Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон U-22 терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди

 

Ўзбекистон U-22 терма жамоасига янги бош мураббий тайинланди. Тошкентнинг “Пахтакор” клуби устозига айланган Жасур Абдураимов ўрнини Ўзбекистон ёшлар термасида Равшан Ҳайдаров эгаллади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди. 

Мураббийлик фаолияти давомида Равшан Ҳайдаров “Трактор” (1997–2001), “Пахтакор” (2002, 2006–2007, 2010–2011, 2017), “Қизилқум” (2012–2013), Самарқанднинг “Динамо” (2013–2014) клубларида бош мураббий бўлиб ишлаган.

Унинг қўли остида “Пахтакор” икки мартадан Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида ғолиб чиққан. Шунингдек, Равшан Ҳайдаров 2002–2005 йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи, 2007–2010 йилларда “Пахтакор” клубида бош мураббий ассистенти, 2014–2015 йилларда Ўзбекистон U-19 термаси устози лавозимида фаолият юритган.

2015 йилдан буён эса 55 ёшли мутахассис Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штабида ишлаб келаётган эди.

Маъулмот учун, Ўзбекистон U–22 терма жамоаси шу йилнинг 15–23 июль кунлари 2018 йили Хитойда бўлиб ўтадиган U-23 Осиё чемпионатига саралаш босқичида иштирок этади. Саралаш босқичи учрашувлари БААда бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!