ҚАЙСИ АГЕНТ ОБРЎЛИРОҚ?
14 Декабр 20:44 | 646
 
Ҳозирги даврда телевидение лигаларни боқмоқда, улар эса, ўз навбатида, ўйинчиларга миллионларни сарфлашмоқда. Мана шундай паллада спортчилар ва уларнинг иш берувчилари ўртасида «даллоллик» қилиш – ўта даромадли бизнес. Forbes томонидан эълон қилинган янги рўйхатда энг обрўли 40 нафар агентнинг амалдаги шартномалари умумий миқдори 40 миллиард долларга тенг эканлиги қайд этилган. Ўз-ўзидан, улуш миқдори 1,95 миллиард долларга тенг бўлади. 2016 йилги рейтинг кўрсаткичларига таянадиган бўлсак, ўн нафар омадли агентлар ўз хизматлари эвазига 550 миллион доллардан ортиқроқ маблағ ишлаб топишган. Қуйида шундай ишбилармонлар билан танишишингиз мумкин.
 
1. Скотт Борас, Boras Corp
 
Спорт тури: бейсбол
 
Хизмат ҳақи: 132,29 млн. доллар
 
Мижозлар шартномаси: 2,2 млрд. доллар
 
Рейтинг етакчиси – калифорниялик ҳуқуқшунос Скотт Борасдан MLB (Major League Baseball) клубларининг барча бош менежерлари қўрқишади, уни жуда ҳурмат қилишади. Бу шахснинг 60 нафар бейсболчининг ишларини юритади. Гарчи ушбу спортчиларнинг номи сизга ҳеч нимани англатмаса-да, рақамлар ҳаммасига ойдинлик киритиши мумкин: Boras Corp компаниясининг 9 нафар мижози 100 миллион доллардан ортиқроққа баҳоланувчи шартномага имзо чекишган, қолган 13 спортчида бу кўрсаткич 80 миллион долларни ташкил қилади.
 
2. Жорже Мендеш, Gestifute International
 
Спорт тури: футбол
 
Хизмат ҳақи: 72,72 млн. доллар
 
Мижозлар шартномаси: 727,4 млн. доллар
 
Мендеш 30 ёшигача футбол ўйнаган, фаолиятини якунлаганидан кейин эса Каминья курорт шаҳарчасидан тунги клуб сотиб олиб, ушбу муассасада диджейлик қилди. Энди ёши 50да, унинг мижозлари рўйхатида 91 нафар футболчининг номи қайд этилган. Улар орасида «Реал» вакиллари Криштиану Роналду, Хамес Родригес, шунингдек, «Челси» ҳужумчиси Диего Коста ва бошқа кўплаб юлдузлар бор.
 
3. Сэм ва Сэт Левинсонлар, ACES
 
Спорт тури: бейсбол
 
Хизмат ҳақи: 55,38 млн. доллар
 
Мижозлар шартномаси: 1 млрд. доллар
 
Ака-ука Левинсонларнинг агентлик бизнеси сўнгги ўн йилликда анча гуркиради. Эркин агентга айланган бейсболчилар билан шартнома имзолайдиган Сэм ва Сэт 155 («Чикаго Кабс»даги Жон Лестер билан) ҳамда 138 («Нью-Йорк Метс»даги Дэвид Райт билан) миллионлик келишувга эришишни уддалаганлар.
 
4. Кэйси Клоуз, Excel Sports Management
 
Спорт тури: бейсбол
 
Хизмат ҳақи: 55,11 млн. доллар
 
Мижозлар шартномаси: 1,2 млрд. доллар
 
«Нью-Йорк Янкиз» сафида бейсбол ўйнаган Клоузнинг майдондаги ишлари у қадар муваффақиятли кечмаган. Фаолиятини якунлагач, IMG агентлигининг бейсбол департаментига ишга кирди, сўнгра Creative Artists Agency компаниясида фаолият юритди, 2011 йилдан эса Жефф Шварц (баскетбол) ҳамда Марк Штейнберг (гольф)нинг ҳамкорига айланиб, Excel Sport Management агентлигида ишлай бошлади. Учовлон беш йил ичида ўз компанияларини жаҳондаги энг бадавлат спорт агентликлари рейтингининг иккинчи поғонсига олиб чиқишди.
 
5. Жефф Шварц, Excel Sports Management
 
Спорт тури: баскетбол
 
Хизмат ҳақи: 52,11 млн. доллар
 
Мижозлар шартномаси: 1,3 млрд. доллар
 
Ёз мавсуми МБАда диққатга молик воқеаларга бой тарзда кечди: 2016/2017 йиллар мавсуми учун маошлар миқдори кўтарилди (94 миллион долларгача). Шу боис Excel Sports Management асосчиси ва президенти Жефф Шварц ўзи бошқараётган агентликни баскетбол бозорида етакчига айлантирди. Унинг мижозлари орасида чемпион «Кливленд» аъзоси Кевин Лав, «Лос-Анжелес Клипперс»даги Блэйк Гриффин ва бошқалар бор.
 
6. Грег Генске, The Legacy Agency
 
Спорт тури: бейсбол
 
Хизмат ҳақи: 47,6 млн. доллар
 
Мижозлар шартномаси: 765,9 млн. доллар
 
Тез ўсишга эришаётган бейсбол агентларидан бири. Унинг идораси Калифорниянинг Ньюпорт-Бичида жойлашган – Жанубий ва Лотин Америкасидаги ўйинчилар билан шартнома имзолаш учун анча қулай маскан.
 
7. Пэт Бриссон, Creative Artists Agency
 
Спорт тури: хоккей
 
Хизмат ҳақи: 40,17 млн. доллар
 
Мижозлар шартномаси: 1 млрд. доллар
 
Голливудда Жорж Клуни, Леонардо Ди Каприо сингари киноюлдузлар ишларини юритувчи Creative Artists Agency (САА) мега-агентлиги спортдаги нуфузини ҳам ошириб бормоқда. Ўтган йили САА билан ҳамкорлик қилган спортчилар клублар билан 2,2 миллиард долларлик шартнома имзолашди, бу эса сўнгги йиллар мобайнида агентлик ғазнасига 290 миллион доллар келиб тушишини англатади. Пэт Бриссон СААда хоккейчилар келишувларига масъул ҳисобланади. Унинг мижозлари орасидан энг бадавлат хоккейчилар рейтинги пешқадамлари – Сидни Кросби ва Жонатан Тэйвз ўрин олишган.
 
8. Том Кондон, Creative Artists Agency
 
Спорт тури: Америка футболи
 
Хизмат ҳақи: 39,55 млн. доллар
 
Мижозлар шартномаси: 1,3 млрд. доллар
 
Том Кондон «Канзас-Сити Чифс» клубида ўйнаётган кезлари ҳуқуқшуносликдан таълим олиб, ҳам спортчи, ҳам агент сифатида фаолият юрита бошлади. 80-йилларда МФЛ ўйинчилари ассоциациясини икки мавсум мобайнида бошқарди, эндиликда Америка футболи билан шуғулланувчи 48 нафар спортчининг ишини юритмоқда. Ака-ука Пейтонлар ҳамда Илай Мэннинг Кондоннинг энг машҳур мижозлари ҳисобланишади.
 
9. Жонатан Барнет, Stellar Group
 
Спорт тури: футбол
 
Хизмат ҳақи: 37,62 млн. доллар
 
Мижозлар шартномаси: 375,2 млн. доллар
 
Барнет агент сифатидаги фаолиятини крикетчи Брайан Ларанинг шартномаси билан бошлаган, эндиликда унинг мижозлар рўйхатида 96 киши қайд этилган. Улар орасида 2013 йили 101 миллион евро эвазига Мадриднинг «Реал» клубига ўтган Гарет Бэйл ҳам бор.
 
10. Мино Райола
 
Спорт тури: футбол
 
Хизмат ҳақи: 35,63 млн. доллар
 
Мижозлар шартномаси: 356,3 млн. доллар
 
Машҳур футболчиларнинг иши билан шуғулланувчи италиялик Мино Райола ўзини ҳам юлдуз деб билади. Агентлар орасида айнан у «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клоппни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаши, «Манчестер Сити» устози Хосеп Гвардиола шаънига ёмон сўзларни айтиши мумкин. Айнан у мўмай даромаддан сўнг Аль Капоненинг Майамидаги вилласини 9 миллион долларга сотиб олиши мумкин. Райоланинг молиявий схемаси ҳақида кўп маълумот йўқ, аммо унинг ортидан Мино миллионларга эга бўлаётгани рост: уч нафар мижози – Поль Погба, Златан Ибрагимович ҳамда Генрих Мхитарянни «Манчестер Юнайтед»га жойлаштирган агент иш ҳақи эвазига 30 миллион еврога эга бўлди.
 
                                                                                                                      Дилмурод ПАРПИЕВ тайёрлади
Теглар Спорт Футбол агент Улашиш

Ўхшаш янгиликлар

Sports.uz 2016 ©
ЎзМАА интернет-ОАВ лицензияси рақами: №1002