Қатар термаси биз учун қанчалик хавфли?

 

Хабарингиз бор, 28 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда ЖЧ-2018 3-саралаш босқичидан ўрин олган Қатарга қарши баҳсда майдонга тушади. Мазкур беллашув вакилларимиз учун катта аҳамиятга эга. Шунинг учун биз бўлажак ўйин олдидан Қатарнинг кучли ва кучсиз, қандай салоҳиятга эга эканлиги борасида маълумотларни сизларга тақдим этамиз.

Қатар терма жамоаси айни пайтда 4 очко билан турнир жадвалининг энг сўнгги поғонасида бормоқда. Шундай экан бўлажак учрашувда улар бизга етарлича қаршилик кўрсатишлари аниқ.

Қатар Ўзбекистон билан бўлган охирги 5 ўйинда фақатгина бир марта ғалаба қозонган. Ўша битта ғалаба ўртоқлик ўйинига тўғри келади. Қолган расмий 4 баҳсда вакилларимиз рақибини мағлубиятга учратишган. Қолаверса, ушбу босқичнинг биринчи беллашувида Самвел Бабаян шогирдлари Қатардан 1:0 ҳисобида устун келишган. Ўзаро ўйинлар тўпурарлари ҳисобланган Баҳодир Насимов ва Ҳалфан Иброҳим ҳар икки терма жамоа таркибига киритилмаган. Қолаверса, Қатар ўз майдонида ўтказган сўнгги 5 учрашувда фақатгина бир марта Россия терма жамоасини ўртоқлик ўйинида таслим қилган холос. Ўзбекистонга қарши охирги 5 баҳсда бирор марта ҳам ғалаба қозонгани йўқ.       

Қатар таркибига эътибор қаратадиган бўлсак, 29 футболчидан фақатгина 2таси хорижда тўп тепади. Қолган ўйинчилар Қатар чемпионатида фаолият олиб боришади. Аммо шуни айтиб ўтиш мумкинки, чет-элда ўйнайдиган 2 футболчидан бири ҳисобланган Акрам Афиф Испаниянинг “Спортинг Хихон” клуби вакили ҳисобланади. Унинг истеъдоди борасида кўпчилик тасуроотга эга деб ўйлаймиз. Чунки ҳали 21 ёшга тўлмаган ҳужумчи Ла Лигада 7 ўйин ўтказишга улгурди. Яна бир легионери Фаҳад Афиф Бельгиянинг “КАС Юпен” жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Шунингдек рақибимиз таркибида Қатар фуқаролигини олган 4 та хорижлик футболчилар тўп тепишади. Улар Педро Мигель, Луис Мартин, Родриго Табата ва Себастьян Сориа. Гарчи 3 футболчи биз ўйлаган даражада кучли бўлмасада, Себастьян Сориа ҳимоячиларимизга ташвиш туғдира олади. Аммо унинг айни пайтдаги ёшини эътиборга оладиган бўлсак, Сориянинг олдинги салоҳияти бироз пасайганлигини кўришимиз мумкин.

Қатар терма жамоаси 23 март куни гуруҳимиздаги Эрон билан ўйинда ўз майдонида 1:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Қолаверса, мазкур беллашувда мезбонларнинг асосий ҳимоячиларидан бири ҳисобланган Буалем Хухи сариқ карточга олди. Бу эса Хухини Ўзбекистон билан ўйинда майдонга тушмаслигига сабаб бўлади. Шуни ҳам айтиб ўтиш мумкинки, ушбу ҳимоячи биринчи огоҳлантирилишини айнан Ўзбекистонга қарши учрашувда олганди. Ўз навбатида, вакилларимиздан Ислом Тўхтахўжаев ҳам карточкалари сони кўпайганлиги учун 28 март кунги баҳсни ўтказиб юборади.    

Тошкентда бўладиган баҳсда Қатар футбол ассоциацияси президенти Шайх Ҳамад ташриф буюриши кўзда тутилган. У “Бунёдкор” стадионидаги ўйинни тўғридан-тўғри кузатиб боради. ЖЧ-2014 саралашидан ўрин олган Тошкентдаги сўнгги беллашувни ҳам Қатар расмийлари “Бунёдкор” ўйингоҳидан томоша қилишганди. Ўшанда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Аммо...  

Шуни айтиб ўтишимиз ўринлики, Ўзбекистон – Қатар қарама-қаршилигида вакилларимиз мезбонлик қилган ўйинларда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаганмиз. Бўлажак учрашувда ҳам Самвел Бабаян шогирдлари ушбу анъанани давом эттириб ўз имкониятларини бироз бўлсада, яхшилаб олишларига умид қилиб қоламиз.

 

Бекзод исаев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!