Пойтахтимизда "Happy Caravan-2017" Халқаро турнири старт олди (фото)

19 апрель, 07:20 384

Кеча пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича нуфузли мусобақалар – Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan – 2017” халқаро турнири бошланди. 
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси, Халқаро гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақаларда Ўзбекистон, Арманистон, Австралия, АҚШ, Беларусь, Болгария, Грузия, Индонезия, Испания, Исроил, Латвия, Норвегия, Россия, Словения, Таиланд, Финляндия, Швейцария, Эстония, Япония ва Қозоғистон каби давлатлардан юз элликдан зиёд кучли гимнастикачилар ғолиблик учун баҳслашмоқда. 
18-19 апрель кунлари “Happy Caravan – 2017” халқаро турнири, 21-23 апрель кунлари Жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтади. 

Мусобақанинг яккалик баҳсларида Дилдора Раҳматова, Нуринисо Усмонова, Тахмина Икромова, Хуршида Абдурауфова, Севинч Турдиева, Наргиза Жуманиёзова, Диёра Бурҳонхўжаева, Лола Зокирова, Фарзона Усмонова сингари гимнастикачиларимиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Гуруҳ баҳсларида Шаҳризода Арзиматова, Екатерина Фетисова, Шаҳризода Қаюмова, Динора Иззатуллаева, Сунажон Сотимбоева, Анастасия Тихоновадан иборат жамоамиз қатнашмоқда. 
Нуфузли турнирнинг биринчи кунида гимнастикачилар жамоавий кўп кураш бўйича ғолиблик учун ўзаро баҳслашди. 
Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Диёра Бурхонхўжаева халқада 15.05 балл, Тахмина Икромова тўпда 15.15 балл, булавада 14.35 балл, Севинч Турдиева тасмада 14.15 балл тўплади. Шу тариқа 58.7 балл тўплаган терма жамоамиз шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. 

Манба:uza.uz