Пеп Гвардиола ҳақида икки оғиз сўз

10 ноябрь,2017, 21:20 872

Пеп Гвардиола ҳақида икки оғиз сўз

Гвардиоланинг Германия терма жамоаси ғалабаларидаги "дастхати"

Ушбу фикрларни қоғозга тушириш ғояси Германия терма жамоаси Бразилиядаги ЖЧда ҳақли равишда ўзининг навбатдаги ғалабасини тарихга муҳрлаганидаёқ туғилган эди. Бош мураббий Йоахим Лёвнинг хизматларини эътироф этган ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, немисларга муваффақият учун нимадир камлик қилаётгандек эди. Менинг шахсий фикримча, айнан Гвардиола жамоага етишмаётган эди. Гвардиоланинг немис терма жамоасига нима дахли бор дерсиз. Ҳозир сизга тушунтириб бераман.

Йоахим Лёв: Германия ҳамон дунёдаги энг зўр терма жамоа

“Боруссия Дортмунд”нинг сўнгги йиллардаги юксалишини айтмаганда, “Бавария” Германия терма жамоаси учун “қошиққа илинадиган” футболчиларни тайёрлаб берадиган асосий  “механизм” ҳисобланади.

Аҳамиятлиси, “Бавария” тарбияланувчиларига фақатгина немис терма жамоаси “харидор” эмас. Нойер, Лам, Боатенг, Мюллер, Гётце, Швайнштайгерларнинг ўзиёқ қарийб ярим жамоани ташкил этади. Бу қаторга Бадштуберни ҳам қўшган бўлардикку, доимий тарзда жароҳат орттириб оладиган “қилиғи” унга сал панд берадида. Назаримда, Германия терма жамоасига Бразилияда ғалабани қўлга киритиш учун тўпни назорат қилишда маҳорат ҳамда шунга боғлиқ равишда, ўзига ишониш ҳисси етишмади. Гвардиола ўз фалсафасини “Бавария” вакиллари сингдира олган.

Шу билан билвосита терма жамоа сифатига ҳам ўз таъсирини ўтказган эди. Йоахим Лёв ва унинг жамоасидагилар кўрсатадиган ўйиннинг ҳар бир жиҳатида: ҳам жисмоний, ҳам стратегик, ҳам тактик жиҳатдан Гвардиола услубининг нафаси сезилиб турди.

Висенте дель Боске ва Луис Арагонес ҳам тажрибада қўлланилиб чархланган бу услубни Испания терма жамоасида қўллашди. Бунинг маҳсули ўлароқ, сўнгги йилларда Испания қўлга киритган муваффақиятларга ўзингиз баҳо беринг. Энг кўзга ташланган футболчилар эса айнан Пеп мураббийлик қилаётган "Барселона” тарбияланувчилари бўлди.

 

Ишончим комил, Гвардиола оддийгина тўпни назорат қилиш маҳоратидан ҳақиқий фалсафа яратган беқиёс мураббий сифатида тарихда қолади. У ўз клуби билан қўлга киритиш мумкин бўлган ғалабаларнинг барчасини ўз “репертуар“ига киритди. Тўғри, худди шу тактика “Бавария”да ҳам муваффақият келтиришига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ҳар ҳолда немис футболи испан футболидан сал фарқ қилади. Ҳали ҳеч ким Гвардиола “Барселона”да қилгани каби ўйинни назорат остига олишнинг уддасидан чиқа олмади, аммо жуда кўпчилик бунга уриниб кўрди.

Ҳатто Пепнинг ўзи ҳам бу мўъжизасини “Бавария”да такрорлай олмади. Ноу-хау тики-таканинг мазмуни аслида жуда оддий: рақиб дарвозасига гол киритиш учун авваламбор тўпни эгаллаб олиш устида бош қотириш керак, лекин бу осон эмас. Ақллилар айтганидек, барча доноликлар замирида оддийлик ётади. Тики-такага асосланган ҳолда, Пеп ҳар бир ўйинда, турнирда ўзининг услубий вазифаларини қойилмақом қилиб бажаради.Услубнинг моҳияти ҳам шунда: ютқазасанми, ютасанми - ўйинда етакчиликни сақлаш шарт. Гвардиола мураббийлиги даврида “Барселона” да А, Б ва ҳоказо режалар йўқ эди. Ягона режа мавжуд ва у муқаррар: майдонга чиқасан, тўпни ҳеч кимга бермайсан ва гол киритасан. Бир тасаввур қилиб кўринг-а: мураббий жамоасини кузата туриб, унинг бир қадам ҳам чекинмаётганини, тўпга рақибни яқин йўламаётганини кўриб қанчалар завқланади! Чемпионлар лигасида ғалаба қилган Моуриньога ҳам бундай завқни ҳис қилиш насиб қилмаган бўлса керак. Айнан Моур орадан вақт ўтиб ушбу услубни ўрганиб чиқиб "Барселона“га қарши қандай ўйнаш кераклигини барчага ўргатди.

П.С. Гвардиола бошчилигидаги "Сити” жорий мавсумда ажойиб ўйин кўрсатмоқда. Жамоа худди шу руҳни мавсум якунига қадар сақлаб қола олса, нафақат Англияда чемпионликка даъво қилади, балки еврокубокда ғалаба ҳам улар учун чўт бўлмайди. Бунисига нима дейсиз?

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.