Равшан Ҳайдаров: Тактика учун аввало, сабр керак

3 август, 19:30 331

Равшан Ҳайдаров: Тактика учун аввало, сабр керак

 

Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионати-2018 саралаш турнирида муносиб иштирок этди. Муҳими, анча жиддий руҳ касб этган мусобақа футболчиларимиз учун омадли келди - 3та ўйин ва шунча ғалаба. Аввалига Ливан термаси мағлуб этилди (3:1), кейин Непал ва БАА жамоалари устидан бир хил кўринишда ғалабага эришилди - 2:0. Айниқса, сўнгги турда БАА ёшлари билан бўлган ўйинда қайд этилган ғалаба мухлисларни беҳад қувонтиргани аниқ. Зеро, БАА футболи охирги йилларда айнан ёшлар тоифасида арзирли натижаларга эришаётган эди. Хўш, Ўзбекистон термаси бу масалада саралашдаги асосий рақибидан ўзиб кетганми ёки ғалабада бошқа сабаблар ҳам бор? Бош мураббий Равшан Ҳайдаров билан сафар таассуротлари юзасидан уюштирган суҳбатимиз шу ва бошқа масалаларни қамраб олди.

УМУМИЙ ТААССУРОТ

Равшан ака, аввало, саралаш раундидаги ғалаба билан табриклаймиз. Суҳбатимиз бошида мусобақа таассуротлари ҳақида гапириб берсангиз.

- Ҳар қандай саралашда бўлгани каби бунисида ҳам олдимизга битта вазифа қўйилганди - йўлланма ютиш. Буни ишончли тарзда уддалаганимиздан хурсандман. Аслида ўйинлар анча жиддий руҳда кечди. Боз устига, ёзнинг жазирамасида Амирликларда майдонга тушишнинг ўзи осон эмас. Муҳими, йигитларни бундай шароитда ўйнашга муносиб тайёрлангандик. Айниқса, Қатарда олиб борилган йиғин катта ёрдам берди. Чунки у ерда худди БААдаги об-ҳаво шароитида шуғулландик. Бу якунда самарасиз кетмади.

Табиийки, БАА термаси устидан қозонилган ғалаба мухлисларни алоҳида шодлантирди. Бинобарин, бу жамоа ёшлар футболида анча обрўли саналади. Хўш, рақиб ҳақида қандай фикр билдирасиз?

- БАА ёшлар термасининг ҳозирги таркиби ҳам жуда кучли. Амирликлар билан аввал ҳам Осиё чемпионатида ўйнаганмиз. Шу боис, уларни яхши билардик. Ўз навбатида, мезбонлар ҳам бизнинг ўйиндан хабардорлар. Айтиш жоиз, рақибнинг айни таркибига бир қатор кучли футболчилар қўшилишгани яққол сезилди. Тўғри, бизга қарши ўйнаганлар орасида Аҳмад Халил ёки Умар Абдулраҳмон даражасидаги иқтидорлар кўзга ташлангани йўқ. Аммо шунга қарамай, жамоа ихтиёрида етарли салоҳиятга эга йигитлар бор. Хуллас, БААда ҳамон Осиё даражасида кучли жамоа шакллантириш ишлари давом эттирилмоқда.

Хулоса ўрнида «БАА ёшлар термаси кучли, аммо бизники ундан-да кучлироқ», дейиш мумкинми? Ахир рақиб ўз уйида мағлубиятга учратилди...

- Йўқ, бундай хулоса чиқариш ярамайди. Такрор айтаман, БАА ёшлар термаси ҳозир ҳам кўп нарсаларга қодир. Ғалабамизга келсак, бизга тўғри танланган стратегия ва тактика асқотди. Яна мусобақа давомида кучни тенг тақсимлашга ҳаракат қилдик. Дейлик, Ливан термаси устидан ғалаба қозонгач, непалликлар билан баҳсда имкон борича ротацияга қўл урдик. Яъни бир қатор футболчиларга дам берилди ва улар БАА термасига қарши ўйин олдидан нафас ростлаш имкониятига эга бўлишди. Менимча, айни шу ҳолат ҳам фойдамизга ишлади. Чунки рақиб барча ўйинда деярли бир хил таркибга таянди ва ҳал қилувчи ўйингача кўпроқ куч йўқотганди. Ҳар ҳолда, 1-2 футболчи алмаштирилганини айтмасак, БАА термаси 3та ўйинда ҳам битта таркиб билан ҳаракатланди. Биз аксинча, кучни тўғри тақсимлашга уриндик ва охирги ўйинда шу устунликдан фойдаландик. Умуман, барча учрашувларда имкон қадар ақлга таянган ҳолда ўйнашга интилдик. Демоқчиманки, рақибни обдон югуртириб, чарчатганимиздан сўнг ўйин боришини тўлиқ назоратга олдик. Мисол учун, мезбонлар биз билан ўйинда 2тагина қўпол хатога йўл қўйишди ва тезкор футболчиларимиз гол уришни пайсалга солишмади. Қисқаси, барчаси пухта ўйлангани учун ҳам ғалабага эришдик. Яна ўйинчи алмаштиришлар ҳам эффект­ли чиқди. Бу борада етарли тажрибага эгамиз ва буни амалда исботладик.

РОТАЦИЯ

Айнан ротация масаласида савол: мана, футболчи алмаштиришдан унумли фойдаланилгани ҳисобига муваффақиятга эришилганини таъкидлаяпсиз. Аммо аксарият мусобақаларда жамоаларимиз мураббийлари бир хил таркибдан фойдаланаверишгани боис, мағлубият қайд этилганини кўп кўрганмиз.

- Бунинг бир қатор сабаблари йўқ эмас. Ҳозирги Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида бемалол ротациядан фойдаланиш имконияти бор. Қўл остимда тенг кучга эга 2та таркиб йиғилгани боис, Непал термасига қарши баҳсда баъзи футболчиларга дам беришдан чўчимадим. Аслида ёшлар ва ўсмирлар футболида бунақаси кам учрайди. Кўпинча асосий таркибдагилар савия бобида яққол ажралиб туришади ва захирадан фойдаланиш имконияти пасаяди. Мураббийлар имкон даражасида изланишади. Асосий таркиб вакиллари билан бемалол беллашадиган футболчилар бор экан, нима учун ротация қўлламаслик лозим? Камига жазирама иссиқда кунора майдонга тушишга тўғри келса. Албатта, ҳамма кўпроқ футболчини майдонга туширишни истайди, аммо доим ҳам бунга имкон туғилавермайди. Мана, Осиё чемпионати саралашида захира ўриндиғимиз «узун»лиги қўл келди. Агар таркибда кучли футболчилар сафи кенг бўлса, бу муаммо эмас.

Достонбек Ҳамдамов ва Рустам Ашурматов жароҳат туфайли саралашда иштирок этишмади. Бу футболчиларнинг термадаги келажаги ҳақида нима дея оласиз?

- Иккиси ҳам жамоага асосий номзодлардан ҳисобланади. Афсуски, улар  жароҳат ва соғлик билан боғлиқ муаммолар сабаб, саралашдан четда қолишди. Агар сафда бўлишганда, албатта, жамоага таклиф этардик. Умуман, Достон ва Рустамнинг термада ҳали кўп ўйнашларига ишонаман. Биз бу сафар таркибни асосан 1995 ва 1996 йилларда туғилган футболчилардан шакллантиришга ҳаракат қилдик. Шунингдек, 1997 йили таваллуд топган ўйинчилар орасида энг иқтидорларини ҳам жалб этдик. Жамоада етарли рақобат мавжуд. Шу курашда устун келганлар термадан албатта, жой олишади.

САБР

Футболчиларга ўз ғояларингизни етказишда муаммо учрамаяптими? Ҳар ҳолда, жамоада мураббий алмашган вақт бу осон эмас.

- Ҳеч қандай муаммо йўқ. Чунки бу йигитлар билан аввал ҳам ишлаганман, дейлик, 1995-1996 йилларда туғилган ўйинчиларни жаҳон чемпионатига олиб боргандим. Демак, бир-биримизни аввалдан яхши биламиз. Ҳар қандай тактикани жорий этишда сабр катта ўрин тутади. Футболчилар ўйланган режага тоқат билан амал қилишлари лозим. Ҳозир уларда тактик билим даражаси анча ошди ва кўрсатмаларни сифатли бажаришмоқда. Ёшлик вақтларида эса шу масалада муаммолар учрарди. Мисол учун, баъзи учрашувларда қизиққонлик билан ҳовлиқиб ўйинга киришиб кетишар, бунинг оқибатида эса хатолар юзага келарди. Энди футболчилар бироз улға­йишди ва ақлга таяниб ҳаракатланишни ҳам ўрганишди. Хусусан, БАА термасига қарши кечган ўйинда аввалги камчиликларни тўғрилай олдик. Шундай кучли рақиблар билан баҳсларда, боз устига, оғир об-ҳаво шароитида услуб ва тактика шаклланади. Ёшлар футболига боғлиқ битта камчилик бор -  ҳовлиқиш. Ваҳоланки, футболда ҳам ақл биринчи ўринда туради. Хитойда ўтадиган Осиё чемпионати бу ёш тоифасидаги жамоамиз учун сўнгги халқаро мусобақа бўлади. Шундан сўнг таркибда фақат 1997 йил ва ундан кейин туғилган ўйинчилар қолиб, кейинги циклга тайёрлана бошлайдилар. Шуни назарда тутиб, йигитлар билан алоҳида суҳбатлашиш асносида ҳаммасини тўғри тушунтиришга интилдик. Халқа­ро тажриба жуда зарур. Мана шундай ўйинлар келажакда миллий жамоага чиқишда кўприк вазифасини ўташи мумкин. Яна футболчининг хорижга йўл олишига ҳам ёрдам беради. Уларга бу гапларни тўлиқ етказа олдик, деб ўйлайман. Ишонаманки, шогирдларим Осиё чемпионатида ҳам ўзларини кўрсатишади. Ахир бундай имконият ҳар доим ҳам юзага келавермайди.

ЭСКИ ЖАМОА

Бу жамоани Жасур Абдураимовдан қабул қилиб олдингиз. Унинг йигитлар билан анча-мунча иш олиб борганига гувоҳ бўлганмиз. Бошқарув сизга топширилгач, нималарни ўзгартирдингиз ёки аксинча, сақлаб қолдингиз?

- Мен учун Ўзбекистон ёшлар термаси бегона эмас, боя айтдим, жаҳон чемпионатида бирга иштирок этганмиз. Шу боис, кўп нарсани ўзгартиришга ҳожат сезилмади. Жасур Абдураимов 1997 йили туғилган футболчилар билан аввалдан ишлагани учунми, таркибга асосан уларни  жалб қилаётганди. Мен эса 1995-1996 йилларда туғилган ўйинчиларга ҳам эътибор қаратдим. Шу билан бирга 1997 йили таваллуд топганлардан энг иқтидорларини ҳам чақиряпман. Шундай экан, ҳеч қандай муаммо кузатилмаяпти - ҳаммаси бир маромда давом этяпти.

Энди жамоангиз келаси йили Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати финал раундида иштирок этади. Бироқ бўлажак мусобақа ҳеч қандай йирик турнирга йўлланма бермайди. Балки шунинг учун 1997 йили ва ундан кейин туғилган ўйинчиларга кўпроқ аҳамият қаратиб, Олимпиада-2020 учун курашадиган таркибга тажриба тўплаш имконини берган маъқулдир?

- Бу ҳолда Ўзбекистон миллий жамоасига энг яқин номзодлар ҳисобланган 1995 ва 1996 йилларда туғилган футболчилар тақдири нима бўлади? Улар ўз ёш тоифаларидаги мусобақада иштирок этиш ва халқаро тажриба тўплашга ҳақлилар. Бу тажриба кейинчалик ўзларига ҳам, футболимизга ҳам наф келтириши аниқ. Боз устига, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати анча жиддий мусобақа. Унда ўзбек футболи шаъни учун курашилади. Демак, муносиб иштирок этиш шарт. Яна 3 йилдан сўнг Олимпиада саралашида қатнашадиган таркибга келсак, ҳозир ёшроқ футболчиларни ҳам йиғинларга чақириб, энг кучлиларини саралаб  оляпмиз. Шундай экан, тажриба тўплаш масаласида муаммо бўлмайди, менимча.

 

Манба: interfutbol.uz