Полвонларимиз Жаҳон чемпионатини қандай ўтказишди? (Батафсил)

18-21 октябрь кунлари Хорватиянинг Загреб шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Ушбу мусобақада бутун дунёнинг 83 мамлакатидан келган 590 нафар спортчилар турли вазн   тоифаларида ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Ушбу турнирга вакилларимиз ҳам 14 нафар спортчи билан иштирок этишди.  Хусусан, йигитлар баҳсида терма жамоамиз барча вазн тоифаларида қатнашган бўлса, қизлар ўртасида вакилларимиз -44, -48, -57 ва -63 кг вазн тоифаларида ғолиблик учун татамига кўтарилишди. Аммо, бу қанчалик ошганлиги умуман, бошқа масала.

Мусобақанинг дастлабки кунги беллашувлари доирасида йигитлар ўртаси -55 ва -60, қизлар баҳсида эса-44 ва -48 кг вазн тоифаларида ғолиблар номига аниқлик киритилди. Йигитлар баҳсида вакилларимиздан -55 кг вазнда Манучер Ширинов беллашган бўлса, - 60 кг вазн тоифасида эса Беҳруз Амандавлатов юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Қизлар баҳсида эса -44 кг вазн тоифасида Гулнур Муратбаева татамига кўтарилган бўлса, -48 кг вазнда Диёра Келдиёрова ўз омадини синовдан ўтказди.

Энди бевосита баҳсларга тўхталадиган бўлсак, йигитлар баҳсида қуръа натижаларига кўра, Манучер Ширинов ўз вазн тоифасининг “Б” гуруҳида италиялик Андреа Карлинони вазаре эвазига мағлубиятга учратган ҳолда, кейинги баҳсда Дамир Бўлатбековга айнан вазаре баҳоси эвазига имкониятни бой бериб қўйди.

-60 кг вазн тоифасида эса Беҳруз Амандавлатов иштирокини иккинчи даврадан бошлади, аммо дастлабки беллашувдаёқ кейинчалик мусобақанинг бронза медали соҳибига айланган мўғулистон вакили Амарболд Жагваралдоржга вазаре эвазига имкониятни бой бериб қўйди. Аслида вакилимиз ҳеч бир жиҳатдан рақибига имкониятни бой бериб қўйгани йўқ. Аммо, беллашув якунига бироз вақт қолганда, Мўғулистон вакили кичик ушлаш ҳолатини юзага келтирди ва айнан мана шу жиҳат унинг муваффақиятини таъминлади. Кейинги эпизодларда эса унинг асосий эътиборни ҳимояга қаратганлиги ҳисобнинг тенглашишига тўсқинлик қилди.

Қизлар баҳсида эса -44 кг вазн тоифасининг “Д” гуруҳининг иккинчи босқичидан беллашувларга қўшилган қизимиз Гулнур Муратбаева ўз гуруҳида дастлаб, Шимолий Корея вакиласи Ким Кйонг Ани кейинчалик эса венгриялик Фатиме Берингерни мағлуб этган ҳолда ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритган ҳолда ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Аммо ҳал қилувчи босқичларда дастлаб, япониялик Нина Кубоига имкониятбой бой бериб қўйган бўлса, бронза медали учун ўтказилган қўшимча саралаш босқичида бельгиялик Луи Петит ҳамюртимизни ушлаш ҳолати билан иппон баҳоси эвазига мағлубиятга учратди.

Шунингдек, -48 кг вазн тоифасидаги қизлар баҳсида Диёра Келдиёрова ҳам Муратбаева каби “Д” гуруҳида ўз иштирокини бошлади аммо, дастлабки беллашувдаёқ жамоадоши каби россиялик Марусья Стангерга ушлаш ҳолати билан иппон баҳоси эвазига имкониятни бой бериб қўйди.

Иккинчи кунги баҳсларда 4 нафар ҳамюртимиз иштирок этди ва кун якунида мусобақадаги ягона медаль қўлга киритилди. Хусусан, - 66 кг вазн тоифасида татамига кўтарилган Артём Штурбабин, дастлаб АҚШ вакили Куэнтин Кукни мағлуб этган бўлса, чорак финал олдидан тожикистонлик Муҳаммадкарим Сарахоновдан устун келди. Финал босқичига қадар ўтказилган баҳсларда эса, италиялик Мануэль Ломбардони иппон озарбайжонлик Ягуб Жавадовни эса вазаре эвазига мағлубиятга учратди. Бироқ финал босқичида ҳамюртимиз бразилиялик Даниэль Грагнин билан тўқнаш келди ва баҳс якунига саноқли сониялар қолганда Жанубий Америка вакили вазаре баҳосини қўлга киритди ва бу амалга беллашув тақдирини ҳал қилди.

- 73 кг вазн тоифасида эса икки нафар вакилимиз мусобақа ғолиблиги учун баҳс олиб борди аммо, уларнинг ҳар иккаласи ҳам гуруҳ босқичидаёқ ўз иштирокини тўхтатишга мажбур бўлишди. Хусусан, “А” гуруҳида Сардор Каримов дастлабки босқичда марокашлик Исмоил Белгаидни вазаре эвазига мағлуб этган бўлса, кейинги босқичда қозоғистонлик Дидар Ҳамзага “голден скор”да вазаре эвазига имкониятни бой бериб қўйди.

Шунингдек, “Д” гуруҳида ўз иштирокини иккинчи босқичдан бошлаган Мусо Собиров ҳам дастлаб озарбайжонлик Мурод Фатиевни иппон эвазига мағлуб этган бўлса, кейинги баҳсда франциялик Уго Метифуага худди шу ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди.

-57 кг вазн тоифасидаги қизлар баҳсида ҳам вакилларимиз айтарли натижани қўлга кирита олишмади. Ушбу вазнда хорватиялик Тихея Тополовецга қарши татамига кўтарилган Санобар Султонова рақибасига тўлиқ устунликни топшириб қўйди ва натижа ҳам шунга яраша: бекор қилинган вазаре – иппон.

Учинчи кунги беллашувларда ҳам 4 нафар ҳамюртимиз баҳсларда иштирок этган бўлсада, медаллар сони ўзгарганича йўқ. Хусусан, -81 кг вазн тоифасида Давлат Бобонов дастлабки босқичдаёқ япониялик Томокиё Хикаруга иппон баҳоси эвазига имкониятни бой бериб қўйди. Аслида, Бобонов рақибидан битта вазаре баҳоси билан устунлик қилиб келаётганди. Бироқ, баҳс тугашига 1 дақиқадан камроқ вақт қолганда Япония вакили учи-мата усулида ҳамюртимизни мағлуб этишга муваффақ бўлди.

Бундан ташқари, -90кг вазн тоифасида ҳам икки нафар ҳамюртимиз татамига кўтарилди. Хусусан, “А” гуруҳида Муҳаммадкарим Хуррамов грузиялик Имеда Гоголадзени вазаре, украиналик Микита Матлашевскини иппон эвазига мағлуб этган бўлса, япониялик Тажима Гокига айни шу ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. “С” гуруҳида эса Шермуҳаммад Жандреев бронза медалига яқин келганди, бироқ ҳамюртимизнинг йўлига яна бир “кунчиқар юрт” вакили тўғаноқ бўлди. Яъни, вакилимиз ўз гуруҳининг ҳал қилувчи баҳсида кейинчалик Жаҳон чемпионати кумуш медалини қўлга киритган доминиканлик Роберт Флорентинога имкониятни бой бериб қўйди. Кейинчалик бронза медали учун ўтказилган қўшимча саралаш босқичида эса Коши Нагаига иппон эвазига имкониятни бой бериб қўйди.

-63 кг вазн тоифасидаги қизлар ўртасида ўтказилган баҳсда эса Хожиниса Камолиддинова иккинчи босқичдан иштирокини бошлаб, дастлабки баҳсдаёқ сербиялик Йована Обрадовичга иппон эвазига имкониятни бой бериб қўйди.

Мусобақанинг сўнгги кунги баҳслари эса ҳамюртларимизда медалларга бўлган умидни яна бир бор қўзғатган бўлса, ажабмас. Хусусан, ушбу кун дастуридан ўрин олган беллашувларда энг оғир вазн тоифаларидаги полвонлар ғолиблик учун татамига кўтирилишди. -100 кг вазн тоифасида “С” гуруҳидан баҳсларга киришган Артём Багдасаров дастлаб босниялик Микола Капорни вазаре эвазига мағлуб этган бўлса, кейинги босқичда озарбайжонлик Зелим Коцоиевга иппон эвазига имкониятни бой бериб қўйди.

Мутлақ оғир вазн тоифасининг “Б” гуруҳида баҳсларга киришган Алишер Юсупов эса, ўз гуруҳида дастлаб эстониялик танель Капрони кейинчалик венгриялик Ричард Вацулик ва гуруҳнинг сўнгги баҳсида бразилиялик Артур Барбозани иппон эвазига мағлуб этган бўлса, ярим финал босқичида россиялик Инал Тасоевга худди шу ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди.

Бронза медали учун ўтказилган қўшимча саралаш босқичида эса словениялик Менеж Маринич вакилимиздан вазаре баҳоси эвазига устун келди.

Вакилларимиз ушбу нуфузли мусобақа якунига кўра, норасмий медаллар рейтингида 83 мамлакат ўртасида 12-ўринни банд этишди. Умуман олганда эса, мусобақа давомида 37 мамлакат вакиллари ўз юртларига медаллар билан қайтишди бу эса умумий иштирокчилар сонининг 30 фоизи демакдир. Медаллар бўйича Япония вакиллари 8 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медали билан биринчи ўринни қўлга киритган бўлишса, озарбайжонликлар 2 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медали билан иккинчи, Россия вакиллари эса 1 та олтин, 2 та кумуш ва шунча бронза медали билан кучли учликни якунлаб беришди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!