Равшан Ҳайдаров: Тайланддаги мусобақадан ОЧга тайёргарлик кўриш учун фойдаланамиз

 

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Тайландда бўлиб ўтаётган "M-150 Cup" мусобақаси ҳақида фикр билдирди.

"Бизга бу мусобақада қатнашиш таклифи берилганда бажонидил рози бўлдик. Чунки Тайланддаги турнир орқали январь ойида Хитойда бўладиган Осиё чемпионатига тайёрланиб олишни мақсад қилган эдик.

Айни вақтда кунига икки маҳал машғулот олиб борилмоқда ва футболчиларнинг тайёргарлик даражасини Мьянма ва Вьетнамга қарши ўйинлар орқали кўриб олмоқчимиз. Айнан шу сабабга кўра мусобақа ташкилотчиларидан илтимос қилиб, захира алмаштиришлари сонини учтадан олтитага кўпайтирдик. Биз имкон қадар кўпроқ футболчиларни синовдан ўтказишни мақсад қилганмиз.

Футболчиларнинг спорт формасини Осиё чемпионатига қадар юқори даражага олиб чиқиш керак. Айни вақтда улар оптимал формада бўлмаслиги табиий. Бизнинг бу мусобақадан мақсадимиз ҳам уларнинг спорт формасини кўтариш ва ўйин амалиётини таъминлаб бериш.

Бизда мавсум яқинда якунига етди. Айнан шу сабабга кўра "Бунёдкор" билан Ўзбекистон Кубоги финалида ўйнаган Достонбек Ҳамдамов ва Рустам Ашурматовлар алоҳида дастур бўйича тайёрланяпти. Отабек Шукуров, Миржамол Қосимов ҳамда Акром Комилов учун ҳам махсус дастур ишлаб чиқилган.

Шунингдек Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинида бўлган Одил Ҳамробеков ҳам ҳозирча майдонга тушишга тўлиқ тайёр эмас. Бу футболчилар Хитойда бўладиган қитъа биринчилигига оптимал формада бориши лозим.

Тайландда бўладиган йиғинда терма жамоа таркиби ва ўйинини шакллантириш давом этмоқда. Бу мусобақа Осиё чемпионатига тайёргарликда қўл келишига ишонаман", - дейди Равшан Ҳайдаров.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!