Қашқадарё дербиси: “Насаф”– “Машъал” учрашуви превьюси

 

Воҳа футбол ишқибозлари XXVI Ўзбекистон чемпионатининг 11-турида воҳа дербисига гувоҳ бўлишади. Аслида бу тур дербиларга бой ҳисобланади.

Учрашув 18 май пайшанба куни Ғузор шаҳридаги “Ғузор” марказий стадионида бўлиб ўтади. Дерби мақомига эга учрашув соат 18:30 да старт олади.  Бир кун олдин, 17 май куни ёшлар лигаси доирасидаги учрашув эса, Спутник қўрғонидаги ёшларимиз қароргоҳи майдонида соат 18:00да бошланади.

Валентин Коваленко катта танаффусдан сўнг яна “Насаф” иштирокидаги ўйинни бошқарадиган бщлди. Ушбу ҳакам сўнгги бор, 2015 йили жамоамиз иштирокидаги учрашувни бошқарган.

Ўзаро учрашувлар тарихидан

Ушбу жамоалар ўртасидаги чемпионат баҳслари 2002 йилдан бошланган. Шу йили жамоамиз ҳар иккала учрашувда ҳам муборакликларни бир хил 2:0 ҳисобида мағлуб этган. Жамоамиз сафида “газчилар” дарвозасини биринчи ишғол этган футболчи Нуъмон Ҳасанов ҳисобланади.

“Машъал” ҳамда “Насаф” жамоаларининг ўзаро ўйинлари тарихига назар ташласак, ўтказилган 28 та ўйиннинг 14 тасида "аждарлар" зафар қучганлигининг гувоҳига айланамиз. "Машъал" вакиллари эса 8 бор ғалаба қозонишган. Қолган олтита баҳсда томонлар муроса йўлини танлашган. Эътиборли жиҳати, барча дуранг натижалар Муборакда қайд этилган.

Тўплар нисбати бўйича ҳам мос равишда “Насаф” футболчилари устунлик қилмоқда: 46-27. Воҳа дербисида Зафар Холмуродов 8 марта гол киритган ягона футболчи бўлиб турибди.

Дербида уч марта “хет-трик” кузатилган. 2004 йили Муборакда Зафар Холмуродов, 2007 йили Виктор Клишин рақиб дарвозабонларини уч марта хафа қилган. Бу жамоаларнинг ўзаро ўйинларида энг кўп, беш маротаба қайд этилган ҳисоб - 2:0. Бу жамоалар ўзаро баҳслашганда икки бор нурсиз дуранг қайд этилган. Қолган барча учрашувларда мухлислар голларга гувоҳ бўлишган.

Ўтган йилги мавсумда Ғузорда ўтказилган иккинчи давра ўйинида “Насаф”нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топган. Учрашувдаги голларни Бобир Абдухолиқов ва Шароф Муҳитдиновлар киритган.

Қаршидаги учрашувларга оид фактлар

Мазкур жамоалар шу пайтгача Қаршида ўзаро 14 марта куч синашишган. Ўтган учрашувларнинг 12тасида “Насаф”нинг қўли баланд келган. 2 учрашувда “Машъал” жамоаси ғалаба қозонган. Қаршида бўлган учрашувларда жамоалар ўртасида бирон марта дуранг натижа қайд этилмаган. Тўплар нисбати эса 33:10, устунлик “Насаф” томонида.

“Машъал” жамоаси сўнгги бор 2008 йилги Қаршида бўлган учрашувда ғалаба қозонган. Бу учрашув 2:3 ҳисобида якун топган. Қаршида бўлиб ўтган учрашувларда тўрт марта 2:0, тўрт марта 3:1, икки марта 3:0 ҳисоблари ҳам қайд этилган.

Жамоалар тўпурарлари ҳақида

Футболчиларимиз бу йилги чемпионатда рақиблари дарвозасига 13та гол киритишди (бир ўйинда рақибимиз футболчиси ўз дарвозасини ишғол қилган). Ҳозирча жамоамиз тўпурари Драган Черан бўлиб турибди. У ҳозиргача 6та гол киритди. Афсуски, бу ҳужумчимиз кейинги 3 учрашувда гол ура олгани йўқ. Яна бир факт, футболчиларимиз бу йилги мавсумнинг фақат бир учрашувида 2та гол уришди (“Қўқон-1912” – “Насаф” 1:2). Қолган сафар учрашувларида, жамоамиз биттадан ортиқ гол ура олмаяпти ёки умуман ура олмаяпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!