Равшан Ҳайдаров: Жамоада рақобат йўқ. Аммо иккинчи даврада ўзгариш бўлади

Бугун Тошкентдаги "Пахтакор" марказий стадионида Олий Лига 7-турининг марказий баҳси бўлиб ўтди. Унда Тошкентнинг икки клуби "Пахтакор" хамда "Локомотив" жамоалари майдонда кураш олиб боришди. Тенг курашлар остида кечган ўйин "темирйўлчилар"нинг 1:2 ғалабаси билан якунланди.

Ушбу учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "Пахтакор" бош мураббийи Равшан Ҳайдаров иштирок этди ва журналистлар саволларига жавоб берди:

- Қизиқарли ва шиддаткор ўйин бўлди. Барча жабҳаларда ўйин давомида "Локомотив" билан тенг кураш олиб бордик. "Локо"нинг захирадан тушган футболчилар ўйинни кучайтира олишди. Афсуски, учрашув сўнггида имкониятни бой бердик. Футболчиларнинг қизиққонлиги бизга қимматга тушди. 

Футболчиларнинг интизоми борасида нима дея оласиз?

- Мен ҳозир шу борасида ишламоқдаман. Ташқаридан қараганда бу масалалар ҳал этилаётгандек. Машғулотларда ҳаммаси яхшидек. Аммо ўйинда кўриб турганингиздек рўй бермоқда. Кўриб турганингиздек, ёшлар билан ўйин ўтказмоқдамиз. Мен ҳам хоҳлардим рақобат бўла оладиган футболчиларни кўп бўлишини. Аммо жамоада рақобат йўқ. Лекин ёмон ўйин намойиш этмадик. Кучимизни тўғри баҳолагандик. Пенальтини уролмадик. Вазиятларни ижобий якунлай олмаяпмиз. Ёшларга имконият берганимизда улар ҳам жароҳат оляпти. Тўғри, барчасига мураббий жавоб беради. Аммо ҳозирги ҳолатимиз шу.

Равшан ака сизни доим оғир аҳволда таклиф қилишади. Бунга қандай қарайсиз?

- Бу менга ҳам оғир. Аммо "Пахтакор"нинг таклифини йўқ дея олмайман. Чунки бу ерда мен ва жамоани кўп нарса боғлаб туради. Албатта, биринчи даврада жамоада ўзгаришлар бўлади. Ўшанда ким бу ерда ишлашини билмайман. Ижарадаги футболчиларимизни ҳам қайтарармиз. Аммо буни вақт кўрсатади.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!