Қудратилло Абдуқаҳҳоров: Манючи мендан тезроқ, лекин мен унинг нозик нуқтасини топдим (фото, видео)

 

Профессионал бокс бўйича ўзбекистонлик боксчилар рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турган Қудратилло Абдуқаҳҳоров (10-0-0, 7 КО) 25 март куни Сингапурда Африка чемпиони, Халқаро чемпионлик камари соҳиби, WBC йўналиши бўйича кумуш камарни эгаллаб турган Чарльз Манючига (20-2-1, 12 КО) қарши рингга чиқади.

Бу икки боксчиси ўртасидаги баҳс профессионал бокс кечасиннинг асосий жанги мақомида ўтказилади ва 12 раунд қилиб белгиланди. Бўлажак жангда зимбабвелик Чарльз Манючи ўзига тегишли бўлган WBC Silver - кумуш камарини Қудратилло Абдуқаҳҳоровдан ҳимоя қилишга уриниб кўради.

SPORTS.uz ахборот портали Қудратилло Абдуқаҳҳоров билан боғланиб, бўлажак жангга тайёргарлиги ҳақида сўрадик.

- Қудратилло, муҳим жанг олдидан кайфиятлар қалай?

- Кайфиятим аъло даражада. Кeни кеча ярим профессионал мусобақа - WSB турнирида "Uzbek Tigers" боксчиларининг "China Dragons" устидан қозонган ғалабаси ҳақида эшитим кайфият янада кўтарилди. Бундай хушхабарлар боксчини ғалабага илҳомлантиради. Чунки "Uzbek Tigers" боксчилари яқиндан биламан. Бу йигитлар ҳар қандай мусобақада ғолиб чиқишга қодир.

- Қудратилло, зимбабвелик Манючига қарши тайёргарлик қандай кетяпти?

- Тайёргарликнинг асосий босқичини Филиппинда ўтказяпмиз. Ҳозир ҳам шу ердамиз. Мураббийим Илгар Алиев билан одатий усулда тайёрланяпмиз. Жисмоний, техник ва тактик машғулотлардан ташқари, спарринг жангларини ўтказишга катта урғу беряпмиз. Жангга ҳар томонлама тайёргарлик кўряпмиз.

- Рақибни ўргандингларми?

- Албатта. Улар ҳам менинг жанг услубимни ўргангани ҳақида хабарим бор. Мураббийларимиз Чарльз Манючининг жангларини томоша қилиб, у ҳақида батафсил маълумот тўплашди. Тайёргарлик жараёнида шуларни ҳам инобатга олиб машғулот ўтказдик.

- Манючининг кучли томонларини биласизми?

- Ҳа. Чарльз ҳар қандай боксчи учун ноқулай рақиб. Чидамли ва кучли зарбага эга. Энг катта устунлиги мендан анча тез. Барча рақибларини катта устунлик билан енгган. Менга қарши жангда ҳам ўз устунликларидан фойдаланишга ҳаракат қилади.

- Рақибнинг тезкорлиги сизни чўчитмаяптими?

- Жанг олдидан ҳаммада ҳаяжон бўлади. Рингга қадам қўйган пайт бу унитилади. Тўғри рақибим мендан тезкор, тажрибали, балки кучлидир ҳам. Лекин унинг ҳам ўзига яраша нозик нуқталари борлигини биламан. Албатта буни ҳозир ошкор этолмайман. Мураббийларим билан бирга рақибимнинг заифроқ нуқталарига кўпроқ зарба бериш бўйича тактик усулларни ишлаб чиқдик.

Жангда тактика орқали ҳар қандай рақибни мағлуб этиш имкони бор. Манючи кучли боксчи. Лекин мен ўз олдимга жаҳон чемпиони бўлиш вазифасини қўйган эканман, ҳар қандай рақибни енгишга тайёр бўлишим керак.

- Қудратилло, суҳбат учун раҳмат. Ўзбек бокс мухлислари номидан бўлажак жангда ғалаба тилаймиз!

Қудратилло Абдуқаҳҳоров ва Чарльз Манючи ўртасидаги жанг натижалари, тафсилотлари, фото ва видеолавҳаларини фақатгина SPORTS.uz ахборот порталида кузатиб бориш имкониятига эгасиз.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!