Раньери: Ҳеч қачон менинг гапларимга қулоқ солма. Мен нима деяётганлигимни ўзим ҳам билмайман

28 апрель,2017, 21:00 1733

Раньери: Ҳеч қачон менинг гапларимга қулоқ солма. Мен нима деяётганлигимни ўзим ҳам билмайман

Мавсумнинг MVPси ролида Кантени кўришга ҳамма кўникиб қолди. Нголодан бу мавқени тортиб олиши мумкин бўлган ягона даъвогар бу – Эден Азар эди, аммо овоз бериш натижалари Кантенинг устунлигини тасдиқлади. Англияда ўтказилган икки мавсум ичида Кантенинг биографияси ипидан-игнасигача ўрганилди. Табиатан камтарлиги ва камгаплиги туфайли футболчининг ўз тилидан ҳаёти ҳақидаги сўзларни эшитиш амри маҳол. Шунга қарамай, анча-мунча маълумотлар маълум.

Канте ҳақида билмайдиган фақат сиз эмас.

Қиёфаси ёш болаларникига ўхшайдиган, устига-устак айбдорларча табассум ҳеч қачон юзидан аримайдиган бу йигитнинг премьер-лига юлдузига айланиши “Булонь” директорининг хаёлига ҳам келмаган бўлса керак. Сипо кийим ва босиқ хулқ исталган кишини сотиб қўйиши мумкин, лекин Match of the Day дастури эфирларида бир неча ойлардан буён иштирок этаётган одамни эмас, дея муҳокама қилишади Линекер ва Ширер.

-Маъзур тутасиз, кимсиз? Бу ерда нима қиляпсиз?

-Нголо Канте, Франция терма жамоаси ва “Лестер” ўйинчиси.

Ўзининг собиқ клубига йўл-йўлакай кўришиб кетиш учун кирган Кантени ҳеч ким таний олмади. Англияда “Лестер” машғулотлар комплексида ҳам дастлабки кунларда худди шундай ҳолат рўй берган эди. Бошдан-оёқ ўзгарган футболчини ҳатто “Ўғлим, бу ерда нима қилиб юрибсан? Ойингни излаяпсанми?” каби саволлар билан мазах ҳам қилишган.

Кантенинг илк ўйинидаги ҳайратланарли гол

Профессионал футболга Канте 2012 йил май ойида кириб келди. “Булонь” учинчи дивизионга ўтиши аниқ эди. Нголога “Монако” билан бўлаётган баҳсда ўн бир дақиқа ўйнашга имкон тегди. “Булонь”нинг ҳар доимги сценарийси такрорланди: Тезкор гол, аммо мағлубият...Келинг шунинг учун қизиқроқ нарса ҳақида гаплашамиз.

Йўқ, тўхтанг. Ҳаммаси сиз ўйлаганчалик силлиқ кечгани йўқ. Акс ҳолда бу ўйин YouTubeни ларзага солмас эди.

Ишонмаслигингиз мумкин, лекин ўша ўйинда тўғридан-тўғри жарима тўпидан дарвозабон Даниэль Субашич нақ “Монако” дарвозасига гол киритган эди. Ажойиб-а?!

Кантенинг муваффақияти собиқ клубига микроавтобус келтирди.

Сюрен Париждан атиги тўққиз километр узоқда жойлашган, у пойтахтга энг яқин шаҳарча. Бу ердаги кичкина клубда ўн ёшли Канте ўз иш фаолиятини бошланган. Бу жамоадаги анъаналар 80 йилдан бери мавжуд бўлсада, муваффақиятлар бармоқ билан санарли даражада эди. Унинг болаликдаги мураббийси Петр Войтина: “Бизнинг жамоадан профессионалар орасига ўтиш бу-худди лотореяда ютуқ чиққандек гап эди. Клубда ҳозиргача ишлаб келаётган Войтина ва Томаш Бжимек Нголонинг тиришқоқлиги ҳақидаги воқеани оммага тақдим қилишган эди. Таътилга чиқишдан олдин улар Нголога ўйинда унга чап оёғи ва боши панд бераётганлиги, ўз устида ишлаши кераклигини айтишади. Икки ойдан сўнг болакай тўпни боши ва чап оёғида эллик марта уришга эришади.

Ҳаваскор клубнинг кичкина кийиниш хонаси Кантенинг суратлари ва у ҳақида мақолалар чоп этилган газеталар билан тўлиб кетганди. “Сюрен” учун у фахр тимсоли эди. Кантенинг”Кан” га ўтиши жамоага 8 минг евро, “Лестер”га ўтиши эса 240 минг евро келтирди. Раҳбарият бу борада ҳатто мажлис ҳам ўтқазди, ахир шу пайтгача клуб ҳисобига бунчалик катта маблағ тушмаганди-да. Маблағни иккита микроавтобус сотиб олишга ва мураббийлар штабига бир неча одамни қабул қилишга келишилди. Нголонинг “Челси” ва “Сюрен”даги трансферлари олдида киримларни нимага сарфлаш масаласи турарди. Кантенинг пулга бўлган муносабати ҳақида Джейми Варди ўз китобида айтиб ўтган. Канте машғулотларга кеч қолади ва қоидага кўра клубга 100 фунт жарима тўлаши керак эди. У жаримани тўлаш борасида узоқ тортишади, ахири атрофдагиларга шундай дейди: “Африкада одамлар очарчиликдан қийналаётган бир пайтда, қандай қилиб мен шундай арзимас нарсага пул сарфлашим мумкин?” Шу орқали пул хайрияга ажратиладиган булди.

Канте ва қимматбаҳо машиналар

Вардининг эслашича, дастлаб Канте машғулотларга пиёда қатнашни хуш кўрар ва автомобилга эҳтиёж сезмас эди. Премьер-лигада бунақаси кетмаслигини унга тушунтиришгач, у Mini сотиб олади. “Канн”даги вақтларида шериклари машғулотларга қимматбаҳо машиналарда қатнаб юришганида, Канте нарсалари солинган рюкзак ва скутер билан кифояланиб қўя қоларди. Онаси унга бунақа юриш ярашмаслигини уқтиргачгина, минилган Renault маркали машина сотиб олади.

Нголо ўн бир ёшдалигида отаси вафот этган эди. Онаси фаррошлик қилиб, тўққиз фарзандни вояга етказди. Балки, ҳаракатчанлик ва меҳнатсеварлик унга онасидан ўтгандир.“У ўйинда иштирок этар, уйга бораётиб марафонда югурар, кейин дўстлари билан тўп тепишга ҳам улгурар эди”, деб эслайди унинг дўстларидан бири.

Варди: “Машғулотларда тўпни саклаб колишни машқ қиларканмиз (квадрат 11 киши 2 кишига карши),  Нголо қайта ва қайта тўп оширишда атайлаб хато қилаётгандек туюларди баъзида, ўртага кириб тўпни олувчиларга қўшилиш учун. Тўп олишдан ҳеч чарчамасди. У бундан завқ оларди”, деб эслайди.

Унинг бу қилиқлари “Лестер”да “томи кетган” (rash) лақабини олишига сабаб бўлди. Раньери унга бунақа қилмасликни, кучини сақлаши кераклигини  уқтирарди. Нголо боши билан “хўп” ишорасини қилар ва дарҳол ҳаммасини унутиб ўз билганидан қолмасди.

“Кан”да ҳам худди шу ҳолат бўлган. Собиқ сафдошларидан бири буни шундай хотирлайди:” У ҳаммадан олдин, эрталаб саккиздаёқ машғулотга келар ва ҳаммадан кеч чиқиб кетарди. Бу унинг қонида эди. У ҳеч қачон ўзгармайди... У жуда кам гапиради, ўз қобиғига ўралиб олган. Бироқ унинг ички дунёси юзида акс этиб туради. Англияда у ўзидан қандай таассурот қолдирган бўлса, ҳаётда ҳам худди шунақа. У жуда яхши инсон”.

Профессионаллик, маъсулият - оддийдек кўрингани билан ҳамма ҳам бунинг уддасидан чиқа олмайди.  “Сюрен”даги сафдоши икки ҳафтага Кантеникига меҳмонга борганида, ҳеч қачон бунчалар зерикмаганлигини айтади. Нголо машқ қилар, ухлар ва яна машқ қиларди. Сайр-у саёҳат, кўнгилхушлик унга ёт эди.

Ҳар доим Кантени жамоангизга олинг, айниқса FIFAда

“Челси”да FIFA ўйинига ухшаб виртуал машқларни реал ҳаётда иккига бўлиниб ўйнашга қарор қилишади. Куртуа, Азар, Батшуайдан иборат гуруҳ ва Канте, Чалоба, Зума учлиги саватга тўп киритишга беллашишади. Бу ўйинда ҳам Кантенинг омади чопади. Иши юришмаётган Батшуай билан ўрин алмашишганда эса, яна Канте иштирок этаётган жамоа ғалаба қилади. Ҳақиқатан ҳам, ғалаба ҳар доим у билан эди.

Канте ўзини Франция терма жамоасига нолойиқ деб биларди

Франция терма жамоаси таркибида у илк бор 2016 йил 29 мартда, туғилган кунида иштирок этди. Совға чакки бўлмади: Россияни 4:2 ҳисоб билан мағлуб этишди, Нголонинг ўзи ҳам голлардан бирига муаллифлик қилди.

Дастлаб у Малида ўйнамоқчи эди, бу истагини қариндошлик алоқалари билан изоҳларди. “Лестер”да терма жамоадан воз кечиш аҳмоқлик эканини, у ерда имкониятлар кенглигини тушунтиришганида, ўзини Дешам талабларига ўзини нолойиқ деб билишни изҳор қилди.

Канте тимсолида орзулар рўёбга чиқишининг амалдаги исботини кўриш мумкин. Биринчи халқаро баҳсда ҳар доим тақлид қилиб, ҳавас қилиб юргани-Лассана Диарранинг (экс-“Челси”, “Арсенал”, “Реал”, “Локомотив”) ўрнига ўйинга кирди.

Кантега шубҳа билан қарашарди. Унинг ўз-ўзига шубҳаси бундан ҳам кучли эди.

Тиришқоқлиги уни бундай юқори чўққиларга олиб чиқишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. “Булонь”даги дўсти Эрик Ванденебель бир ҳолатни доим завқ билан эслайди:” Нголо билан Европа Лигаси баҳсларини телевизорда томоша қилиб ўтирардик. Куни келиб сен ҳам шунақа ўйинларда қатнашасан, дедим унга. Қўйсангчи, буни орзу қилмасам ҳам бўлади...”

Келаси кузда дўстининг мана шу башорати амалга ошади. Бунга у бешта француз клубларининг рад этишлари, кишиларнинг “бунака бўйи билан футболда натижага эришиб булмайди” деб билдирган шубҳаларига қарамай эришди. Клаудио Раньери ҳам уни премьер-лигага тайёр эмас, деб ҳисобларди. Рияд Марез ва Джейм Вардини “ернинг тагидан суғуриб олган” скаут Стив Уэлш ўзини гапида қаттиқ турди. Нголонинг бир неча кунлик машғулотларидан сўнг Раньери Уэлшга шундай деди: ”Ҳеч қачон менинг гапларимга қулоқ солма. Мен нима деяётганлигимни ўзим ҳам билмайман...”

Саодат Абдурахманова таржимаси

Манба: sports.ru