Расман! Ғофуров еврокубокларда ўйнайдиган жамоага ўтди

16 июнь,2017, 09:18 1297

Расман! Ғофуров еврокубокларда ўйнайдиган жамоага ўтди

Бир неча йиллардан буён Сербиянинг «Явор» клубида тўп суриб келаётган Ҳусниддин Ғофуров энди фаолиятини Сербиянинг «Младост Лучани» жамоасида давом эттиради. Бу ҳақда «Младост» расмий сайти хабар бермоқда.

Тўрт йил давомида иваницаликлар сафида муваффақиятли тўп суриб келган ҳамюртимиз янги жамоаси расмий сайти учун қисқа интервью бериб ўтди.

«Тўрт йил Иваницада ўйнаганимдан сўнг Лучанга кўчиб ўтишга қарор қилдим. Мен Сербиянинг кучли жамоаларидан бирига ўтганимдан ва мураббий Ненад Милованович билан ишлаш бахтига муяссар бўлганимдан бахтиёрман. Бизни қийин мавсум кутмоқда. Аммо бу қийинчиликларни енгиб ўта оладиган жамоамиз деб ўйлайман», – деб айтиб ўтди ҳамюртимиз.

Ўтган мавсум якунларига кўра, жамоа Сербия Супер лигасида 4-ўринни эгаллади ва Европа лигаси 1-саралаш босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Клуб янги мавсум олдидан ўз таркибига бир қатор янги футболчиларни ҳам қўшиб олди. Ганалик ҳужумчи Бисмак Апиа хамда маҳаллий футболчи Ненад Маринковичлар шулар жумласидан.

Маълумот учун Европа лигаси биринчи саралаш раунди 19 хамда 29 июнь кунлари бўлиб ўтади.