“Қизилқум”га Алишер Саноев қўшилди. Тез кунда грузиялик ҳужумчи келиши кутилмоқда

Янги йил олдида қисқа таътилга чиққан “Қизилқум” футболчилари 8 январдан бошлаб ўқув-йиғин машғулотларни бошлашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Айни кунда жамоа аъзолари Навоий шаҳрида кунига икки маҳалдан машғулот ўтказишмоқда.

Тезкор хабар! Алишер Саноев "Бухоро"дан кетди

Жамоа таркибидаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, ўтган йили “Қизилқум”да тўп тепган Отабек Зокиров, Шукурали Пўлатов, Отабек Исроилов, Акрам Баҳриддинов ва Илҳом Юнусов билан хайрлашилди. Айни пайтда навоийлик футбол ишқибозларига яхши таниш бўлган Неманяья Йованович (Сербия) ва Григорий Квисешвили (Грузия) клуб машғулотларида иштирок этишмоқда. Шунингдек, “Нефтчи”даги ёрқин ўйинлари орқали ишқибозлар эътирофига сазовор бўлган посбон Евгений Черемисин (Россия) ҳам “Қизилқум” кўригида бўлиб турибди. Бундан ташқари Элдор Бойматов (“Шўртан”), Сарвар Холматов (“Сурхон”), Дониёр Усмонов (“Навбаҳор”), Наврўз Алимов (“Қўқон-1912”), Алишер Саноев (“Бухоро”) сингари футболчилар ҳам жамоа таркибида шуғулланмоқда. Шунингдек, ўтган мавсумда ўринбосарлар сафида ҳаракат қилган иқтидорли маҳаллий футболчилар Суҳроб Ярашев ва Ҳусниддин Фазлиддинов асосий таркиб аъзолари билан бирга. “Қизилқум”нинг тажрибали легионери туркманистонлик Артур Геворкян яқин кунларда сафга қайтади. Шунингдек, йиғин давомида грузиялик ҳужумчи ҳам жамоа таркибига келиб қўшилиши кутилмоқда.

Футболчилар 25 январга қадар тайёргарликни Навоийда давом эттиришади. Сўнгра ўқув-йиғин машулотлари пойтахтимиз Тошкентда ўтказилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!