Қудратилло Абдуқаҳҳоров: Мен кўзлаган чемпионлик камари Мэнни Пакьяо қўлида!
Бокс оламида профессионал чарм қўлқоп усталари иштирокидаги жанглар доимо мухлису мутахассислар эътиборида. Ҳалқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA раҳбариятининг спорт оламининг энг нуфузли мусобақаси - Олимпия ўйинларида илк маротаба профессионал боксчиларнинг қатнашишига расман рухсат бергани ҳам шундан далолат. Кейинги йилларда профессионал рингда фаолиятини бошлаб, юқори чўққиларни забт этишни мақсад қилган истеъдодли ёш боксчиларимиз қайд этаётган натижалар ўзбек бокс мактаби қудратини намойиш қилмоқда.
Бугунги кунда ўзбекистонлик профессионал боксчилар рейтингида етакчилик қилаётган Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг маҳорати нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам юқори баҳоланмоқда. Қудратилло ўзига хос жанг услуби билан мухлису мутахассислар эътибори ва эътирофини қозонди. Жорий мавсумда боксчимизни катта жанглар кутиб турибди .
SPORTS.uz ахборот портали спорт мухлисларини Қудратилло Абдуқаҳҳоров билан яқиндан таништириш мақсадида махсус интервью уюштирди.
Маълумот: Қудратилло Абдуқаҳҳоров 1993 йилнинг 29 август куни Андижон вилоятида туғилган. 2015 йилнинг 18 октябрида профессионал рингдаги фаолиятини бошлади. Шу кунгача тўққизта жангнинг барчасида зафар қучган ва олтита беллашувда рақибларини муддатидан олдинг енгган. Профессионал бокс бўйича Ўзбекистон чемпиони, World Boxing Foundation International –халқаро чемпионлик камари, WBC Asian Boxing Council Silver – Осиё кумуш камари соҳиби.
- Қудратилло, Сиз профессионал боксчи сифатида танилдингиз. Одатда, аксарият боксчилар ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ўйинларида натижа кўрсатганидан кейин профессионал рингга қадам қўяди. Бироқ, Сиз ҳаваскорлар боксида эътиборга молик натижа қайд этмаган экансиз.
- Мен ҳам боксни ҳозирги машҳур чемпионларимиз каби бокс тўгаракларидан бошлаганман. Кейинчалик Чирчиқ олимпия захиралари коллежида бокс бўйича сабоқ олдим. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасида номзод бўлганман. Ҳаваскор боксчилар ўртасидаги энг юқори натижам - катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида совриндор бўлганман.
Аслида яна бир неча йил ҳаваскорлар боксида қолиб, терма жамоага кириш учун курашсам бўларди. Профессионал боксдан таклиф бўлганидан кейин вақтни бой бергим келмади. Қолаверса, мутахассислар менинг жанг услубим профессионал боксга мос тушишини ҳам таъкидлашди.
- Ҳаваскор ва профессионал бокснинг фарқини тез илғадингизми?
- Ҳа, ҳар иккисининг ҳам ўзига яраша жиҳатлари бор. Ҳаваскор боксда бир турнир давомида бир нечта жанг ўтказасиз ва кейинги жангда ким рақиб бўлишини билмайсиз. Агар ютқазиб қўйсангиз кейинги гал яна ўзингизни кўрсатишга имкон бўлади. Профессионал рингда рақиб олдиндан аниқ бўлади. Жангга тайёрланиш, рақибни ўрганиш учун вақт бор. Энг мураккаб жиҳати шундаки, профессионал боксчи ютқазиб қўйса, рейтинги пастлаб кетади ва унга яна муносиб рақиб топиш қийинлашиб қолади. Қонун-қоида, раундлар сонидаги фарқларни айтиб ўтирмайман, уни боксга қизиққан ҳамма билади.
Кўпчилик профессионал боксчиларимиз Европа ва Америкада ташкил этилаётган профессионал бокс беллашувларида рингга чиқмоқда. Сиз нега асосан Малайзия ва Сингапурда жанг қиляпсиз?
Мен ва Азизбек Абдуғофуровга малайзиялик Викрам Свапрагасам деган мутахассис менежерлик қилади. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари, айниқса Филиппин ва Таиландда профессионал бокс жуда оммалашган. Ўзига хос анъаналар, мактаблар шаклланган. Биз ҳар бир жангдан олдин Малайзияда уч ҳафталик ўқув-машғулот йиғинларини ўтказамиз. Жисмоний, техник, тактик машғулотлардан ташқари спарринг жанглари ташкил этилади. Рингда биз билан бокс тушаётган йигитларнинг маҳоратига тан бериш керак. Айниқса, филиппинлик спарринг-рақибларимиз ҳақиқий жанг қилаётгандек бокс тушади.
Енгил ва ярим оғир вазнда Филиппин ва Таиланд ўзининг боксчилари билан машҳур. Мана Мэнни Пакьяонинг ўзи неча йиллардан буён профессионал бокс чўққисида турибди. Айтганча, Пакьяо профессионал боксчилик фаолиятини бошлаганида мен икки ёшли болакай эдим. Ҳозир у мен қатнашаётган ярим ўрта вазнда (66,6 килограмм) WBC чемпионлик камарига эгалик қилмоқда. Мен эса профессионал боксда айнан ўша камарни қўлга киритишни мақсад қилганман.
- Демак, Сиз истаётган соврин Пакьяонинг қўлида эканда. Танлаган йўлингиз анча мураккаб эканидан ҳайиқмайсизми?
- WBC йўналишининг ярим ўрта вазнида Мэнни Пакьяодан ташқари, Дэнни Гарсия, Кит Турман, Амир Хан, Келл Брук, Жесси Варгас, Мигель Васкес, Тимоти Бредли каби жаҳон тан олган боксчилар ҳам рейтингнинг юқори поғоналарида қайд этилган. Шунингдек, вазни сал оғир ёки озгина енгил боксчилар ҳам оғирлигини ўзгартириб ярим ўрта вазнда жанг қилиши кўп учрайдиган ҳолат. Айтганингиздек, бу вазнда зўр боксчилар кўп ва бу ўта мураккаб вазн.
Лекин мен ҳам ўз олдимга буюк мақсадни қўйганман, юқорида номи зикр этилган боксчилар қаторида бўлишни ният қилганман. Шундай экан ўзим танлаган йўлдаги қийинчиликларни енгиб ўтишим керак. Ҳеч ким ўзидан ўзи чемпион бўлиб қолмайди. Ғалабага эришиш учун тинимсиз меҳнат керак. Қийинчиликдан қўрқса, рақибнинг машҳурлигидан тиззаси қалтираса, катта рингларнинг салобати босса унда бокс тушмаган маъқул. Шахсан менга рақибимнинг кимлигини фарқи йўқ. Имкон борича ҳар бир жангга пухта тайёрланишга одатланганман.
- Янги йилни ғалаба билан бошладингиз. Кейинги жанг 10 февралга белгиланган. Аввалига Сизга қарши Халқаро бокс ташкилоти - IBO йўналиши бўйича жаҳон чемпиони, жанубий африкалик Тсико Муловедзи (11-7-3, 6 КО) рингга чиқиши эълон қилинганди. Энди билсак, рақиб ўзгарибди.
- Ҳа, менежерим аввалига африкалик боксчига қарши жанг ўтказишимни айтганди. Кейинроқ, бу чемпион мен билан рингга чиқишдан бош тортди. Профессионал боксда бунақаси кўп учрайди. Масалан, кўп боксчилар Азизбек Абдуғофуровнинг номини эшитиб, жанг таклифига рад жавобини бермоқда. Чунки Азизбек ҳаваскор боксда ҳам юксак натижаларни қайд этган. Профессионал рингда эса енгилмас ва нокаутчи боксчиларни бир зарбада қулатмоқда. Азизбек кучли зарбага эга бўлишдан ташқари, кучли техникага ва мустаҳкам ҳимояланади. Баъзан спарринг тушамиз. Зарба текказолмай чарчаб кетаман. Кўп боксчилар жанглари рўйхатида мағлубият бўлишидан қўрқиб, айрим чарм қўлқоп усталаридан қочади.
Шу боис Тсико Муловедзининг менга қарши рингга чиқмаслигини оддий қабул қилдим. Бўлажак жангнинг нуфузи юқорилиги учун янги рақиб ҳам тез топилди. Украиналик Виктор Плотников менга қарши жанг қиладиган бўлди. У профессионал рингда 34 та (16 та нокаут) ғалабага эришган ва бор-йўғи тўрт маротаба ютқазган. Мағлубиятларидан бирини апрелда Мэнни Пакьяога қарши чемпионлик жангини ўтказадиган австралиялик Жефф Хорндан қабул қилган. Виктор катта давраларни кўрган спортчи. Жанг 10 февраль куни Сингапурда бўлади.
- Плотников қанчалар кучли бўлмасин ундан кейин Сизга қарши рингга чиқадиган боксчига тенг келолмайди. Мартда бўладиган жанг ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
- 25 март куни зимбабвелик Африка чемпиони Чарльз Манючига қарши жанг белгиланган. Бу боксчи етти йилдан буён мағлубият нималигини билмай келяпти. 20 та ғалабага эришган. У ҳозир WBC Silver – кумуш камарни эгаллаб турибди. Манючи бу соврин учун ўтган йили Россияда ташкил этилган жангда енгилмас боксчи Димитрий Михайленкони мағлуб этган. Жаҳон рейтингида ўз вазнида юқори ўринларда қайд этилган.
Бўлажак жанг мен учун жуда аҳамиятли. Агар WBC Silver камарини қўлга киритсам, кейин АҚШда жанг ташкил этиш ва рақиб топиш имкониятим ошади. Юқори кўпчилик АҚШдаги мусобақаларда рингга чиқаётгани ҳақида гапирдик. Мен аввал яхшилаб тайёргарлик кўриб, тажриба тўплаб кейин катта жангларга чиқишни режалаштирган эдим. Мана бу йилдан ўша мен мўлжаллаган давр келди.
- Қудратилло, катта жангларга тайёргарлик кўряпсиз. Ўзингизни устун жиҳатларингиз ва камчилигингизни биласизми?
- Умуман олганда, ўзбекистонлик боксчилар ҳаваскор боксда маҳоратини тоблаган ва бой тажриба тўплаган. Мен ҳам шулар қаторидаман. Бизга яхши таълим-тарбия беришган. Мактаб кўрганмиз. Хорижда кучли зарбасига ишониб, профессионал боксга қадам қўйган йигитлар жуда кўп. Улар фақат зарбасига ишонади. Тўғри, агар уларнинг муштига чап беролмай қолсангиз тамом. Нокаут бўлишингиз аниқ. Лекин боксчилар тили билан айтганда, уларни “алдаб” юриб ютиш мумкин. Кучига ишонган боксчилар тактикани яхши билмайди. Бизга энг аввало ақлни ишлатишни ўргатишган.
Менда ўзимга яраша камчиликлар ҳам бор албатта. Энг катта айбим зарбам ўзим истагандек кучли эмас.
- Лекин тўққизта жангдан олтитасини нокаут билан якунлагансиз-ку?
- Бу нокаутлар менинг жанг усулим самараси. Рингда кўп ва тез ҳаракат қилишга уринаман. Нокаутларимнинг аксариятини рақибнинг жигарига зарба бериш орқали амалга оширганман. Бироқ, ўтган йили WBC Asian Boxing Council Silver welterweight title – Осиё кумуш камари учун филиппинлик Адонес Кабалкуинтога қарши ўтказилган жангда тактикам самара бермади. Уни нокаут қилолмадим. Ўн икки раунд жанг қилдик. Бир томондан бу жанг орқали мен кўп раундлик жангларга ҳам тайёр эканимни билиб олдим.
- Кимни идеал боксчи, деб ҳисоблайсиз?
- Менинг фикримча, рингда ақлини ишга соладиган, серҳаракат, рақибга аниқ ва кучли зарба бера оладиган ва ўз навбатида рақибнинг муштидан қоча оладиган бокс устаси яхши боксчи ҳисобланади. Профессионал рингда идеал боксчи бу Флойд Мэйвезердир. У 49 та жангда бирорта мағлубиятга учрамаган. Ўзини кучлиман, деб билган барча рақибларини мағлуб этган. Ҳатто мен орзу қилган чемпионлик камарини ўзида сақлаб турган Мэнни Пакьяо ҳам Флойдга енгилган.
Ҳаваскор боксчилар ўртасида олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўстматовга тенг келадигани йўқ. Мен бу гапни у эришган ютуқларга қараб айтаётганим йўқ. Илгари бирга шуғулланганмиз. Олимпия ўйинларидаги жангларда у юқори савиядаги боксчи эканини яна бир карра исботлади, холос. Ўта тез ҳаракатланади, тез фикрлайди, рақиби кўзини очиб юмгунча бир неча зарбаларни мўлжалга теккизади. Шу билан бирга ўзи зарба емайди. Боксчи шунақа бўлиши керак.
Бундан ташқари, профессионал боксдаги фаолиятини муваффақиятли бошлаган ҳамюртиларимизни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишни истайман. Азизбек Абдуғофуров ҳақида гапирдим. Нокаутчи Шоҳжаҳон Эргашевнинг ҳам имкониятлари юқори. У ўта кучли зарбага эга ва ўзи чидамли, бардошли боксчи. АҚШда жанг ўтказаётган Санжар Раҳмонов ҳаваскорлар ўртасида катта ютуқларга эришган ва унинг бой тажрибаси профессионал рингда қўл келмоқда. Достон Турдиев, Феруз Йўлдошев, Ботирали Мамажонов, Жамшид Нажмиддинов каби профессионал боксчилар ҳам ҳар жиҳатдан ўзини кўрсатмоқда.
- Сиз учун ноқулай рақиб борми ва ким билан рингда тўқнаш келишни орзу қиласиз?
- Ҳаваскор боксдалигимда Шаҳрам Ғиёсовга ютқазганман. У ҳақиқатан мендан кучли эди. Сабаби у менга нисбатан тез ҳаракат қилган. Жуда ноқулай рақиб бўлган. Қолган боксчиларга қарши баҳсларда унча қийналмаганман.
Профессионал боксчи сифатида Мэнни Пакьяо билан жанг қилишни орзу қиламан. У мен иштирок этаётган вазн тоифаси етакчиси ва чемпиони. Профессионал боксда чемпионлик камарини қўлга киритишни мақсад қилган эканман, эртами кечми барибир жаҳон миқёсидаги юлдузларга қарши жанг қилишга тўғри келади. Буни катта гапга йўйманг. Профессионал боксда ўзбек бокс мактабида тарбияланган чарм қўлқоп усталари профессионал рингда бир неча маротаба жаҳон чемпионлигини қўлга киритишгани тарихдан маълум. Биз уларни йўлини давом эттиришимиз керак.
- Бу йилга режалар қандай?
Тез кунларда Малайзияга бориб 10 февралдаги жанг олдидан ўқув-машғулот йиғинларини бошлаймиз. Янги йилнинг дастлабки ойларида учта жанг белгиланган эди. Биттасини ғалаба билан якунландим. Энди февралда Виктор Плотников, мартда Чарльз Манючига қарши жангларим бор. Мураббийларим бу беллашувлардан кейин таътил олишим кераклигини айтишди. Катта жанглар олдидан бироз тин оламиз.
Мана шу икки ойдан кейин фаолиятимдаги янги босқич бошланади. У ёғига шунга яраша тайёргарлик кўрамиз. Ҳозир эса бор эътиборимни олдимдаги икки жангга қаратганман.
Қудратилло бўлажак мураккаб жангларда Сизга омад ёр бўлсин. Ўз фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашганингиз учун раҳмат. Мухлислар номидан Сизга бўлажак жангларда ғалаба ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Фикрлар