб раҳбарияти 1962 йилги таркибда бўлган мураббий ва футболчиларга, уларнинг яқинларига ҳурматини изҳор қилади ҳамда ушбу юбилей билан табриклайди. Сизларни доим эслаймиз, ютуқларингиз билан фахрланамиз!