Қўқонда футболни қандай севишади? (фотомақола)

Хабарингиз бор кеча Қўқон шаҳрида Олий лиганинг 9-туридан ўрин олган маҳаллий "Қўқон-1912" ва Тошкентнинг "Пахтакор" жамоалари ўзаро баҳс олиб боришди. Қизиқарли кечган учрашув 1:1 ҳисобида дуранг билан якунлданди.

"Марказий" ўйингоҳ томон яқинлашиб келар эканман кечаги учрашувга турнинг марказий баҳси маъқоми бекорга берилмаганига гувоҳ бўлдим. Гарчи ўйиндан бир соат олдин стадионга келган бўлсамда, бу ердаги ҳолатдан шунчаки лол қолдим. Боиси, стадион мухлислар билан лиқ тўлган, ташқарида эса минглаб ишқибозлар стадионга киролмай, кўчада қолиб кетишган эди. Бу ҳолат эса мени бир томондан жуда ҳам қувонтирди. Мухлисларнинг яна стадионга қайтгани бу фақатгина футболимизнинг ютуғидир.

Шу сабаб мен учрашув давомида қўқонлик мухлисларнинг ўйин пайтидаги ҳис-ҳаяжонли ва қувончга тўла юзларини фотоаппаратимга муҳрлашни ният қилдим. Бугун эса сиз азиз мухлисларга Қўқондаги шоудан туширилган энг сара фотолавҳаларни намойиш этмоқчиман. 

Шу куни Sports.uz интернет-ахборот портали Қўқондаги учрашувда стадионга ташриф буюрган мухлисларга ўзининг махсус флаерларини тарқатди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, қўқонлик чарм тўп иҳлосмандлари учун стадионнинг кам сиғимли эканлиги ёки чипталарнинг тугаб қолгани аҳамиятсиз. Улар ўзининг севимли жамоаларини қандай қилиб бўлса ҳам қўллаб-қувватлашнинг йўлини топишади. Ишонмайсизми? Унда қуйидаги суратларни томоша қилинг: 

Ҳа айтганча, эшитдингизми, Қўқонда янги стадион барпо этилармиш. Ҳар ҳолда жамоа бош мураббийи Нўмон Ҳасанов учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида шундай деди. Ишонаманки, 30 минглик ўйингоҳ қурилса ҳам қўқонликлар ўриндиқларни тўлдириб, ўз суюклиларини қўллаб-қувватлашади. Қўқонда футболни қандай севишларини юқоридаги фотомақоламдан англаб олган бўлсангиз керак.

Sports.uz мухлислар ташрифи бўйича юқори кўрсатгичларни қайд этаётган шаҳарларда ҳам бу лойиҳани давом эттиради. Биздан узоқлашманг. 

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ,

Sports.uz муҳбири.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!