Қудратилло қонга белаган рақиб узр сўради

Профессионал бокснинг WBC Silver – кумуш камари соҳиби Қудратилло Абдуқаҳҳоров (12-0-0, 8 КО) 12-жангини Россиянинг Екатеринбург шаҳрида "Механик" лақабли мезбон боксчи Дмитрий Михайленкога қарши жанг ўтказди.

Кескин ва муросасиз ўтган беллашувда ҳамюртимизнинг очкоси олиб ташланган бўлса-да, Қудратилло ўз устунлигини тўла намойиш этди. Ҳамюртимизнинг кучли зарбалари оқибатида рақибнинг пешонаси ва қовоғи ёрилди. Михайленко жангни давом эттиришни маъқул кўрди. Бироқ ҳамюртимизнинг зарбаларига қаршилик қилолмади. Учрашувда очколар ҳисобида зафар қучган Қудратилло Абдуқаҳҳоров WBC Silver – кумуш камарини ўзида сақлаб қолди. Дмитрий Михайленко эса фаолиятидаги иккинчи мағлубиятини тан олди.

Жангдан сўнг Қудратилло Абдуқаҳҳоров ўз фикрларини билдирди:

- Рақибим жуда кучли боксчи ва у биринчи рақамда ишлашини билардим. Шунинг учун жангга пухта тайёргарлик кўрдим. Мураббийлар тузган тактика бўйича ишлаб, ғалабага эришдим. Мен Ўзбекистонни севаман.

Дмитрий Михайленко ҳам ўзбек боксчисининг ҳаққоний ғалабасини тан олди:

Бу жангга жамоам билан жуда яхши тайёргарлик қилгандик. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлганди. Жангда ўз хатоларим эвазига ютқаздим ва ҳамма айбни ўз бўйнимга оламан. Жамоамдагилардан узр сўрайман.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!