Пляж футболи бўйича 2017 йилги Осиё чемпионатига қуръа ташланди

 

Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳридаги Осиё футбол конфедерацияси (ОФК)нинг штаб-квартирасида бугун, 10 январь куни пляж футболи бўйича Осиё чемпионати–2017 турнирига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Қуръа натижасига кўра, пляж футболи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси амалдаги чемпион – Уммон ҳамда Ливан ва Таиланд термалари билан биргаликда “B” гуруҳидан жой олди.

“А” гуруҳида Эрон, Баҳрайн, Хитой, Малайзия ва Афғонистон ўзаро баҳс олиб борса, “C” гуруҳида Япония, БАА, Ироқ ва Қатар термалари бир-бири билан куч синашади.

Пляж футболи бўйича Осиё чемпионати 2017 йилнинг 4–11 март кунлари Малайзиянинг Тренгану шаҳрида бўлиб ўтади. Регламентга кўра, ҳар бир гуруҳ ғолиби ҳамда гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган энг яхши битта жамоа ярим финалга чиқади.

Мусобақа 1–3 ўринларни эгаллаган терма жамоалар пляж футболи бўйича Багам оролларида шу йилнинг 27 апрель – 7 май кунлари ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига йўл олади.

Маълумот учун, пляж футболи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 51 ўринни эгаллаб турибди. Осиё мамлакатлари ўртасида Ўзбекистон термаси 10 поғонада бормоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!