Раҳматжон Рўзиохунов: Ўзбек бокс мактабининг пойдевори мустаҳкам

 

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси эришаётган ютуқлар бугун дунё ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Май ойининг бошида Тошкент шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионати чоғида Халқаро ҳаваскор боксчилари уюшмаси – AIBA президенти Ву Чинг-Куо ҳам ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталарининг жаҳон майдонларида эришаётган ютуқларини алоҳида тилга олди ва муваффақиятлар кўп жиҳатдан мамлакатимизда спорт ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳамда Ўзбекистон бокс федерация ишни тўғри ташкил этгани билан боғлиқлигини таъкидлади.

SPORTS.uz ахборот портали бугунги кунда Германияда бўладиган жаҳон чемпионатига қизғин тайёргарлик кўраётган бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози Раҳматжон Рўзиохунов билан ўзбек боксининг ютуқлари, келажакдаги мақсад ва вазифалар ҳақида суҳбатлашди.

- Раҳматжон ака, Сизни кўпчилик тажрибали мураббий сифатида танийди. Лекин спортчилик фаолиятингиз ҳақида деярли маълумот йўқ. Суҳбатни шу мавзудан бошласак...

- Мен асли болалигимдан бокс билан шуғулланганман. 1983 йилдан бошлаб мусобақаларда қатнаша бошладим. 1987 йили Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтадим. 1990 йили Ўзбекистон жисмоний тарбия институтига ўқишга кирдим ва шу йилнинг ўзида спорт устаси бўлдим. 1994 йили ўқишни аъло баҳоларга битирдим ва олийгоҳда бокс мураббийи бўлиб ишлай бошладим. Боксчилик фаолиятимни тугатдим ва мураббийликка қадам қўйдим.

Бокс билан бир қаторда кикбоксинг билан шуғулландим. Жаҳон чемпионатида қатнашдим. Кейинроқ муайтайда ҳам ўзимни синаб кўрдим. Жаҳон ва Осиё чемпионатларида юртимиз шарафини ҳимоя қилдим. Бу спорт турлари бўйича мураббий сифатида ишладим. Шарқ яккакурашлари бўйича жами 29 та жаҳон чемпионини тарбияладим.

Шуни алоҳида айтишим керакки, кикбоксинг ва муайтай Ўзбекистонда янги спорт турларидан бўлганига қарамай, бугунги кунда анча ривожланди. Мамлакатимизда Осиё ва жаҳон чемпионатлари юқори савияда ташкил этилганини спорт мухлислари яхши билишади.

- Раҳматжон ака, муайтай ва кикбоксингдаги натижаларингизни кўплаб мухлису мутахассисларимиз яхши билишади. Бокс мураббийлари сафига қўшилишингиз қандай юз берди?

- Мени бокс бўйича ишлашга Ўзбекистон бокс федерация раиснинг биринчи ўринбосари Шерзод Ташматов таклиф қилди. Дарҳақиқат, бугун Шерзод Ташматовнинг туғилган куни. Имкониятдан фойдаланиб, бу инсонни чин дилдан табриклайман ва ишларига омад тилайман.

Яна ўз сўзимизга қайтсак, дастлаб бокс мураббийи бўлиш таклифига рози бўлмадим. Шерзод Рихсибаевичга бокс федерациясида тажрибали мураббийлар борлиги, уларнинг орасида устозларим ҳам ишлаётганини, агар янги иш ва йўналиш бўлсагина ишимни ўзгартириш мумкинлигини айтдим. Шу суҳбатимиздан сўнг, орадан бир неча соат ўтди ва Шерзод Ташматов мени яна чақириб, аёллар бокси айнан ҳали оммалашмаган янги йўналиш эканини айтиб, қизларга мураббий бўлишимни тайинлади. Бошида иккиландим, лекин Шерзод Рихсибаевичнинг “Раҳматжон ака, муайтай ва кикбоксингда кўплаб чемпионлар тайёрлаганингизни ҳамма билади, лекин ўзингиз боксчи ва бокс мураббийи бўла туриб, терма жамоаларимизга истеъдодли ёшларни тарбиялаб беролмайсизми?” деганидан кейин бу ишни қабул қилдим.

Ишни бокс билан шуғулланишни истаган қизларни халқаро мусобақаларга тайёрлашдан, уларни маҳоратини оширишдан бошладик. Бир йил деганда, Осиё чемпионати совриндорларини, жаҳон чемпионати иштирокчиларини тайёрладик. Айниқса, Ёдгорой Мирзаеванинг Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритгани ва ўзбек қизлари ўртасида биринчи бўлиб, Олимпия ўйинларининг бокс мусобақаларида иштирок этгани меҳнатларимиз самараси бўлди.

Қизларни бокс билан шуғуллантириш баробарида улар билан ишлайдиган мураббийларни ҳам тайёрлаб бордик. Кейинчалик Ўзбекистон бокс федерацияси мураббийлари таклифига кўра, мен эркаклар терма жамоаларида ишлашга ўтдим.

- Бугун Ўзбекистон – бокс бўйича дунёнинг энг кучли терма жамоаси ҳисобланади. Бу муваффақиятнинг сири нимада?

- Мен бу муваффақиятларнинг пойдевори Ўзбекистон бокс федерациясидаги ишлар ҳар томонлама тўғри йўлга қўйилганлигида, деб биламан. Бунда федерация раҳбари биринчи ўринбосари Ташматовнинг тажрибаси ва ишбилармонлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Аслида Шерзод Рихсибаевич кикбоксинг ва муайтай федерациялари, Шарқ яккакурашларини ривожлантириш марказида ҳам муваффақиятли фаолият юритган, буни яккакураш турларида қўлга киритилган ютуқлар, жаҳондаги энг нуфузли мусобақаларни юртимизда юқори савияда ташкил этилганига катта ҳисса қўшгани ҳам исботлаб турибди.

Шерзод Ташматов бокс федерацияси фаолиятини жонлаштириш мақсадида ишга тажрибали, жонкуяр ва ўз ишини устаси бўлган мутахассислар, мураббийлар ва ходимларни жалб қилди. Айниқса, истеъдодли боксчилар селекциясига катта эътибор қарата бошладик. Иш жараёнида мамлакатимизнинг барча вилоятлари, ҳатто чекка-чекка қишлоқлардаги тўгараклар ҳам эътиборда чет қолмади. Шерзод Рихсибаевич раҳбар сифатида биздан чекка ҳудудлардаги боксчиларнинг имкониятини ўрганишни, уларга ўзини кўрсатиш учун имконият ва шароит яратиб беришимизни талаб қилади.

Тўғриси, айрим вилоятларда бокс анча орқага кетиб қолган экан. Масалан, Самарқанд ёки Сурхондарёдан бир неча йиллар давомида маҳоратли боксчи етишиб чиқмаганди. Лекин юртимизнинг ҳар бир қишлоғида юқори спорт натижасига эриша оладиган йигит-қизлар кўплигини биламиз-ку. Хуллас биринчи навбатда озгина спортга лаёқати бўлган боксчи борки мураббийлар уни эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, бугунги кунга келиб терма жамоага боксчиларнинг саралаб олишнинг шаффоф тизими яратилди.

- Бу қандай амалга оширилади?

- Терма жамоага йўл Ўзбекистон чемпионатлари ва биринчиликларидан бошланади. Кимки мамлакат чемпионатларида ўзини кўрсатса, терма жамоага номзод сифатида қайд этилади ва ўқув-машғулот йиғинларига жалб қилинади. Ҳозирги пайтда терма жамоа йиғинларига нафақат мамлакат чемпионати совриндорлари балки уларга етарлича рақобат қила оладиган бошқа спортчилар ҳам таклиф қилинади.

Қолаверса, терма жамоанинг асосий таркибидан жой олган боксчиларга ҳам ҳеч қандай имтиёз йўқ. Улар ҳам ҳақиқатан кучли эканини рингда исботлаб қўйиши керак. Мисол учун бугун ўз жанглари билан мухлисларни хушнуд этаётган Исроил Мадримов 2015 йили Самарқанддаги мамлакат чемпионатида 69 килограмм вазн тоифасидаги биринчи жангидаёқ мағлубиятга учради. Ўша чемпионатда ҳеч ким танимаган Шаҳрам Ғиёсов мазкур вазн чемпиони бўлди.  Демак, терма жамоадаги асосий ўрин Шаҳрамники. Риодаги Олимпиадага  бориш учун у асосий даъвогар. Мураббийлар Шаҳрамнинг тажрибасизлигини инобатга олиб, ўрнига тажрибали боксчи жалб қилиш таклифини беришди. Бироқ, бокс федерацияси раҳбарияти қарорига кўра, ким зўр бўлса ўша мамлакат шарафини ҳимоя қилади, деган тўхтамга келинди. Бу Рио Олимпиадасида ўзини оқлади ва Ғиёсов олимпия кумуш медалини қўлга киритди.  

Боксчиларнинг аввалги ютуқлари, бир неча йилдан бери терма жамоа аъзоси экани инобатга олинмайдиган бўлди. Яъни ҳар ким ўз кучини, маҳоратини, салоҳиятини кўрсатса, уларга имконият берилади. Исроил Мадримов ҳам 69 килограммдаги жойини Шаҳрамга бериб қўйган бўлса-да, 75 килограмм вазнда нималарга қодирлигини намойиш этиб, қисқа фурсат ичида терма жамоага қайтди. Унинг яқинда Самарқанддаги WSB турнирида олимпия ва жаҳон чемпиони, кубалик Арлен Лопезни қандай мағлуб этганини барча бокс мухлислари жуда яхши билишади.

Ҳасанбой Дўсматов ҳақида ҳам гапириш мумкин. Бугунги кунда ҳаваскорлар боксчида дунёнинг энг кучли чарм қўлқоп устаси, дея эътироф этилган Ҳасанбой ортидан ўзидан истеъдоди кам бўлмаган боксчилар етишиб чиқаётганини яхши билади. Шунинг учун ҳар бир мусобақага пухта тайёргарлик кўради, рақибларининг имкониятларини ўрганади, ҳар куни соатлаб ўз устида ишлайди. Агар Ҳасанбой мамлакат чемпионатида рақобатни бой берса, ўрнини чемпион бўлган боксчи эгаллайди.

Яна бир мисол 91 килограмм вазндаги Санжар Турсуновни айтиш мумкин. Бу бола 18 ёшда. Тошкентдаги мусобақада жаҳон чемпионатидага йўлланма олди. Осиё чемпиони қозоғистонлик Василий Левит мусобақадан сўнг Санжар билан жангда қаттиқ қийналганини алоҳида тан олди. Санжар 91 килограмм вазнда дунёда энг тезкор ва ўта ноқулай боксчи ҳисобланади. Унинг ягона камчилиги халқаро тажрибаси йўқлигида. Лекин ҳали олдинда кўп мусобақалар бор. Санжар ҳам секин-аста тажриба тўплаб, кучли боксчига айланиб боради. Уни келажакдаги мусобақаларга тайёрлаяпмиз.

Буларнинг бари соғлом рақобат самараси. Терма жамоада ҳеч қайси боксчининг ўрни кафолатланмаган, демак ким зўр бўлса, мусобақаларда ўша қатнашади.

- Демак, Ўзбекистон чемпионати боксчилар учун катта имкониятлар эшигини очадиган мусобақа даражасига кўтарилибди.

- Ҳа. Шерзод Ташматов мураббийлар билан маслаҳатлашган ҳолда чемпионатларни ташкил қилиш талабларини янгилади. Кейинги йилларда ҳар бир учрашувнинг адолатли ўтишини таъминлашга катта эътибор қаратиляпти. Бунинг учун ҳар бир жанг тўртта видео камера ёрдамида тасвирга олинади ва тажрибали мутахассислар тузилган махсус комиссия шикоятлар бўйича таҳлил ишларини олиб боради. Мусобақа жараёнида жанг тасвирлари тўғридан тўғри спортчиларнинг тайёрланиш зали, ҳакамлар ва маъмурият жойлашган хоналарга онлайн режимда узатилади. Ҳеч нимани яшириб бўлмайди.

Бундан ташқари, мусобақа жараёнида ишонч телефонлари хизматини йўлга қўйиш тажрибасини ҳам қўллаяпмиз. Яъни, нохолислик бўлдими, берилган рақамларга қўнғироқ қилинса, шикоят махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилади.

Мамлакат чемпионатларига имкон қадар ҳар бир вилоятдан кўпроқ боксчиларни жалб қилишга алоҳида эътибор қилиняпти.Бу рақобатни кучайтирмоқда ва янги-янги номлар етишиб чиқишига замин яратяпти. Масалан, бугунги кунда Осиё чемпионатида ғолиб бўлган ва жаҳон чемпионатига йўлланма олган асосий таркиб боксчилари туғилиб ўсган жойларга эътибор қаратайлик. Ҳасанбой Дўсматов ва Жасур Латипов Андижондан, Шаҳрам Ғиёсов бухоролик, Муроджон Аҳмадалиев наманганлик, Баҳодир Жалолов сурхондарёлик, Бектемир Мелиқўзиев фарғоналик, Исроил Мадримов хоразмлик, Элнур Абдураимов ва Санжар Турсунов Тошкент вилоятидан етишиб чиққан боксчилар.

Қолаверса, пойтахтлик Абдулҳай Шораҳматов, бухоролик Шаҳобиддин Зоиров, жиззахлик Бобо-Усмон Ботуров каби яна бир неча боксчиларимиз ҳам асосий таркибдан жой олиш учун курашмоқда.

Шу ўринда, боксчиларни тайёрлаш жараёнига бўлган муносабат ҳам тубдан ўзгарганини айтиш лозим. Раҳбарият талаби бўйича боксчилар йил давомида ўқув-машғулот йиғинига жалб қилинган. Ҳар ой икки ҳафта давомида Янгиобод базасида машғулот ўтказилади. Бу боксчиларнинг вазнини, саломатлиги, жисмоний ва психологик ҳолатини назорат қилиш имконини беради. Қолаверса, машғулотларга бир вазн тоифасида тўрт-бештадан боксчи жалб этилади ва булар кўп вақтини бирга ўтказади, шуғулланади, овқатланади, бир сўз билан айтганда бир оиладек яшайди. Бу жамоанинг ички муҳитига ижобий таъсир ўтказади.

- Ҳозирги терма жамоамиз натижаларига кўра энг кучлиси, деб тан олинмоқда. Терма жамоани янада кучайтиришнинг имкони борми?

- Ўзбекистон бокс федерациясининг янги раҳбарияти ва мураббийлари учун жиддий синовлар 2015 йилдан бошланди. Ҳар бир вазн тоифаси бўйича энг кучли боксчиларни саралаб олганимиздан кейин қитъа ва жаҳон чемпионатларида уларнинг имкониятларини синадик. 2015 йили Таиланддаги қитъа чемпионатида еттита боксчимиз финалга чиққан бўлса-да, фақат Ҳасанбой Дўсматов ва Бектемир Мелиқўзиев чемпион бўлди. Бешта кумушдан ташқари, битта бронза ҳам қўлга киритилди.

Шу йилнинг ўзида Қатардаги жаҳон чемпионатида Фазлиддин Ғоибназаров, Бектемир Мелқўзиев, Муролжон Аҳмадалиев финалга чиққан бўлса-да, рақибларига ютқазди. Элшод Расулов, Баҳодир Жалолов ва Элнур Абдураимов бронза медаль эгаси бўлди. Ҳасанбой эса илк учрашувидаёқ мағлуб бўлганди.

Лекин шу йигитларнинг ўзи бир йилдан сўнг Олимпия ўйинларида қандай натижаларни қайд этганини қаранг! Ҳаммаси ўсишга эришди. Жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатолмаган Ҳасанбой Дўсматов бир йил ичида Олимпия чемпиони бўлди ва дунёнинг энг зўр боксчиси деган номга сазовор бўлди.

Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида шогирдларимиз тўққизта олтин медални қўлга киритди. Бунақаси тарихда бўлмаганини биз эмас, сиз – журналистлар ёздингиз. Биз эса мутахассис сифатида боксчиларимиз ҳар томонла ўсаётганини айтишимиз мумкин. Ҳар холда натижалар шундан далолат бермоқда.

Бевосита саволингизга жавоб берадиган бўлсам, албатта терма жамоамизни янада кучайтириш учун имконият ва салоҳият етарли. Соғлом рақобат муҳити буни таъминлайди. Юртимиз эса истеъдодларга жуда бой.

- Кўпчиликни WSB турнири доирасида Кубадаги мағлубият сабаблари қизиқтирмоқда?

- Албатта, мухлисларимиз боксчилар фаолиятини кузатиб бораётгани, натижаларга ўз муносабатини билдираётгани бизни қувонтиради. Кубалик ва қозоғистонлик боксчилар етти йилдан буён бу турнирда қатнашмоқда ва улар бир неча бор чемпион ҳам бўлишган. “Uzbek tigers” боксчилар энди иккинчи мавсум қатнашишди. Қаерлардадир хатога йўл қўйдик ёки тажрибасизлик қилдик. Лекин шогирдларимиз ҳар бир учрашувда қўлидан келганча ҳаракат қилди.

Кубадаги жангларда жамоамиз ҳакамлар ҳисоб-китобига кўра мағлуб бўлишди. Мен мураббий сифатида баҳо берадиган бўлсам, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев менимча, рақибидан енгилгани йўқ. Майли бу ҳам бир тажриба. Кучли боксчи мағлубиятни ҳам енгиб ўтиши керак. Зотан, бу йилга қўйган энг катта вазифамиз Германияда бўладиган жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этишдан иборат.

- Халқаро спорт жамоатчилигининг ўзбек боксчиларига муносабати қандай?

- Биз халқаро мусобақаларда иштирок этиш учун йилига бир неча маротаба хорижга чиқамиз. Чет элда бўладиган жангларимизни томоша қилишга узоқ-яқиндан ўзбекистонлик мухлислар ҳам келади. Улар бизни бевосита мусобақа жойидан қўллаб-қувватлаб тургани йигитларга куч-қувват бағишлайди.

Кўпчилик ўзбек боксчилари билан машғулот ўтказиш таклифини беради. Осиё чемпионати доирасида ҳам бири неча терма жамоа вакиллари эртароқ келиб, боксчиларимиз билан бирга ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Куни-кеча бокс бўйича Англия терма жамоаси 26 кишилик делегацияси билан келиб, Янгиободдаги қўшма машғулотларда қатнашди. Шу ўринда, замонавий боксга Англияда асос солинганини унутмаслик лозим. Бокс ватани вакиллари юртимизга келиб, биздан боксни ўрганиши, ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Зеро, инглизлар ҳам бу ерга ўз маҳоратини ошириш учун келган ва ортга мамнун ҳолда қайтди.

Қолаверса, Осиё чемпионатидан сўнг қозоғистонлик ҳамкасбларимиз ўзбек бокс мактаби кучайганини ҳам тан олди. Қозоғистон оммавий ахборот воситалари ҳозирги пайтда ўзбек бокси илгарилаб кетгани ҳақида мақолалар чоп этмоқда.

Энг муҳими, Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан амалга оширилаётган ишлар Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA ва Осиё бокс конфедерацияси раҳбарияти томонидан юқори баҳоланмоқда. Зотан, Шерзод Ташматов бежизга Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти этиб тайинлангани ҳам бу инсон тажрибали мутахассис сифатида қадрланишидан далолат беради.

Албатта, ўзбек бокси жаҳонда етакчига айлангани ҳаммага ҳам манзур бўлавермайди. Чунки бу спорт, кураш ва рақобат. Бизнинг бугунги кундаги асосий вазифамиз эса ана шу етакчи поғоналарда қолиш. Шунинг учун ҳам асосий эътиборни айни пайтда олдимиздаги жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этишга қаратганмиз. Боксчиларимиз яна бир карра халқимиз ишончини оқлаб, олқишини олиш учун бор куч-қудратини ишга солади.

- Раҳматжон ака, самимий суҳбат учун раҳмат.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!