Қудратилло чемпионлик жангига қизғин тайёрланмоқда (фото ва видео)

9 март, 11:25 438

 

Профессионал рингда рақибларини кетма-кет мағлуб этаётган нокаутчи боксчимиз Қудратилло Абдуқаҳҳоров (10-0-0, 7 КО) фаолиятидаги энг муҳим жангга тайёргарлик кўрмоқда.

Истеъдодли боксчимиз 25 март куни Сингапурда ташкил этиладиган профессионал бокс кечасининг асосий жангида зимбабвелик Африка чемпиони Чарльз Манючига қарши рингга кўтарилади.

12 раундлик қилиб белгиланган бўлажак жангда Қудратилло Абдуқаҳҳоров африкалик рақиби - Чарльз Манючи эгаллаб турган WBC Silver – кумуш камарига даъвогар сифатида рингга чиқади.

Профессионал боксчилик фаолиятини 2015 йилдан бошланган ҳамюртимиз шу кунгача ўнта жангнинг барчасида муваффақият қозонган. Қудратилло профессионал боксдаги илк совринини 2016 йили 5 март куни Тошкентда Ўзбекистон чемпионлиги учун ўтказилган учрашувда қўлга киритди.

Ўн раундлик ўша жангнинг учинчи раундида Ислом Мираҳмедовни соф нокаутга учратган Қудратилло Ўзбекистон чемпиони, деб тан олинди.

Ўз юртида дастлабки совринни ютган Қудратилло халқаро майдонга қадам қўйди. Ўтган йилнинг 23 июлида Сингапурда ташкил этилган чемпионлик жангида 12 раунд бокс тушган ҳамюртимиз филиппинлик Адонес Кабалкуинтони очколар ҳисобида енгиб, WBC йўналиши бўйича Осиё кумуш камарига эга бўлди.

Мана энди Қудратилло жаҳон миқёсидаги камар учун рингга чиқади.

Қудратиллонинг рақиби Чарльз Манючи 2009 йилдан буён профессионал рингда олиб бормоқда. Бу боксчи етти йилдан буён мағлубият нималигини билмай келяпти. 20 та жангда ғалабага эришган. У ҳозир эгаллаб турган WBC Silver – кумуш камарини ўтган йили Россияда ташкил этилган жангда енгилмас боксчи Димитрий Михайленкодан тортиб олган. Бундан ташқари, Манючи WBC йўналиши бўйича халқаро чемпионлик камари соҳиби ва Африка чемпиони ҳамдир.

Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг мураббийи Илгар Алиев бўлажак рақибнинг ўта кучли боксчи эканини таъкидлади. Айни пайтда Қудратилло Филиппинда бўлажак беллашувга пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Машғулот жараёнидан олинган видеолавҳа билан қуйида танишишингиз мумкин.

SPORTS.uz

 

 

 

 

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.